САНЪАТКОРЛАР ҲАМКОРЛИГИ
27 февраль куни Ўзбекистон билан Қирғизистон орасида маданият ва санъат алоқаларини янада ривожлантириш учун Бобур номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ижодий жамоаси Андижон вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонлар Андижон вилояти мусиқали драма театрида тантанали равишда кутиб олинди.
Шундан сўнг икки театрнинг “Ҳамкорлик меморандуми” имзоланди. Унда иккала театр ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали драматурглар, режиссёрлар, рассомлар, актёрлар хизмати ва тажрибаларини алмашиш, ҳамкорликда саҳна асарлари яратиш, халқаро фестивалларда иштирок этиш, гастроллар уюштиришда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
Соат 14-00 да Андижон вилояти мусиқали драма театри томоша залида Қирғиз Республикаси Бобур номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театри қошидаги мақом ансамбли томонидан “Мақом кечаси” ўтказилди. Тадбир олдидан Андижон директори Б.Ҳамидов ва Ўш театри директори А Абдураззоқовлар сўзга чиқиб, маданий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аҳамияти хақида гапириб, эсталик совғалари алмашдилар. Шундан сўнг, санъаткорлар, ташриф буюрган томошабинлар эътиборига ўзбек мақом намуналари, куй ва қўшиқлар тақдим этилди. Тадбир барчага манзур бўлди.
Барно Исоқова