Кескин чоралар зарур: Самарқандда 9 киши бир ўқувчи қизни зўрлашда гумонланмоқда

Авваллари кўпроқ Қирғизистонга хос бўлган бу жирканч жиноят Ўзбекистонда ҳам тез-тез аниқлана бошлади.

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчисини ўғирлаш ва зўрлашда 9 нафар эркак гумон қилинмоқда. Улар орасида ҳозирда ишдан ҳайдалган маҳаллий прокуратура ходими ҳам бор. Зўравонликда гумонланаётганларнинг саккиз нафари қўлга олинган, яна биттаси қидирилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz» нашрига маълум қилишича, жабрланган қиз Самарқанд вилоятига қарашли Қўшработ тумани мактабларидан бирида 8-синфда ўқийди. Бу ҳақда биринчи бўлиб, 13 ноябрь куни зўравонликка қарши курашишга ихтисослашган Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берган. Бу лойиҳа кўплаб дунё давлатларида фаол иш олиб боради.

Маълум бўлишича, қизни 23 сентябрь куни ўғирлаб кетишган. Воқеа тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас. Бир неча кун ўтгачгина бу воқеа бўйича қизнинг яқинлари ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишган. Мактаб ўқувчиси икки ҳафта ўтгач, 6 октябрь куни топилган ва унинг танасида зўравонлик излари бор экани қайд қилинган.

Қизнинг гапларига қараганда, ҳозирча исмлари ва ёши ошкор қилинмаган эркаклар уни калтаклашган, спиртли ичимликлар ва бошқа тақиқланган моддаларни истеъмол қилишга мажбурлашган. Ўқувчи қизни улар ўз ихтиёрига қарши ушлаб туришган ва унга жинсий зўравонлик кўрсатишган. Nemolchi.uz лойиҳаси қизни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга масъул бўлган давлат идоралари “ўз вазифаларига нопрофессионал ёндашишган ва кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйишган”ини иддао қилади.

Дастлабки тергов, суд-тиббий ва биологик экспертизалар ўтказилгач, 31 октябрь куни Иштихон тумани прокуратураси (демак, ўғирлаб кетилган қиз мана шу туман ҳудудида ушлаб турилган ва зўрланган) томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Моддада ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш ҳақида гап боради.

Ўқувчи қизни ўғирлаш ёки ихтиёрига қарши бошқа жойга олиб кетиш бўйича иш очилгани ҳақида маълумот йўқ.

Тергов ва тезкор қидирув ҳаракатлари давомида саккиз нафар шахс, жумладан, эндиликда собиқ прокуратура ходими ҳибсга олинган. Яна бир гумонланувчини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда. Жиноят иши бўйича терговнинг бориши устидан Бош прокуратура назорат ўрнатгани маълум.

Вояга етмаган, ҳаттоки ёш болаларга нисбатан ҳам жинсий зўравонлик ва номақбул жинсий ҳаракатлар қилиш ҳоллари Қирғизистонда тез-тез аниқланиб, ошкор қилиб турилади. Мамлакатда кўп йиллардан бер бундай зўравонларга қарши энг қаттиқ жазо усулларини қўллаш таклиф қилиниб келади. Кимдир зўравонларни жарроҳлик йўли билан бичиб қўйишни таклиф қилса, бошқалар уларга умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси беришни талаб қилиб келишади.

Жазо чоралари кучайтирилган эсада, ҳозирча юқорида айтилган таклифларнинг бирортаси жорий қилинмаган. Зўравонлик ҳоллари эса камаймаяпти. Маълумотларга кўра, зўравонликни аксари ҳолларда ўсмир ва гўдакларнинг яқинлари амалга оширишади. Жабрланган болалар кўпчилигининг ота-онаси бошқа давлатларга ишлагани кетиб, фарзандларини қариндошларига ташлаб кетишгани ҳам маълум. Улар эса, ё болалар тақдирига бепарволик қилишади, ёки ўзлари зўрлик қилишади.

Агар бу ҳолатлар бўйича кескин чоралар кўрилмаса, муаммо янада чуқур илдиз отиб кетиши турган гап. Афтидан, зўравонларни инсофга чақириш ва уларга нисбатан тушунтириш ишларини олиб бориш умуман натижа бермаяпти. Профилактика ишларини инкор қилмаган ҳолда кескин жазо чоралари қўлланмаса, аҳволнинг ўнгланишига умид йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди, мақолага бевосита даҳли йўқ

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг