Орол тақдирини қайталамасин: Қирғизистонда Иссиқкўл тақдири ҳақида бонг уришди
Қирғизистоннинг марвариди аталган бу ноёб тоғ сув ҳавзасининг қирғоқлари тобора ичкарига чекинмоқда.
Қирғизистон парламенти депутати Балбақ Тулобаев Иссиқкўл кўлининг йил сайин қуриб бораётганини айтиб, бош вазирдан бу масалани ҳал қилиш учун қандай чоралар кўрилаётганини сўради. Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг берган жавобига кўра, мамлакатда кўлни сақлаб қолиш учун миллий дастур ишлаб чиқилмоқда.
“Иссиқкўлга Қарқира дарёсидан сув келмай қолди. Авваллари Қўчқор дарёси ҳам келиб қуйиларди [энди у ҳам йўқ]. Булоқларнинг сувларини фермерлар ишлата бошладилар. …Биз қуриб қолган Орол денгизи тақдирини қайталамаслигимиз керак”, – деди Жапаров.
Бош вазир ушбу муаммога бағишланган халқаро анжуман ўтказиш режалаштирилгани ва унга бутун дунёдан олимлар таклиф этилишини маълум қилди. Ана шу анжуманда давлат бу муаммонинг олдини олиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини ўртага ташлайди. Анжуманнинг қачон ўтишини Жапаров айтмади.
Қирғизистоннинг туризм соҳасидаги асосий салоҳиятини ташкил қилган Иссиқкўл охирги йилларда тобора “кичрайиб” бормоқда. Бу ҳақда расмий маълумотлар кам, лекин кўлга бориб юрган одамлар сувнинг аввалги чегаралари анча ичкарига кириб кетганини пайқаши мумкин. Бунгача турли экологик ташкилотлар ва олимлар сувдан унумли фойдаланиш орқали Иссиқкўл сувининг камайиб боришини тўхтатишни таклиф қилишган. Бироқ бу борада кўзга кўринарли ишлар қилинганича йўқ.
Иссиқкўл – вилоят халқининг машғулоти бўлган туризм объекти бўлиб, маҳаллий аҳолининг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Ёзги дам олиш (чўмилиш) мавсуми бўлгани 1,5-2 ой давом этади ва мана шу мавсумда олинган даромад билан иссиқкўлликларнинг асосий қисми бир йил яшашга мажбур.
Иссиқкўл денгиз сатҳидан 1607 метр баландликда жойлашган тоғ кўли. Унинг номи сувининг қишда ҳам музламаслиги билан боғлиқ. Сув қатлами қалинлиги сабабли у музлайдиган даражада совиб улгурмайди. Қолаверса, унинг атрофи иқлими ҳам жуда мўътадил. Ёзда чўмилгани келганлар унинг атрофидаги тоғларда қор ётганини кўриши мумкин. Кўлнинг сирли бир томони шундаки, унга 80га яқин турли хилдаги катта-кичик сой ва ирмоқлар оқиб киради, лекин сув бирор жойдан оқиб чиқиб кетмайди. Олимлар кўл суви унинг остида жойлашган ерости ирмоқлардан чиқиб кетади деб тахмин қилишади.
Кўл сувининг бир неча ўн йиллар орасида доимий равишда кўтарилиб ва камайиб туриши кузатилган. Бу жараён 200 йилча аввал бошланган. Суви ўта шўр эмас (минерализация даражаси — 5,8-5,9 % атрофида). Ёзда сув остини 20 метр чуқурликда ҳам кўриш мумкин, қишда эса сувнинг шаффофлиги 47 метргача етади. Кўл сувининг сатҳи 6236 км² бўлса, ўртача чуқурлиги 278 метрни ташкил қилади. Энг чуқур жойи 668 метрга тенг экани аниқланган (авваллари 702 метр ҳисобланган). Кўлнинг узунаси ғарбдан шарққа қараб 182 километрга чўзилган, эни эса, жанубдан шимолга қараб 58 километрга тенг.
Бугунги кунда деярли тўла қуриб бўлган Орол денгизи суви ҳам оқиб чиқиб кетмас эди. Номигина қолган бу денгиз Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида жойлашган. Унга келиб қуйиладиган Амударё ва Сирдарё сувлари янги ерларни ўзлаштириш учун воҳаларга буриб юборилгач, Оролнинг суви 1960-йиллардан тортиб тез пасая бошлаган ва бугунги кунда денгиз ўрнини шўр қумликлар эгаллаган. Орол тақдири Ер сайёрасининг энг фожиали экологик муаммоларидан ҳисобланади.
Қурий бошлагунга қадар Орол денгизи дунёдаги энг йирик кўлларнинг тўртинчиси ҳисобланган. Ўшанда у ерда балиқчилик саноати жуда ривожланган эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди