Маҳаллий кенгашларга сайловлар: сайловчилар жуда пассив, айниқса шаҳарларда

Қирғизистонда 17 ноябрь куни барча маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.

Республика Марказий сайлов комиссияси (МСК) эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, овоз беришда барча сайловчиларнинг 27,83 фоизи иштирок этган. Бу рўйхатга олинган 4,1 миллион сайловчидан атиги 1,1 миллиони овоз берди деган сўз. Қишлоқлардаги сайловчилар нисбатан фаолроқ экани маълум бўлди. Қишлоқ кенгашларида сайловчиларнинг 30 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, шаҳар кенгашларига ссайловларда сайловчиларнинг атиги 24,25 фоизи қатнашган. Охирги пайтларда мамлакатда кўзга ташланаётган сиёсий пассивлик сайловларда ҳам намоён бўлди.

Мамлакат иккинчи пойтахти ҳисобланган Ўш шаҳри кенгашига сайловларда жами 5 партия иштирок этиб уларнинг барчаси кенгашда ўз ўринларига эга бўладилар. Ушбу партияларда 27 нафар ўзбек миллатига мансуб шахслар ўз номзодларини кўрсатдилар. Ҳозирча уларнинг қанчаси ўтгани ноъмалум.

Дастлабки маълумотларга кўра, «Жани Қирғизстан» партияси 23 256, овоз олган бўлса, «Интимақ» — 10 862, «Мурас» — 8 099, «Милдет» — 5 305 ва «Бир Бол» партияси 5 509 овозга эга бўлди. Бу рақамлар МСК томонидан тасдиқланса, «Жани Қирғизстан» энг кўп – 22 мандатга эга бўлади. Кейинги партиялар эса кўрсатилган тартибда 10, 8, 6 ва 5 мандатга эга бўладилар. Ўш шаҳар кенгашида жами бўлиб 51 нафар депутат бўлади.

Бишкек шаҳар кенгашига эса “Жани куч” партияси лидерлик қилиб, 16 мандатни қўлга киритиб турибди. Ундан кейин “Эмгек” (12 мандат), “Адилет” (9), “Интимақ” (8) ва “Эл умуту” (6) партиялари бормоқдалар. Эслатиб ўтамиз, МСКга маълумот тўлиқ тушганидан кейин бу рақамлар бироз ўзгариши мумкин.

Кузатувчилар сайловларнинг аввалгиларига нисбатан тинч ўтганини эътироф этдилар. Бу фикрни сайловга қатнашган маҳаллий сайловчилар ҳам билдиришди. Қўпол равишда қонун бузганлар ёки тартиб бузганлар кузатилмаган. Сайловчилар навбат билан кириб, ўзлари танлаган номзодга овоз беришди. Сайловда иштирок этган ўшлик Абдусалом ака: “Навбатим келгунича, келаётганларни кузатиб турдим. Аввалгидай тўполон йўқ. Секин кириб, овоз бериб чиқишяпти. Демак, сайловни яхши уюштиришган”, – деди.

Ўшлик яна бир сайловчи Назира Ғуломова ҳам бу сайлов бошқаларига нисбатан анча ҳотиржамликда ўтганини таъкидлади.

“Муносиб инсонни, партияни сайладик, деб ишонаман. Халқнинг нонини еб, шаҳар бюджетини талон-тарож бўлишига йўл қўйишмаса бўлгани. Оддий аҳоли қийналмаймиз, деган умиддамиз”, – дейди у.

Сиёсий таҳлилчи Жолдошбек Ботоноев 33 йилдан буён биринчи марта шаффоф ва тинч сайлов ўтганини, сайловчиларга яратилган шароитлар ҳам аввалгиларидан анча фарқ қилганини таъкидлади. Мана шу сайловдан кейин жамиятда сиёсий кўз караш, сиёсий маданият шаклланаётганини кўриш мумкин, дейди у.

“Ўқитувчиларни, талабаларни масъул қилиб, сайлов куни шунча одамни олиб борасан, деган ҳолатлар кузатилмади. Авваллари сайловларда машина-машина одам ташилар, спортчи йигитлар эшик олдида туриб олишар, кўплаб тартибсизлик ҳолатларини кўриш мумкин эди. Бу сайловда ҳаммаёқ тинч бўлди. Аммо овоз берувчилар кам бўлди”, – дейди таҳлилчи.

Қирғизистонликлар 33 шаҳар ҳамда 231 қишлоқ кенгашларига депутатларни сайладилар. Сайловларда иштирок этиш учун умумий ҳисобда 4928 номзод ва 39 партия рўйхатдан ўтган. 33 шаҳар кенгашидаги 1000 га яқин ўрин учун 5 мингга яқин номзод курашди. 231 қишлоқ кенгашларига 10 мингга яқин фуқаро 5 мингдан ортиқ мандат учун кураш олиб борди. Сайлов куни овоз бериш учун Ўш шаҳрида 102, вилоят ҳудудларида 492 сайлов участкаси ишлади. Ўш шаҳар кенгашида 51 депутатлик мандати, вилоятдаги 58 ҳудудий кенгаш билан 3 шаҳар кенгашида умумий 1 541 депутатлик ўрни бор. Бунгача маъмурий-ҳудудий ислоҳот натижасида баъзи шаҳарлар билан қишлоқлар кенгайган.

Антон Лопатин

Россия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Антон Лопатин Қирғизистонда маҳаллий кенгашлар депутатларини сайлаш жараёнини кузатиб, ўз фикрини баён қилди.

“Биз 11 та участкада бўлдик, сайлов комиссиялари аъзоларининг юқори касбий маҳорати, участкаларнинг техник жиҳозланиши, сайлов жараёни аъло даражада ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Маҳаллий кузатувчилар ва халқ билан маслаҳатлашганимиздан сўнг, уларнинг белгиланган меъёрларга амал қилишига ишонч ҳосил қилдик. Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз томонидан қўлланилган нарса одамларнинг овоз беришига лойиқдир, – деди Лопатин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг