Ўшлик етмиш икки ёшли жаҳон чемпиони Саидфозил Муҳаммедов рекордини янгилади

Бишкекда ўтган мусобақаларда спортчи ўз рекордини янгилаб, яна бир карра олтин медални қўлга киритди.

 

Халқ орасида “топган гул келтиради, топмаган бир боғ пиёз”, деган чиройли ибора бор. Ютуқлари бутун халқимизни қувонтирадиган бир юртдошимиз билан суҳбатда бўлиб, бошқалар қалбига ҳам мамнунлик туйғуларини бахш этади, деган ўйда суҳбатни “Оқбура” сайти мухлисларига илиндим. Бу мақсадда Ўш шаҳрида қаҳрамонимиз машғулот олиб борадиган залга келдим.

Қаршимда ўтирган ҳамюртимиз, 72 ёшли Саидфозил ака Муҳаммедовга фахр ва ифтихор ила боқаман. У Қирғизистон пойтахтида оғир атлетика бўйича ўтган мусобақалардан катта ёшдагилар ўртасида олтин медал билан жаҳон чемпионати рекордини янгилаб қайтди. Қуйида қаҳрамонимиз билан суҳбатнинг видео ёзувини кўриш мумкин.

 

Саидфозил ака Муҳаммедов ҳозирги тушунчалар бўйича кекса ёшда бўлишига қарамай, оғир атлетиканинг пауэрлифтинг тури бўйича бир йилда икки марта жаҳон чемпиони мақомига эришган спортчи. Пауэрлифтинг, инглизча power — „куч, қувват“ ва lifting — „кўтариш“ сўзларидан олинган бўлиб, катта куч талаб этиладиган спорт тури ҳисобланади. Оғир штангаларни кўтаришдан иборат бу спорт, уч кураш (троеборье) деб ҳам юритилади.

Ўтган йилнинг декабрида юртдошимиз Москвада ўтказилган халқаро мусобақаларда биринчи бор жаҳон чемпиони номини олишга муваффақ бўлган эди. Шу йилнинг 26-27 октябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишекда ўтказилган пауэрлифтинг тури бўйича катта ёшдагилар ўртасидаги беллашувда 140 кг. вазнда юкни кўтариб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди ҳамда аввал ўзи ўрнатган жаҳон рекордини яна бир бор янгилади.

Бу натижа унинг меҳнати ва спортга бўлган садоқати билан боғлиқ, чунки бу ёшда шундай ютуққа эришиш спорт оламида камдан-кам кузатилади. Унинг ҳаёти ҳамда фаолияти ёшларга намуна бўлиб хизмат қилади. Саидфозил ака ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлиб, кўпчилик унинг ютуқлари ҳақида таъсирланиб фикрлар билдирмоқда. Унинг иштироки нафақат ёш спортчилар, балки катта ёшдагилар учун ҳам илоҳий бир намунани ифода этади. Унинг спортдаги ютуқлари одам кекса  ёшда бўлишига қарамай, ҳаракат ва меҳнат билан ҳар қандай чўққини забт этиш мумкинлигини кўрсатади.

Саидфозил Муҳаммедовнинг натижалари нафақат ўзи, балки мамлакат учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг ютуқлари ортидан пауэрлифтингга қизиқувчилар сони ортиб, кўплаб ёшлар бу спорт турига иштиёқ билан қарамоқда. Ижтимоий тармоқларда унинг ғалабалари кенг ёритилиб, мураббийлар ва спортшунослар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Саидфозил аканинг кексайган даврида ҳамма кўниб қолган кексалик ҳаётини кечириш ўрнига спортдаги фаолиятини давом эттиришни танлади. Қолаверса, мисли кўрилмаган натижаларга эришиш нафақага чиққан инсонлар учун ҳам улкан илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг жаҳон миқёсидаги ғалабалари ўзига хос тарихий воқеа бўлиб, кўпчиликка катта рағбат, мотивация бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Саидфозил ака Муҳаммедов ўзининг ажойиб ҳаёти орқали ҳаётнинг кўплаб жабҳалари каби спортда ҳам ёш сабабли чеклов йўқлигини, хоҳиш ва меҳнат билан исталган натижага эришиш мумкинлигини кўрсатиб бермоқда.

 

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расм ва видео муаллифники

 

Бизнинг досъе: Саидфозил Муҳаммедов. 1952 йил 20 октябрда Ўш шаҳрининг Шаҳидтепа маҳалласида туғилган. 1969 йилда шаҳардаги Тельмон номли 15-сон ўрта мактабини битирган.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг