Янгиланиш тўлиқ бўлсинми? Қирғизистон давлат мадҳи ҳам ўзгарадиган бўлди

Жорий йил арафасида мамлакатнинг асосий тимсолларидан бири – давлат байроғи ўзгартирилган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон давлат мадҳининг ўзгартириш бўйича таклифни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда у ўзининг “Қабар” миллий агентлигига берган анъанавий интервьюсида айтиб ўтди. Сал аввалроқ бу ташаббусни парламент раиси Нурланбек Шакиев кўтариб чиқиб, бу ғоя жамиятда катта мунозараларга сабаб бўлган эди.

Садир Жапаровнинг фикрича, мадҳнинг ўзгартирилишида ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Чунки унинг матни 33 йил аввал, яъни давлат энди мустақилликка эришган пайтда ёзилган.

“Муаллифлар ўшанда Қирғизистоннинг мустақилликка эришгани ва энди қирғиз халқининг тақдири унинг қўлида экани ҳақида қувончли ва ҳаяжонли сатрларни ёзишган, – деди президент. – Лекин ундан бери 33 йил ўтди, биз тўлақонли давлат бўлдик, бизни бутун дунё билади. Биз 200 йилдан кейин ҳам эркинлик ва мустақилликка эришдик деб куйлайверамизми? Нега биз халқимизнинг 5000 йиллик тарихи бор экани ҳақида мадҳ ёзмаймиз?”

Садир Жапаровнинг эътироф этишича, мадҳнинг ҳозирги матни ҳам унутилмайди. У “Қирғизистоннинг биринчи мадҳи сифатида тарихда қолади”.

Бу ташаббусга қарши чиққанлар аксариятининг фикрича, мамлакатда ҳозир бундан бошқа ҳам муаммолар тўлиб ётибди. Ҳукумат ва умуман давлат ҳокимияти ана шу муаммолар билан шуғулланса фойдалироқ бўларди, дейишади улар. Айрим сўровлар натижаси ҳам бу ғояга қарши одамларнинг кўплигини тасдиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрида Қирғизистон ўзининг давлат байроғини янгилаган. Бу ташаббусни ҳам Шакиев кўтарган, кейинроқ эса даставвал бу ғоя президент Жапаровдан чиққани маълум бўлган. Президент бу воқеани ҳам эслатиб ўтди.

“Байроқни ўзгартирганда ҳам айрим демагоглар, популистлар қарши чиқишган. Нима, янги байроғимиз ёмон чиқдими? У аввалгисидан бир даража юқори. Аввалги байроқда Қуёш тасвири кунгабоқар ёки арранинг тишларини эслатарди. Ҳозир бир қарашда унда Қуёш нурларини кўриш мумкин”, деди Жапаров.

Давлат мадҳининг матни аввал ҳам жуда кўп мунозараларга сабаб бўлган. Жумладан, кўпроқ мухолафатчи сифатида танилган, тилига эрк бериб ўрганган депутат Адахан Мадумаров мадҳни танқид қилиб келган. Мисол сифатида депутат матндаги қирғиз халқи назарда тутилиб ёзилган “Дўстларига тайёр дилин беришга” деган мисраларни келтирган. “Дилини берган тилини беради, тилини берган онасини ҳам бериши мумкин”, деган эди у ўшанда аччиқ қилиб.

Мадумаров 2005 йилнинг мартидаги воқеалардан кейин давлат котиби лавозимига кўтарилди. Лекин идеология ишларига бевосита масъул бўлган бўлишига қарамай, ўша йиллари сиёсатчи бу ташаббусни қайта эсига олмади.

Узоқ давом этган баҳслардан кейин фақат 2012 йилга келиб, мадҳнинг ўша мунозарали куплети Жўғўрқу Кенеш қарори билан олиб ташланди. Бунга ана шу куплетдаги “Беқуттуқ” сўзи атрофидаги тортишувлар ҳам сабаб бўлган. Танқидчилар бу сўзнинг қирғиз тилида “хотиржамлик”, “фаровонлик” маъносида ҳам ва аксинча “қутсиз, баракасиз” маъносида ҳам келишини айтишган. Шу сабабдан “Бейқуттуқту берет қирғиз жерине” деган сатр “қирғиз еридан баракани ўчиради”, деб ҳам талқин қилиш мумкин.

Қизиғи, расман олиб ташланган куплетнинг филолог Михаил Рудов ижросидаги русча таржимаси яхшироқ жаранглайди ва мунозара туғдирмаган. Айнан ушбу русча матн расман тасдиқланган эди. Таққослаб кўриш учун қуйида ушбу куплетнинг икки тилдаги вариантини келтирамиз.


Қирғиз тилида:

“Байыртадан бүткөн мүнөз элиме,
Досторуна даяр дилин берүүгө.
Бул ынтымак эл бирдигин ширетип,
Бейкуттукту берет кыргыз жерине”.

Рус тилида:

Извечно народ наш для дружбы открыт,
Единство и дружбу он в сердце хранит.
Земля Кыргызстана, родная страна
Лучами согласия озарена”.

Қирғиз Республикасининг мадҳи давлат мустақиллигининг иккинчи йили, яъни 1992 йилнинг 18 декабрида тасдиқланган. Ўшанда у уч куплетдан иборат эди. Орадан 20 йил ўтиб, 2012 йилда мадҳнинг матни бир куплетга қисқарган.

Мадҳнинг матни шоирлар Жалил Садиқов ва Шабданбек Қулуевга тегишли. Унинг мусиқасини бастакорлар Насир Давлесов ва Қалий Молдобасановлар ёзишган. Ҳозирча мадҳ мусиқасининг ўзгариши ҳақида бирор нарса дейилгани йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг