Биродарлар учрашуви: Бишкекда туркий давлатлар раҳбарлари саммити бошланди

Саммит натажаларига кўра халқаро кун тартибига алоқадор қатор ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Туркийзабон мамлакатлар раҳбарлари яна Қирғизистонга ташриф буюрдилар. Бугун, 6 ноябрь куни улар Бишкекда Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 11-саммитида иштирок этишади. Унда ташкилотга аъзо беш давлат – Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳамда кузатувчи давлатлар раҳбарлари иштирок этишади.

Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғонни рафиқаси билан 4-ноябр куни “Манас” аэропортида президент Садир Жапаров кутиб олди. Кеча, 5 ноябрда Бишкекда Эрдўғонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Сўнг Туркия президенти “Ата-Бейит” тарихий-ёдгорлик мажмуасига бориб, гулчамбар қўйди. Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ҳамроҳлигида 1916 йилги фожиали воқеалар қурбонларини хотирладилар.

Туркия раҳбари улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов қабрига гул қўйиб, хотирасини ёдга олди.

Давлат ташрифи доирасида икки давлат президентлари Қирғизистон-Туркия ҳамкорлиги масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Учрашув пайтида Ражаб Тоййиб Эрдўғон: «Ота юртимга келганимдан хурсандман», – деди.

Бунинг далили сифатида Туркия Қирғизистоннинг 62,3 миллион долларлик ташқи қарзидан кечдиди. Давлат қарзи 6 млрд. доллардан ошган Қирғизистон учун бу жуда қувончли қарор. Қарз ўрнини энди “яшил иқтисодиёт” лойиҳалари эгаллаши маълум қилинди. Садир Жапаров бунга жавобан Туркия президентини Қирғизистоннинг олий давлат мукофотларидан бири, I даражали “Манас” ордени билан тақдирлади. Ўз навбатида Эрдўғон Жапаровга Туркияда чиқадиган TOGG автомобилини совға қилди.

Венгрия бош вазири Виктор Орбанни ҳам кеча, 5 ноябр куни Бишкек аэропортида Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров кутиб олди. Виктор Орбан президент Садир Жапаров билан тор ва кенг доирада учрашувлар ўтказди. Қирғизистон ва Венгрия ўртасидаги кенг кўламли масалалар ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Сўнг Ақилбек Жапаров тушга яқин Манас аэропортида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни, кечга яқин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни илиқ кутиб олди.

Туркий давлатлар ташкилотига 2019 йилда қўшилган Ўзбекистон ташкилотда ижтимоий лойиҳаларни илгари суришда ташаббускорлик кўрсатмоқда ва ўзини умумий туркий меросни асраб-авайлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш дастурларини амалга оширишда асосий шерик сифатида намоён қилмоқда.

Ўзбекистон 2022-2023 йиллардаги ТДТга раислигини “Турк цивилизациясининг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида Самарқанд саммитида бошлади. Саммитда “2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегияси” қабул қилинди. Бу ҳужжат туркий давлатларнинг “Туркий нигоҳ – 2040” концепциясини амалга оширишда дебоча бўлди.

Ўзбекистон раислиги даврида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорлик учун қатор янги платформалар яратилди. Бир қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган бўлимлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Остона шаҳрида (2023 йил, 3 ноябрь) ўтган ТДТ саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирланди.

Бишкекдаги саммит кун тартибига ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари киритилган. Тадбирнинг асосий мавзуси: Турк дунёсини мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик. Учрашув якунлари бўйича қатор қўшма қарорлар ва ҳужжатлар, жумладан, Қирғизистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий тинчлик хартиясининг қабул қилиниши кўзда тутилган.

Туркий давлатлар ташкилоти турк тилли халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йилнинг 3 октябрида имзоланган «Нахчиван шартномаси» асосида Турк тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши сифатида Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркия ҳамкорлигида ташкил этилган.

Венгрия мазкур ташкилотга 2018 йилда кузатувчи мақоми билан қўшилди. Ўзбекистон 2019 йил 14 сентябрда ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди. Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йил 12 ноябрда Истанбулда бўлиб ўтган саммитда ташкилот номи Туркий давлатлари ташкилоти деб ўзгартирилди ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомини олди. Кейинроқ ана шу мақом фақат Туркия тан олган Шимолий Кипр давлатига ҳам берилди.

Ҳозирда ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг аҳолиси 173 миллион кишини ташкил этади. Улар 4 миллион 200 минг квадрат километрлик муҳим геосиёсий ҳудудда жойлашган. Ташкилотга аъзо давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни ҳам жуда салмоқли ҳисобланади.

Ташкилотнинг вазифалари «Нахчиван шартномаси»га кўра, энг аввало, халқлар ўртасидаги тарихий ришталар, умумий тил, маданият ва анъаналардан келиб чиқиб, ҳар томонлама ҳамкорликка эришиш ва бу муносабатларни чуқурлаштиришдан иборат.

 

Оқбура, Бишкек.

Расмларва видеолар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг