Қирғизистон Токиода ўтаётган Олимпиада ғолибларини олқишламоқда

Токио Олимпиадаси ниҳоясига етиб боряпти. Кеча, 3 август куни қирғизистонлик спортчилар бирданига икки медални қўлга киритдилар.

Дастлаб ўшлик 22 ёшли Ақжол Махмудов 77 килограмгача вазндаги курашчилар орасида кумуш медални қўлга киритган бўлса, бир неча соатдан кейин унинг тенгдоши Мээрим Жуманазарова 68 килограммгача бўлган вазнда курашиб, бронза медали соҳибасига айланди. Айтиб ўтиш керакки, финал мусобақаларигача ҳар икки спортчи ҳам ўз рақибларини йирик ҳисобда ютиб келишаётган эди.

Ақжол Махмудов ғалабадан сўнг

 

Шу куни қирғизистонлик курашчилардан яна бири, олтин медалга даъво қилиб келаётган жаҳон чемпиони Айсулуу Тинибекова (62 килограммгача вазн тоифаси) ярим финалда украиналик рақибаси Ирина Коляденкони осонгина, 10:0 ҳисобда мағлубиятга учратди. Финал учрашувлари эртага ўтиши кутиляпти. Аёллар кураши бўйича жаҳон рейтингининг байроқдори бўлган Айсулуунинг олимпиада чемпиони бўлишига Қирғизистонда катта умид боғлаб туришибди. Бунга деярли шубҳа ҳам йўқ. Кечаги ғалабадан сўнг Тинибекова  камида кумуш медални кафолатлаб қўйди.

Мээрим Жуманазарова кураш чоғида

Айтиб ўтиш керакки, Қирғизистон тарихида олимпиада ўйинларида аёллар медаль олишмаган эди.

Олимпиада ғолиблигига яна бир даъвогар 26 ёшли Дарья Маслова бўлиб турибди. Дарья 2017 йилда 10 000 ва 5 000 метр масофага югуриш бўйича Осиё чемпиони бўлган. Бир йил ўтиб, Осиё ўйинларида ҳам 10 000 метр масофага югуришда чемпион бўлган.

Шуларни ҳисобга олсак, бу сафар Қирғизистондан борган 16 спортчи уйларига 4 медаль билан қайтиши мумкин. 2008 йилдан бери қирғизистонлик спортчилар олимпиадада ғалаба таъмини тотиб кўришмаган эди.

Қирғизистонда олтин медаль соҳибига 10 миллион сўм ($118 000 атрофида), кумуш медаль эгасига 7 миллион, бронза медалини қўлга киритган спортчига эса 5 миллион сўм миқдорида мукофот белгиланган.

Спортчиларнинг бу чиқишлари қирғизистонликларни анча руҳлантириб юборди. Улар иштирок этган мусобақалар республика пойтахти Бишкекдаги бош майдонда катта экран орқали намойиш этиб турилди. Майдонга 2-3 мингга яқин спорт ишқибозлари келиб, юртдошларини олқишлаб туришди.

Майдонга оддий халқ билан бирга бош вазир Улуқбек Марипов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Бишкек шаҳри мэри вазифасини бажарувчи Таалайбек Сарбашевлар ҳам келишди.

Бош вазир Мариповнинг одамлар орасига тўғри кириб келиши ёқимли ҳолат бўлди

Мамлакат президенти Садир Жапаров шахсан Акжол Махмудов ва Мээрим Жуманазароваларга қўнғироқ қилиб, уларни ғалабалари билан табриклади, улар эришган  ғалабалар бугун қирғизистонликлар учун фавқулодда муҳим эканини таъкидлади.

Жумладан президент, “Миллионлаб ватандошларимиз нафасини ичига ютиб, бу олишувларни ҳаяжон билан кузатиб туришди, сизларни самимий олқишди. Биз спортчиларимизни она юртимизда кутамиз ва ватанимизга омон-эсон келишларини тилаймиз”, – деди.

Қайд этилган ғалабалар кечадан бери ижтимоий тармоқларда асосий мавзу бўлиб турибди. Эҳтиросларга тўла ёзувларда ишқибозлар спортчиларга миннатдорчилик билдириб, уларга бундан-да улкан муваффақиятлар тиламоқдалар. Ақжол Махмудовнинг олтин медаль ола олмагани учун ўкинганлар ҳам йўқ эмас, лекин атиги 22 ёшли спортчининг келажаги ҳали олдинда.

Медаллар бўйича умумий рейтингда Қирғизистон 64 ўринни эгаллаб, Қозоғистон (3 бронза медали) ва Туркманистондан (1 кумуш) олдинда боряпти. Ўзбекистон икки олтин ва бир бронза медали билан рейтингнинг 28 поғонасидан ўрин олиб турибди.

Медаллар бўйича жаҳон рейтингини 69 медаль билан Хитой (32 олтин, 21 кумуш, 16 бронза) бошқариб боряпти, иккинчи ўринда – АҚШ 73 медаль (24, 28, 21), учинчи ўринда 36 медаль (19, 6, 11) билан Япония бормоқда. Тўртинчи ўринни 34 медаль билан (14, 4, 16) Австралия эгаллаб турган бўлса, Россия Олимпия комитети спортчилари 52 медални (13, 21, 18) қўлга киритиб, бешинчи ўринда бормоқдалар.

Олимпиада ўйинлари 23 июлда бошланиб, 8 августда ниҳоясига етади.

 

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек

Суратлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг