ҚИРҒИЗИСТОННИНГ СОБИҚ ПРЕЗИДЕНТИ АСҚАР АҚАЕВ БИШКЕККА ОЛИБ КЕЛИНДИ

Собиқ президент Қумтўр олтин кони иши юзасидан Қирғизистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувлар рўйхатига киритилган эди.

Қумтўр олтин кони иши юзасидан Қирғизистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувлар рўйхатига қўйилган Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев душанба куни Бишкекка олиб келинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик Давлат Комитети (МХДҚ)га асосланиб Қирғизистоннинг «Акипресс,24.kg…» ахборот агентлиги хабар берди.

«Тергов давомида Давлат хавфсизлик қўмитаси А. Ақаевни республика ҳудудига олиб кириш орқали жиноий жавобгарликка тортиш бўйича тарихий адолатни тиклашга қаратилган фаол ишларни олиб борди», – дейилади агентлик хабарида. «Давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йил 2 август куни собиқ Президент Асқар Ақаев Бишкекка олиб келиниб, зудлик билан идоралараро тергов гуруҳига ўтказилди», – дея қайд этади Қўмита.

«Ҳозирги кунда А. Ақаев Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси биносида, Қумтўр олтин конидаги жиноят иши юзасидан унинг иштирокида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади мазкур идора баёнотида.

Июль ойи бошида Қирғизистон ҳукумати Қумтўр олтин кони фаолияти билан боғлиқ коррупция иши бўйича мамлакатнинг собиқ президентлари Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиевни халқаро қидирувлар рўйхатига киритган эди.

Ақаев Қирғизистонга 1991-йилдан 2005-йилгача раҳбарлик қилган ва тўнтариш натижасида лавозимидан четлатилган. Шундан сўнг у Москвага жўнаб кетган ва шу кунгача Москвада яшаб келган.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг