Айримларни ташвишга солган ташаббус: Туркия “Туркистон” атамасини қайта тиклади

Туркия Миллий таълим вазирлиги Марказий Осиё атамасидан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилди.

Туркия Миллий таълим вазирлиги тарих фани ўқув дастурига туб ўзгаришлар киритди. Янги ёндашувга кўра, “Марказий Осиё” атамаси “Туркистон” атамаси билан алмаштирилади. Бу ҳақда мамлакатнинг TRT телерадиокомпаниясининг расмий сайти хабар берди.

Турк мутахассисларининг қайд этишларича, ушбу қарор келажак авлодларда миллий ўзликни англаш ва ватанпарварликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Миллий таълим вазирлиги 2024-2025 ўқув йилида мактабгача, бошланғич мактаб, ўрта мактаб, лицейга тайёргарлик ва 9-синф даражаларида татбиқ этиладиган «Туркия аср таълим модели» ҳақида ҳужжатни эълон қилди. “Тарих” сабоқларида туб ўзгаришлар сарлавҳаси остида янги ўқув дастуридаги атама ва тушунчалардан фойдаланиш тартиби мавжуд.

Ҳужжатга кўра, энди дастурларда “анахронистик ва илмий нотўғри” атама ва тушунчалардан фойдаланишдан воз кечилган. Шу нуқтаи назардан, дастурларга “Марказий Осиё” ўрнига “Туркистон”, “Депортация қонуни” ўрнига “Кўчириш ва жойлаштириш қонуни” каби атама ва тушунчалар киритилган.

“Келгуси даврни турклар даврига айлантириш учун елкама-елка ҳаракат қиламиз, “Турк асрига” қарашларимизни Туркий Давлатлар Ташкилоти даражасида кенгайтирамиз”,- деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк дунёси бирлиги муҳимлигини таъкидлаб.

Тарихчи профессор Аҳмет Ташагил TRT Haber телеканали учун “Туркистон” атамасининг тарихий маъносини тушунтирди.

“Туркистон номи дастлаб қадимги эронийлар, кейинроқ араблар томонидан Ўрта Осиёда турклар яшаган ҳудудларни ифодалаш учун ишлатилган. Темурнинг юришлари ҳақида XV асрда ёзилган асарларда Туркистон туркийларнинг Мовароуннаҳрдан ташқарида яшаган мамлакатларини кўрсатган. Аммо Каспий денгизининг шимолидаги ҳудудлар Ибн Фадлоннинг “Саёҳатнома”сида “Билодюът-Турк”, Аҳмад Тусий ва бошқа форс ёзувчилари эса “Туркистон” деб келтиришган. Баъзи Ғарб манбаларида 580-йилларда Ўрта Осиё учун “Туркҳия” номи ишлатилган.

“Туркларнинг ватани маъносини билдирувчи “Туркистон” сўзи тарихнинг энг қадимги даврларидан бери қўлланилган. 19-асрнинг иккинчи ярмида руслар босқини натижасида “Туркистон” номи ўрнига Ўрта Осиё тушунчаси кириб келди ва кенг тарқалди”, – дейди у.

Тарих факультети ўқитувчиси, доцент Рамин Содиқнинг таъкидлашича, Туркия ҳам, Туркистон ҳам турклар кўп яшайдиган ҳудудни англатади.

“Турк дунёси учун муштарак тарих, география, адабиёт, харита ва алифбо яратиш йўлидаги фаол қадамлар даврида Миллий таълим вазирлигининг “Туркистон” атамасини дарсликларга, жумладан, болалар учун ҳам киритиш тўғрисидаги қарори катта аҳамиятга эга. Ҳар бир тушунчанинг ўзига хос маъноси борлиги келажак авлод онгини туркий онг, миллий онг ва ватанпарварлик туйғулари билан юксалтириш, тарихимизга мурожаат қилишда муҳим масаладир”, – дея таъкидлади Рамин Содиқ.

Тарихчи олимнинг қайд этишича, бу ўзгариш нафақат Туркия, балки бутун туркий дунё, шунингдек, туркий давлатлар ҳамкорлик қилаётган давлатлар учун ҳам “муҳим бошланиш ва қимматли ҳиссадир”.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Туркистон атамасини қўллаш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Жумладан, ушбу хабар тарқалгач, биринчи бўлиб Россияда бу ҳақда салбий фикрлар билдирила бошлади. Чунки Москвада тарихан турк халқларининг бирлашишига монелик қилиб келишган. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида ташкил топган Туркистон ўлкасининг бешта республикага бўлиб юборилиши ҳам қисман шу билан тушунтирилади. Ғарб давлатлари, хусусан АҚШда ҳам Туркиянинг туркий давлатларга раҳнамолик қилишга бўлган интилишларига очиқча салбий муносабатда бўлишади. Чунки туркларнинг қайтадан бирлашган ҳолда тарих саҳнасига келиши на Россиянинг, на ғарб давлатларининг геосиёсий, ҳарбий ва иқтисодий манфаатларига мос келади.

Бундан ташқари бу ғоя минтақанинг ўзида ҳам бир хилда қабул қилинмайди. Айниқса,  туркий бўлмаган халқлар бу ташаббусга хавотир билан муносабатда бўлишади. Шу сабабдан мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўртага ташлаган “Туркистон – умумий уйимиз” шиорини минтақа давлатларида тўла қўллов топмаган. Айрим республика раҳбарлари бу ташаббусни Ўзбекистоннинг минтақада гегемонликка интилиши сифатида қабул қилган бўлса, асосийси халқи туркий бўлмаган Тожикистон буни тўла инкор қилинган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг