Қирғизистон: Тўрт соат ичида 6000 нафар бўлажак ҳожи тўла рўйхатга олиниб бўлди

Бугун рўйхатдан ўтган фуқаролар буюк Ҳаж сафарига келаси 2025 йилда борадилар.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг хабар беришича, бугун Қирғизистонда 2025 йилда Ҳажга борадиган фуқаролар дастлабки рўйхатга олиб бўлинди.

Маълумотга кўра, рўйхатга олиш бугун, 7 октябрда эрталабки соат 9:00да бошланиб, соат 13:00да ниҳоясига етган. Мана шу тўрт соат вақт орасида Қирғизистонга берилган 6000 кишилик квотага яраша шахслар рўйхатга киритилди.

Дастлабки рўйхатдан ўтиш учун фуқаролар “Элдик банк” (собиқ РСК банки) банкида очилган махсус ҳисоб рақамига аванс сифатида 2000 АҚШ доллари ва қайтаримсиз 1200 сўм маблағни ўтказдилар.

Таъкидланганидек, 2025 йилда Ҳажга бориш истагида бўлган номзодлар мамлакат бўйлаб ягона рўйхатга киритилди. Энди пул тўлаган фуқаролар муфтийлик тузилмасидаги вилоят, шаҳар қозиятларига ва туман хатибиятларига пул тўлагани ҳақидаги квитанция ва электрон рўйхатга олиш учун тегишли ҳужжатларни топширишлари керак. Шунда улар келаси йил сафари учун тўла рўйхатдан ўтган ҳисобланадилар.

Номзодлар дастлабки тўловларни амалга оширмасдан электрон маълумотлар базасида рўйхатдан ўта олмайди. Олдиндан огоҳлантирилганидай, Қирғизистонга ажратилган 6 минг кишилик квота тўлганидан кейин банк филиалларида ҳажга рўйхатдан ўтиш тўхтатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилдаги Ҳаж зиёрати ҳаражатлари Қирғизистондан борадиган ҳар бир зиёратчига 4 минг АҚШ доллари ҳисобида белгиланган. Ушбу 4 минг долларнинг ярмини бўлажак ҳожилар бугун тўладилар.

Эслатиб ўтамиз, авваллари ҳажга рўйхатга олиш ҳар бир вилоятда алоҳида ўтказилиб, бу турли ноаниқликларга сабаб бўлиб келарди. Рўйхатга олиш ҳафталаб давом этар ва рўйхатга олинганлар сонини аниқлаш яна бир неча кун вақт талаб қиларди. Квотадан ортиқча одам рўйхатга олинган ва уларнинг қайси бири сафарга бориши устида можаролар чиққан ҳоллар бўлган.

Жорий 2024 йилда Саудия Арабистони қироллиги Ҳаж зиёрати учун Қирғизистонга 6000 кишилик квота ажратган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг