Ўш шаҳрида тарихда илк бор Ўзбекистон мустақиллиги байрами нишонланди
Байрамнинг Ўш шаҳрида нишонланаётгани икки давлат дўстлигининг яна бир исботи эканлигини таъкидланди.
Тадбир кеча, 20 сентябр куни Ўзбекистон республикасининг Ўш шаҳридаги бош консулхонасида бўлиб ўтди. Маросимга Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили ўринбосари Ильяз Ташбаев, Ўш шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Марс Исаев каби шаҳарнинг расмийлари, Қирғизистон жанубидаги ўзбек миллий-иаданий маркази раҳбари Одилжон Отажонов, ўшлик тадбиркорлар, маданият ва маориф ходимлари каби 150 га яқин меҳмонлар ташриф буюришди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги консули Зафар Аҳмедов, Ўш шаҳридаги консули ҳамда консуллик ходимлари тадбирга мезбонлик қилдилар.
Тадбир бошида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги консули Зафар Аҳмедов икки давлатнинг кетма кет келган мустақиллик байрамининг 33 йиллиги билан табриклади. Ушбу байрамнинг Ўш шаҳрида нишонланаётгани икки давлат дўстлигининг яна бир исботи эканлигини таъкидлади.
“Барчага маълумки, ўзбек-қирғиз халқларининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бизнинг динимиз бир, тилимиз, урф одатларимиз бир-бирига ўхшаш ва биз тарихан бир-биримизга яқинмиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё мамлакатнинг ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилангани, яқин қўшнилар билан дўстлик, ўзаро манфаат ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатларимизга қаратилган муҳим қадамдир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлар билан умумий чегарага эга бўлган Ўзбекистон шубҳасиз минтақани фаровонлик, барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантиришдан манфаатдор. Шу ўринда Қирғизистон билан ҳам иқтисодий, маданий, ижтимоий соҳаларда кўплаб ютуқларга эришилди. Ўзбекистон Қирғизистоннинг туристик салоҳиятига алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Бу эса дўстлигимизнинг яна бир намунасидир”, – деди Зафар Аҳмедов.
Консул сўзининг сўнгида қирғизистонликларни ҳам яқинда нишонланган мустақилликнинг 33 йиллиги билан табриклади.
Шундан сўнг сўзга чиққан Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакилининг ўринбосари Ильяз Ташбаев қардош ўзбек халқини мустақиллик билан табриклади.
“33 йиллик давр мобайнида қирғиз-ўзбек алоқалари тобора ўсиб бормоқда. Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан минтақада, дунёда ҳам, жумладан, Қирғизистон билан ҳам алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий эрки ҳамда дўстлигининг асосида Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг алоқалари мустаҳкамланиб, минтақада тинчликда, ривожланишда улкан динамикани яратмоқда. Бундан биз фаҳрланамиз”, – деди Ильяз Ташбаев.
У ўз сўзининг якунида Францияда бўлиб ўтган олимпияда ўйинларида қирғиз халқини қўллаб –қувватлаган ўзбекистонлик спортчини кўрсатган жасорати ҳақида тўхталар экан, бу ҳам дўстликнинг бир исботи эканини таъкидлаб ўтди.
Ўш шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Марс Исаев ҳам ўз нутқида Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги билан қутлаб, икки мамлакат дўстлиги узоқ йиллар давом этишига тилакдош эканини билдирди.
Табрик сўзларидан сўнг икки давлат мадҳияси янгради. Байрам сўнгида ўзбекистонлик санъаткорлар томонидан концерт дастури тақдим этилиб, меҳмонларга дастурхон ёзилди.
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойининг биринчи кунида Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлади. Ундан бир кун аввал 31 август куни эса, Қирғизистон ҳам суверен бўлган кунини катта тантана билан ўтказган эди.
Оқбура, Ўш.
Расм ва видеолар муаллифлари: Умида Аҳмад,Одилжон ДАДАЖОНОВ