Сичқон сиғмас инига… Россияда муҳожирларга нисбатан муносабат ёмонлашмоқда
Бу кетишда мамлакат яқин йиллар ичида кимсасиз ҳувиллаб, ахлатга ботиб қолиши турган гап.
Охирги йилларда Россияда меҳнат муҳожирларига муносабат тобора ёмонлашиб боряптики, бу ҳолатни ҳам аҳоли орасида, ҳам расмий даражада кўриш мумкин. Ана шундай кўринишлардан бири – Москва ва Москва вилоятида жорий йилда қирғизистонлик муҳожирларнинг 200 дан ортиқ болалари мактабга қабул қилинмади. Мамлакатнинг бошқа минтақаларида бу борада аҳвол қандай экани номаълум.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, бу каби шикоятлар элчихонага август ойидан туша бошлаган. Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия президенти маъмурияти, Ташқи ишлар вазирлиги ва Москва шаҳри таълим департаментига мурожаат йўллаган. Олинган расмий жавобга кўра бу ҳолатнинг сабаби “биринчи навбатда, баъзи мактабларда бўш ўринлар йўқлиги билан боғлиқ». Яна қандай сабаблар борлиги ҳозирча мавҳум.
Гарчи вазирлик бу масала Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихонанинг алоҳида назорати остида эканлигини айтсада, болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқлари поймол этилиши тўхтагани йўқ. Россия ҳам, Қирғизистон ҳам қўл қўйган Болалар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияга кўра, ота-оналарининг ҳуқуқий ҳолати қондай бўлишидан қатъий назар, бола қайси ўлкада бўлмасин, давлатга қарашли мактаб ва мактабгача муассасаларда таълим олишга ҳақли.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда 400 мингдан ортиқ қирғизистонлик ишлаб, истиқомат қилади. Норасмий маълумотларда, уларнинг камида 700 минг киши экани айтилади. Уларнинг қанчаси мактаб ёшидаги болалар экани борасида маълумот йўқ.
Сал аввалроқ, муҳожирлар устидан назоратни тобора кучайтириб келаётган Россия расмийлари Россияда ноқонуний бўлиб турган хорижликлар реестрини туза бошладилар.
Бу рўйхатга тушган муҳожирларга транспорт воситаларини бошқариш, банклар хизматидан фойдаланиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, никоҳ тузиш ва ажрашиш, болаларни боғча ва мактабларга бериш тақиқланади.
Қонуний тарзда юриш учун эса, қатор кучайтирилган талаблар бўлиб, улар тобора мураккаблашмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг 1 декабридан тортиб, Москва аэропортларида хорижликларни фото ва дактилоскопик идентификация (шахсини аниқлаш) қилиш тартиби жорий этилади.
Россия ИИВ вазири ўринбосари Горовой журналистларга «ноқонуний муҳожирлар” деганда асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари назарда тутилишини маълум қилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Россияда 6 миллиондан кўпроқ чет эл фуқароси бор. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларус, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон у ерда юрган фуқаролар сони бўйича биринчи ўнталикка киради. Ноқонуний юрган муҳожирлар сони 740 мингга яқин деган таҳмин бор.
Қонунга риоя қилсанг ҳам барибир
Қонуний равишда ишлаб келаётган муҳожирларга нисбатан ҳам қатор чекловлар жорий қилиниши натижасида мамлакатда ишчилар танқислиги вужудга келмоқда. Чунки муҳожирлар қилаётган арзон, “қора” ишларни маҳаллий аҳоли қилишни истамайди. Қолаверса, Украинадаги уруш туфайли ишга яроқли аҳоли ҳарбий хизматга чақирилган, минглаб эркаклар эса мамлакатни ташлаб чиқиб кетган.
Мамлакатнинг 27 шаҳар ва вилоятларида муҳожирларга такси хизматида ишлаш тақиқланган. Оқибатда “Яндекс Go” хизматининг маълум қилишича, Россияда такси ҳайдовчиларининг танқислиги 2024 йил охирига бориб 130 минг кишини ташкил қилиши кутилмоқда. Ҳайдовчиларнинг етишмаётгани таксида йўлкира ҳақининг ошишига олиб келмоқда.
Муҳожирларга нисбатан муносабат Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги терактдан сўнг ёмонлашиб кетган. Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартибот органлари хорижлик ишчилар яшаган ва ишлаган жойларда рейдлар уюштириб, уларнинг кўпчилиги депортация қилина бошлаган ёки урушга жўнатиш мақсадида ҳарбий рўйхатга олинган. 2024 йил бошидан буён полиция 65 мингдан зиёд хорижликни Россиядан чиқариб юборган, 120 минг муҳожир мамлакат ҳудудига кира олмаган.
Шу вақтнинг ўзида Россия Давлат думасида Марказий Осиёдан борганларга Россия фуқаролиги беришни тўхтатиб туришни таклиф қилишди.
Самара вилоятида эса муҳожирларга савдо-сотиқ, умумий овқатланиш ва жойлари ва биноларини ижарага бериш тақиқланди. Вилоят раҳбари Вячеслав Федоришев савдо корхоналарига уч ой ичида патент асосида ишлаётган барча муҳожирларни ишдан бўшатишни буюрди.
Шунингдек, муҳожирларга сут ва нон маҳсулотлари, болалар овқатлари, ичимлик суви ишлаб чиқараётган корхоналарда, умумий овқатланиш шохобчаларида ва етказиб бериш (курьерлик), алкоголли ичимликлар ва этил спирти, тамаки маҳсулотлари, дори-дармонлар, тухум ва сут маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдосида ишлаш тақиқланган.
Муҳожирларга маълумотларни қайта ишлаш, маълумотлар базасини яратиш, маълумотларни жойлаштириш, шунингдек, уй, квартира ва хоналарни қисқа муддатли ижарага бериш фаолияти ҳам тақиқланди.
Россия давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, бу тақиқлар фақат «Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Озарбайжон фуқароларига» тааллуқли бўлиб, улар Арманистон, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ҳамда виза режимга эга бўлган бошқа мамлакатлар фуқароларига дахли йўқ. Бунгача Россиянинг 18 шаҳар ва вилоятларида шу каби тақиқлар жорий этилган.
Ўз фуқароларига бўлаётган чекловлар ва ёмон муносабат туфайли Марказий Осиё давлатлари, биринчи галда Қирғизистон ва энди Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини Европа давлатларига жўнатиш устида бош қотира бошладилар. Қолаверса, Россия рубли курсининг кескин тушиб кетиши туфайли муҳожирларнинг даромадлари ҳам кескин пасайиб кетган.
Яқинда Астанада ўтган Германия ва Марказий Осиё давлатлари саммитида Германия ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштирмоқчи эканини билдирди. Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев журналистларга икки давлат ўртасида темирйўл ва автобус ҳайдовчилари ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш бўйича амалий келишувларга эришилгани, бу йил 800 дан зиёд ҳамшира Германияга юборилишини айтган. Уларнинг ярми аллақачон Германияда ишлаётгани ва иш ҳақи камида 2200 еврони ташкил қилишини айтган.
Қирғизистон расмийлари ҳам қатор Европа давлатлари билан келишувларга эришиб, ўз фуқароларини ишлаш учун жўнатишни осонлаштириш устида иш олиб бормоқдалар.
Россия статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2023 йилда Россияга келаётган муҳожирлар сони рекорд даражада қисқариб, 560 минг кишини ташкил қилган.
Мамлакат аҳолиси сонини сақлаб туриш учун бугун Россияга йилига 390 минг киши келиб, ўша ерда доимий равишда яшаб қолиши керак. Чунки Россияда туғилиш даражаси жуда паст. Бу кўрсаткич ҳам айнан муҳожирлар ҳисобига эпланиб турибди. Турли маълумотларга кўра, Россия аҳолиси йилига 700-800 минг кишига камаймоқда. Украинадаги урушда ҳалок бўлаётганларни ҳисобга олса, бу кўрсаткич янада кўп бўлиши мумкин. Мутахассислар мамлакатда туғилиш жараёнини жонлантириш мумкин эмаслиги, аҳоли сонининг ўсиши фақат муҳоирларга боғлиқ экани ҳақида бонг уришмоқда. Чунки миллий турмуш тарзига кўра славян халқлари оилада битта фарзанд билан чекланишади. Охирги йилларда Европага тақлид қилиб, умуман турмуш қуриш ҳам камайиб бормоқда. Мамлакат аҳолисининг ўсиб туриши учун ҳар бир аёл камида ўртача 2,1 фарзанд туғиб туриши керак. Россияда эса, роса ҳаракат қилинганда ҳам 2045 йилга бориб ҳар аётга ўртача 1,7 бола тўғри келиши мумкин. Ҳозирги суръатлар билан мамлакат аҳолиси унгача 15-20 миллион кишига қисқариши мумкин.
Қолаверса Россияда ишга яроқли аҳоли сони ҳам қисқариб бормоқда. Масалан, 2012 йили бу кўрсаткич 61 фоизни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда 57 фоизга тушган.
Бугунги кунда Россияга муҳожирларнинг асосий қисми Марказий Осиё давлатларидан бормоқда. Ўтган 2023 йилда у ерга Ўзбекистондан 1,6 млн. киши, Тожикистондан 895 мингдан кўпроқ ва Қирғизистондан 517 мингга яқин фуқаро ишлагани борган. Улар Россияга ишлагани борганларнинг 87 фоизини ташкил қилади.
Меҳнат муҳожирларининг асосий қисми, 55-60 фоизи йирик шаҳарларда, асосан Москва ва Санкт-Петербургда ишлаши маълум қилинган. Хуллас, Россия расмийларининг бугунги ҳаракатлари инига сиғмаётган сичқоннинг ўз думига ғалвир боғлашини эслатмоқда. Русча ўхшатиш билан айтганда эса, ўзлари ўтирган шохга болта уришмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди