Синалган тизимга қайтиш: Россия Марказий Осиё энергетика тизимига кирмоқчи

Афтидан совет даврида ўзининг самарали эканини кўрсатган энергетика тизими қайтадан тўла тикланади.

Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, иқтисодий соҳадаги кўплаб алоқалар каби Марказий Осиё (у пайтда Ўрта Осиё деб аталган) бирлаштирилган ягона электр энергетика тизими ишида ҳам турли узилишлар содир бўла бошлади. Шу кунларгача бу тизимнинг бузилиши сабабли минтақа давлатларида қатор муаммолар ўрин олиб келмоқда.

Тизимнинг асосий вазифаси – минтақа давлатлари ўртасида сув ресурслари ва электр қувватини оптимал тарзда тақсимлаш бўлиб, унга кўра ҳар бир давлат ўзига керак бўлган сувни суғориш палласида керакли ўлчамда олиши керак. Бунинг учун қиш мавсумида сувбоши бўлган давлатлар Қирғизистон ва Тожикистон ўз ГЭСларида сувнинг йиғилишига ҳаракат қилади. Бунинг учун сувга муҳтож бўлган давлатлар қишда уларни электр қуввати билан таъминлашлари керак.

Ёз мавсумида эса, омборлардан қўшни республикалар учун чиқариладиган сув электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди. Бу қувват нафақат ишлаб чиқарувчи, балки қўшни давлатлар ўртасида ҳам тақсимланиши мумкин. Совет Иттифоқи тарқалгач, турли сабаблар билан бу борадаги ўзаро муносабатлар мураккаблашиб, 2003 йили Туркманистон ушбу тизимдан чиқиб кетди.

Вазиятни тартибга солиш учун 2004 йили минтақа давлатлари ўртасида Марказий Осиё энергетика тизимлари ишини мувофиқлаштириш ҳақида келишув имзоланган. Бироқ бу муаммони ҳал қила олмади. Кейинроқ минтақа давлатлари яна бир келишувни имзолашиб, унинг асосида “Энергия” номли нодавлат, нотижорий мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази тузилди. Марказ Тошкентда жойлашган. Бироқ муаммо ўзининг тўла ечимини топмади.

Тожикистондаги Нурек ГЭСи 2009 йилнинг ноябрида ўз-ўзидан тўхтаб қолиб, бир сутка давомида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг жануби электр қувватисиз қолди. Шундан сўнг Ўзбекистон энергетика ҳалқасидан чиққанини маълум қилди. Лекин минтақа давлатларининг ўзларида мустақил, бошқаларга тобе бўлмаган энергетика тизимини яратиш борасида ҳаракатлари натижа бермади.

Оқибатда, 2022 йилнинг январида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда аҳолини электр қуввати билан таъминлашда кенг кўламли узилишлар бўлди. Қозоғистон бунда Ўзбекистон ва Қирғизистонни айблади. Охири Марказий Осиё энергетика тизими қайта тикланиб, унга бугун Ўзбекистон, Қирғизистон, Жанубий Қозоғистон ва Туркманистон киради. Жорий йилнинг май ойида ушбу тизимга Тожикистоннинг ҳам қўшилиши эълон қилинди.

Кеча, 11 сентябрда ушбу тизимга Россиянинг қўшилиши ҳақида баёнот берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Россия энергетика вазирликлари битимга келишиб, унга кўра Россиянинг «Тизим оператори» корхонаси Марказий Осиё ягона энергетика тизимига кирадиган бўлди. ТАСС тарқатган маълумотга кўра, бу ҳақда журналистларга Россия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Россия энергетика вазири Сергей Цивилёв маълум қилган.

«Тизим оператори» корхонаси — Россиянинг ягона энергия тизимида марказлаштирилган тезкор диспетчерлик назоратини амалга оширадиган ихтисослаштирилган ташкилот экани маълум.

«Марказий Осиёда биз ҳали аъзо бўлмаган алоҳида энергетика тизими мавжуд. Лекин Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимини биргаликда бошқариш учун [«Тизим оператори»] келиши керак… Ўзбекистон томони буни тўлиқ қўллаб-қувватлайди…», – деди Россия энергетика вазири.

 

Цивилёв бунинг натижасида нафақат электр энергиясини тижорий экспорт қилиш, балки мамлакатлар ўртасидаги оқимларни бошқаришда ҳам тезда мувозанатлаш имкони пайдо бўлишини қўшимча қилди. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу қадамнинг тизим хавфсизлигини таъминлаш учун муҳимлигини ҳам эътироф этди.

«Агар тўсатдан кимдадир бирор ҳодиса юз берса, биз мувозанатни сақлаш учун мамлакатларнинг эҳтиёжларини оқимлар билан тезда қўллаб-қувватлай оламиз”, – деди Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тарқатган пресс-релизда айтилишича, Россия ва Ўзбекистон энергетика вазирлари икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ёқилғи-энергетика комплексига сармояларни жалб қилиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш каби масалаларни муҳокама қилишган.

Марказий Осиё республикалари ва Қозоғистоннинг жанубини ўзига олган ягона энергетика тизими 1960-1970 йилларда, яъни СССР даврида яратилган. У Тошкентда жойлашган мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилган. Марказнинг иши қишда ва ирригация даврида минтақа давлатларида электр энергиясига ҳамда оқар сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатлаб туришдан иборат бўлган. Афтидан энди бу ишни Россиянинг ана шундай мувозанатлаш тизими амалга оширадиган бўлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг