Алоқалар яна кенгаяди: Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида яна икки пост очилди

Янги чегара постларининг очилиши бунгача ишлаб келаётган постлардаги тирбандликни камайтиради.

Бугун, 12-сентябрда Қирғизистон-Ўзбекистон давлатларининг дўстлиги мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир исботи ўлароқ иккита чегара назорати ўтказиш бекатлари очилди.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Қорасув” назорат ўтказиш пункти 14 йиллик танаффусдан сўнг яна ўз фаолиятини тиклади. Фақат пост жойини бироз ўзгартириб, у ерда янги кўприк ва зарур иншоотлар барпо этилди.

“Қорасув – автомобил йўли” назорат-ўтказиш пункти Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Қорасув шаҳри ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ҳудудида жойлашган айнан шу номдаги жойдан ўрин олган. У  3 гектардан зиёд майдонга эга бўлиб, эндиликда пост орқали кунига 12 минг нафардан зиёд фуқаролар ўтиб-қайтишлари мумкин.

Бундан ташқари 13 йил аввал ёпилиб қолган Ўзбекистон томондан Наманган вилоятидаги «Учқўрғон», Жалолобод вилоятининг Новкент тумани томонида “Кенгсой” деб аталувчи чегара-божхона пости ҳам қайта очилди. Ушбу пост халқаро мақомга эга бўлиб, куну-тун аҳолига хизмат қилади. Ушбу бекат кунига 11 000 дан ортиқ одам ва 300 дан ортиқ автомашинага хизмат кўрсатиши мумкин.

Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасида жойлашган пунктларнинг очилиш маросимига икки давлатнинг нуфузли вакиллари иштирок этдилар. Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, сув хўжалиги, қишлоқ ва саноат вазири Бақит Тўрўбаев назорат-ўтказиш пунктларининг ўз ишини қайта тиклаши Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли амалга оширилганини алоҳида таъкидлади. Бу икки давлат фуқаролари учун янада қулай шароитлар яратишига ишонч билдирди.

Аввал чегарани кесиб ўтаётган Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг салмоқли қисми “Дўстуқ-автодорожний” назорат-ўтказиш пунктида навбатда туришга мажбур бўлар эди. Бунинг устига маҳаллий ҳайдовчилар ва аҳоли чегарадан ўтиш учун 200-300 чақирим қўшимча йўл босишлари лозим эди.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири – халқаро назорат-ўтказиш пунктлари ишини фаоллаштириш, фуқароларнинг давлат чегарасини кесиб ўтиши учун қулай шарт-шароит яратишдир. Ўтказиш пунктини очиш бўйича амалга ошираётган ҳозирги ҳаракатларимиз мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, туристлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим қадамдир”, – деди Бақит Тўрўбаев.

Жалолобод вилояти Новкен тумани ўзбек миллий-маданий маркази раиси Салима Артиқбаеванинг сўзларига кўра, чегара бекатларининг очилиши, икки давлат халқлари учун жуда катта шодиёна, унутилмас тарих бўлиб қолади.

“Икки халқ дўстлиги мустаҳкамланаётгани яна бир белги билан бугун исботланди. Бундан кейин ҳам дўстлигимиз абадий бўлсин. Давлатларимизга кўз тегмасин”, – дейди миллий-маданий марказ раисаси.

Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Ўш шаҳрига яқин жойлашган “Дўстуқ” чегара постида вақти-вақти билан узун навбат пайдо бўлиб, бу ноқулайлик кўплаб одамларнинг норозилигига сабаб бўларди. Энди эса унга қўшимча сифатида Қорасувдаги пост қайта очилди ва у барча зарур талабларга жавоб беради. Ўтказиш пунктининг ҳар икки томонидаги беш нафар ходим кунига 4-5 минг кишига хизмат кўрсатиши мумкинлиги айтилди.

Аввалроқ Ўшда қирғиз-ўзбек чегарасида иккита назорат-ўтказиш пункти очишга тайёргарлик кўрилаётгани айтилганди. Улардан бири – “Интимақ”да айни пайтда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, “Дўстуқ” постининг суткалик қуввати 16,5 минг киши, айни пайтда ундан кунига 18-26 мингга яқин киши ўтади ва бу катта навбат ҳосил қилади.

Постнинг очилиши қўшни давлат фуқаролари учун ҳам бир қатор қулайликларни юзага келтиради. Жумладан, Қирғизистоннинг  Ўш шаҳридан Жалолобод шаҳрига бориш учун шу вақтга қадар 120 км масофа босиб ўтилган бўлса, энди ушбу масофа 100 км.га қисқарди. Яъни, совет даврида бўлганидек, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб транзит тарзида атиги 19 км ҳаракатланиш кифоя.

Қайд этилишича, 2017 йилда иккала давлат ўртасида 2,3 миллион нафар фуқаролар борди-келди қилган бўлса, бу рақам 2023 йилга келиб 16 миллион кишига етган.

Икки давлат чегарасида жами 15 та назорат пункти мавжуд. Уларнинг аксарияти 2005 йилда Қирғизистондаги давлат тўнтариши билан боғлиқ сиёсий воқеалар туфайли Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпилган эди.

2016 йилдан бошлаб Бишкек ва Тошкент ўртасидаги расмий алоқалар яхшилана бошлагач, ҳаво ва автобус транспорти қатнови йўлга қўйилди, чегара постлари очила бошлади. Ўш вилоятидаги “Дўстуқ” чегара пункти 2017 йилда очилган. Орадан кўп ўтмай, Жалолобод вилоятидаги “Маданият” ва “Баймақ” пиёдалар ўтиш жойлари ўз ишини қайта тиклади.

Жорий йилнинг 28 август ҳолатига кўра “Маданият”, “Баймақ” (Жалолобод), “Дўстуқ” (Ўш), “Қизил-Қия”, “Қадамжой”, “Қайтпас”, “Ақ-Қия”, “Ўтукчи”, “ Чечме” (Боткен) постлари ишлаб келмоқда эди. Улар сафига энди яна иккита пост қўшилди. Бу шубҳасиз икки давлат ва қардош халқлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, қариндошчилик ва қуда-андачилик алоқаларининг кенгайишига зўр туртки беради.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг