Садир Жапаров: Ўзгалар қоидалари билан яшашдан бош тортиш авторитаризм эмас

Бугун Қирғизистонда давлат мустақиллиги ва Қора-қирғиз мухтор вилоятининг 100 йиллиги кенг нишонланди.

Бугун Қирғизистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилган кун. Бундан 33 йил аввал Қирғизистон МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, собиқ Совет Иттифоқидан ажралиб чиққан. Бугунги суверен мамлакат бўлган кун, ҳамда Қора-қирғиз мухтор вилоятининг ташкил этилганининг 100 йиллиги республика миқёсида катта тантана билан нишонланмоқда.

Бугунги байрам тадбирларида давлат раҳбари Садир Жапаров бошчилигидаги ҳукумат раҳбарлари, Жогорку кенеш депутатлари ҳамда бошқалар иштирок этишди.

Маросим бошида марказий майдонда янгиланган давлат байроғи 100 метр баландликдаги дастакка кўтарилди. Шундан сўнг, президент Садир Жапаров сўзга чиқиб, қирғизистонликларни Мустақиллик куни ҳамда Қора-қирғиз мухтор вилояти ташкил этилганининг 100 йиллиги билан табриклади.

“Бизнинг суверенитетимиз ҳеч қачон хавф остида қолмасин. Қирғизистон тараққиёти янги чўққиларни забт этаверсин, қизил байроғимиз ҳамиша фахр билан ҳилпираб турсин”, – деди Садир Жапаров ўз нутқида ва мустақиллик мамлакат халқи учун муқаддас қадрият эканини алоҳида таъкидлади.

газетa «Эркин Тоо» 1926

“Бугун бизнинг энг улуғ “Манас” достони яратилган она тилимиз, урф-одат ва анъаналарга бой миллий маданиятимиз, чуқур тарихимиз, энг муҳими, аждодларимиз маънавий меросини ўзида мужассам этган, баркамол ёшларимиз бор. Биз руҳи кучли буюк халқмиз”, – деди ўз нутқида Садир Жапаров.

Президент мустақиллик йилларида давлат турли синовларга дуч келганини таъкидлади. Чет эл маданиятидан кўр-кўрона нусха кўчириш менталитет ва қадриятларга ёт ҳодисаларнинг пайдо бўлишига олиб келганини таъкидлади.

“Оқибатда муқаддас тушунчаларимиз бузилиб, юртимиз заифлашмоқда. Нотўғри нутқ халқ иродасининг кўриниши сифатида қарала бошланди, анархия демократия билан, сўз эркинлиги эса ғийбат ва миш-мишлар билан алмаштирилди. Ҳамёни катта одамлар ўз манфаатини кўзлаб партиялар тузиб, сайловларда қатнашди. Ҳозир ҳам, Қирғизистон нотўғри йўлдан бориб, авторитар давлатга айланиб бормоқда, дея одамларни саросимага солаётганлар бор. Бугун биз бутун дунёда, айниқса ривожланган демократик мамлакатларда хавфсизликка талаб ортиб бораётганини кўряпмиз. Замонамизнинг чақириқ ва таҳдидларига яраша жавоб берадиган бошқарув тизимигина уларга керакли даражада жавоб бера олади”, – деди Садир Жапаров.

Унга кўра, бунинг учун ҳокимият вертикали кучли ва қатъий бўлиши керак. Раҳбарлар ўз ватанига нисбатан адолатли ва масъулиятли бўлиши лозим. Акс ҳолда, замон талаблари ва таҳдидларига қарши туриш қийин бўлади.

“Демократия ва ҳукумат бошқаруви, бозор ва мамлакат мувозанатини тартибга солиш ўртасида бировнинг қоидалари билан яшашдан бош тортиш ва миллий манфаатлар учун қайғуриш авторитаризм эмас. Бу бугун биз мустаҳкамлаб бораётган мустақил давлатимизнинг пойдевори”, – деди Садир Жапаров.

Президенти таъкидлаганидек, суверен давлат, энг аввало, ўз фуқароларининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлиши керак.

“Шунинг учун ҳар томонлама хавфсизликни таъминлаш бизнинг бирламчи вазифамиздир. Бугун биз ишонч билан айтамизки, биз янги Қирғизистон қуриш йўлига тушдик. Буларнинг барчаси конституциявий, фискал органлар, энергетика ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларимиз, ҳокимият вертикалини мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги тўғри ҳаракатларимиз самарасидир”, – дейди Садир Жапаров.

Президент ўз сўзида мамлакатнинг иқтисодий ўсиш даражасига ҳам тўхталиб ўтди.

“Куни кеча реал сектор ва ижтимоий соҳага оид қатор объектларни очиб, фойдаланишга топширдик. Кемин шаҳрида “Терек-Таш” клинкер заводи, Қадамжайда “Исфайрам-1” кичик гидроэлектр станцияси, Новқатда “Қора-Тектир” кичик гидроэлектр станцияси, “Қора-Булоқ” савдо-логистика зонаси, гўштни қайта ишлаш заводи ишга туширилди. От-Бошида, Норинда  Мин-Булоқ қурилиш материаллари корхонаси, Жайил туманида – «Жунда» нефтни қайта ишлаш заводи, Қора-Болтада – олтин қуйма ишлаб чиқариш заводи, Сузоқда – нефтни қайта ишлаш заводи ва Чотқолда – олтин бойитиш заводи ва бошқа кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари. Бундан ташқари, янги мактаблар, мактаблар учун қўшимча бинолар, болалар боғчалари, спорт залларини расман очдик”, – деди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтсак, кеча 30 август куни “100 йилликка 100та лойиҳа” асосида республика миқёсида 40та саноат ҳамда 60та ижтимоий объектларнинг расмий очилиши ўтказилди. Тадбирни давлат раҳбари онлайн тарзда кузатиб, иштирок этди.

Шундан сўнг, давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда мамлакат ривожига иқтисодий, ижтимоий, маданият, спорт, тиббиёт соҳаларида ўз хиссасини қўшган бир қатор шахслар “Данк” (“Шуҳрат”) медали ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Тадбирдан сўнг республика бўйлаб халқ сайли, турли маданий тадбирлар уюштирилди.

Қирғизистон мустақиллиги байрами билан президент Садир Жапаров номига Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Беларус, Озарбайжон, Туркия, Эрон, БАА, Миср, Корея, Сингапур, Германия, Италия, Австрия, Хорватия, Сербия, Черногория, Руминия, Фаластин президентлари, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Испания, Марокаш қироллари, Уммон султони, Япония императори, Венгрия Бош вазири ва бошқалар табрик йўлладилар.

Эслатиб ўтамиз, 1990-йил 26-декабрда Собиқ Совет Иттифоқи парчаланиб, унинг таркибига кирган 15 давлат мустақил бўлган. МДҲ давлатлари ичидан биринчилардан бўлиб, Қирғизистон 31 август куни, Ўзбекистон эса 1 сентябр куни ўз мустақиллигини эълон қилишган. Қўшни давлатлардан энг сўнгида Қозоғистон расман суверен бўлган.

Эртага, 1 сентябр Ўзбекистон Республикаси мустақиллик кунини нишонлайди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг