Шавкат Мирзиёев: Ёруғ ва нурафшон келажагимизни… албатта, барпо этамиз!»

Ўзбекистон президенти давлат мустақиллиги куни муносабати билан ўз халқига табрик йўллади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат мустақиллиги куни арафасида, шанба оқшоми Тошкентда барпо этилган «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғида ўтган тантанали маросимда нутқ сўзлаб, мамлакат халқини Мустақиллик байрами билан табриклади.

«Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий. Улар – ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадид боболаримиз, миллий озодлик йўлида жон фидо этган улуғ аждодларимиздир. Улар – ғоят оғир шароитда ҳам миллий истиқлол ва ҳуррият ғояларига содиқ қолган қаҳрамонларимиздир. Бугун уларнинг эзгу ғоя ва тамойилларига таяниб, янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини яратмоқдамиз», – деди президент Мирзиёев ўз нутқида.

Давлат раҳбари мамлакатда ўтказилаётган барча ислоҳотларнинг руҳи ва мазмунига «Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!» деган эзгу ғоя чуқур кириб бораётганини эътироф этди.

Президент бугунги кунда оламшумул аҳамиятга эга бўлиб қолган хавфсизлик масаласига тўхталиб, “тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларнинг иши бўлиб қолмаслиги кераклиги, бу иш барчанинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт эканини таъкидлади.

Таълим соҳасини такомиллаштириш – ўтказилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши эканини айтган президент мамлакатдаги барча муаммоларнинг ечими таълимда эканига урғу берди. “Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир», – деди у. – “…Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!»

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 37 миллионлик халқи билан аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланишини эслатиб, бу рақамни “ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак”, деган чақириқни ташлади.

Шавкат Мирзиёев «тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳи ҳукм сурадиган Янги Марказий Осиё ҳақидаги орзуси реал ҳақиқатга айланаётганини» айтиб, «бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ҳар томонлама соғлом сиёсий муҳит, келгуси авлодлар учун эркин ва хавфсиз келажак яратишимиз зарур. Айни пайтда дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли алоқаларимизни янги босқичга кўтарамиз», деди.

Президент ўз халқини октябрда бўлиб ўтадиган депутатлар сайловида фаол иштирок этишга, «Янги Ўзбекистон, эркин ва обод ҳаёт, болаларнинг бахтли келажаги учун овоз беришга» чақирди.

Мамлакат халқининг бир бўлиб, ақл-заковат, билим ва тажриба, куч-ғайратларини ишга солиб, кўзланган улуғ манзилга албатта етишига ишонч билдирган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев, ўз нутқини “Ёруғ ва нурафшон келажагимизни — янги Ўзбекистонни, албатта, барпо этамиз!» – деган илҳомбахш сўзлари билан якунлади.

Ўзбекистон давлат Мусьақиллигининг 33 йиллиги бутун мамлакат бўйлаб бугун кенг нишонланади. Биз бутун Ўзбекистон халқини ушбу сана билан самимий табриклаймиз, президент Шавкат Мирзиёв ўз нутқида айтган улуғ манзилга етиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида куч-қувват, ғайрат-шижоат ва уларнинг натижаси ўлароқ, буюк зафарлар тилаймиз.

Мустақиллик кунинг муборак бўлсин, янгиланаётган Ўзбекистон!

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти,

“Оқбура” ва “Алишер Навоий институти” сайтлари жамоаси

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг