Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин, азиз ватандошлар!

Қирғизистонлик юртдошларимизни бугунги давлат Мустақиллиги байрами билан самимий табриклаймиз!

Азиз дўстлар!

Ўқувчиларимизнинг асосий кўпчилигини ташкил қилиб келаётган қирғизистонлик мухлисларимизни, улар бугун дунёнинг қайси бурчагида бўлмасинлар, бугунги Қирғизистон давлат Мустақиллиги куни билан самимий табриклаймиз! Сизларга барча яқинларингиз, оила-аъзоларингиз билан бирга мустаҳкам соғлик, омад ва бахт тилаймиз. Хонадонингизда шоду-хуррамлик, файз-барака асло аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч ва обод бўлсин!

Ўтган 30 йилдан ортиқ давр ҳаммамиз учун ҳам осон бўлмади, лекин мамлакатда бугунги кунда амалга оширилаётган умидбашх ижобий ўзгаришларни кўрмаслик ҳам мумкин эмас. Коррупция, ўғрилик, ўзбошимчалик ва миллатчиликка қарши кураш, мамлакатнинг ҳудудий бутунлиги ва кўп миллатли халқининг бирдамлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида давлат раҳбарияти олиб бораётган ишлар тахсинга сазовор.

Қўшни Ўзбекистон билан турмушнинг барча соҳаларида тобора кучайиб бораётган ўзаро ҳамкорлик, қардош қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва биродарлик ришталари маданий-иқтисодий алоқалар барчамизни қувонтиради, эртанги кунга, келажакка бўлган ишончимизни янада орттириб, янги, олий мақсадлар сари етаклайди.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин, халқларимиз дўстлиги, ватанимиз тараққиёти бардавом бўлсин, Қирғизистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи янада ортиб, янги-янги чўққиларга кўтарилаверсин! Байрамингиз муборак бўлсин азизлар!

“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти,

“Оқбура” ва “Алишер Навоий институти” сайтлари жамоаси

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг