Ажойиб янгилик! Яқинда Қирғизистон «Тулпори» Ўзбекистонда ҳам ишлай бошлайди

Шунингдек Ўзбекистоннинг АТТО карталари билан Қирғизистон транспорт воситаларида юриш мумкин бўлади.

Яқин орада қирғизистонликлар Ўзбекистон ҳудудидаги жамоат транспортида маҳаллий «Тулпар» карталари билан бемалол сайру-саёҳат қилишлари мумкин бўлади. Шунингдек, ўзбекистонлик меҳмонлар ҳам Қирғизистон шаҳарларида АТТО карталаридан фойдаланиб, жамоат транспортида юришларига имкон бўлади. Бу ҳақда Бишкек шаҳри мэрияси ва АТТО оператори ўз сайтларида маълум қилишди.

Икки компания ўртасида имзоланган Ҳамкорлик ҳақидаги меморандум асосида икки тўлов тизими ишлаб чиқарувчилари ушбу ғояни амалга ошириш бўйича техник ишларни бошлаб юборганлар.

«Бу ҳамкорлик икки давлат транспорт тизимини интеграциясини тезлатишга қаратилган ва барча учун саёҳатларни янада қулайроқ ва яқинроқ қилади», дейилади Бишкек мэрияси тарқатган хабарда.

Ўзбекистоннинг АТТО компанияси эса бунга фаол ривожланиб бораётган туризм шароитида ҳар икки давлат аҳолиси учун ўзаро саёҳатлар янада қулайроқ бўлишига эришилишини қўшимча қилган.

Икки компания ўртасидаги «тарихий» деб аталган меморандум 19 август куни Бишкекда имзоланган.

“Тулпар” – Қирғизистон жамоат транспортида қатнов учун тўловларни автоматлаштириш тизими оператори бўлиб, ҳозирда фақат Бишкек шаҳрида фаолият кўрсатади. Ширкат мамлакатнинг барча шаҳарларида жамоат транспорти хизматлари тўловини автоматлаштиришни режалаштирган.

Компания таклиф қилган тизимга кўра, ҳозирча Бишкек шаҳрида жамоат транспортида нақд пулсиз тўлов тизими киритилган. Амалда йўловчилар жамоат транспортида (асосан автобус ва троллейбус) “Тулпар” карталари билан, барча банкларнинг VISA ва ЭЛКАРТ тизимидаги карталари билан, NFC виртуал карталари ҳамда бир қатор тўлов тизимлари орқали QR кодни сканерлаш йўли билан тўловларни амалга оширишлари мумкин.

“Тулпар” карталарини алоқа операторларининг шаҳардаги идораларида, почта бўлимларида ва автобус ҳамда троллейбус ҳайдовчиларидан сотиб олиш мумкин. Бундан ташқари катта ёшдаги фуқаролар бир ой давомида чекловсиз фойдаланиш учун 1020 сўмга ойлик карталарни сотиб олишлари мумкин. Мактаб ёшидагилар учун бундай чекловсиз карталар 360 сўмни ташкил қилади.

Бишкек шаҳри пенсионерлари, жисмоний саломатлиги чекланган шахслар ва почтальонлар учун имтиёзли карталар мавжуд бўлиб, улар бепул берилади.

Ўзбекистоннинг АТТО карталари ҳам деярли шундай тизимда тўловларни амалга оширишда воситачилик қилади. Бу компаниянинг тўрт турдаги карталари бўлиб, уларнинг ранги турлича: умумий карталар (кўк), мактаб ўқувчилари учун (яшил), талабалар учун (сариқ) ва ижтимоий (қизил). Уларнинг нархлари ҳам турлича.

АТТО карталаридан ҳозирча фақат Бишкекда фойдаланиш мумкин бўлади. “Тулпар” картасини Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларида қўллаш мумкинлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Муҳими, яна бир яхши ташаббус бошланибди. Бу эзгу қадам хайрли ва баракотли бўлиб, икки қардош халқ ва давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилсин!

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг