Олимпиада-2024: Қирғизистон олтин ололмади, лекин тарихий натижани кўрсатди

Икки кумуш ва тўрт бронза медалини қўлга киритган Қирғизистон спортчиларини бутун мамлакат олқишламоқда.

Рости, қирғизистонлик спорт мухлислари ўз спортчиларидан камида икки олтин медал кутган эдилар. Умуман эса бир қатор спортчилар олий мукофотга даъвогарлар қаторида тилга олиниб келарди. Улар орасида Токиодаги олимпиадада кумуш медал совриндорлари бўлган курашчилар Айсулуу Тинибекова ва Ақжўл Махмудов, Парижда кумуш медал соҳибаси бўлган Мээрим Жуманазарова, бу сафар бронза медали билан кифояланган Узур Жусупбеков ва бошқаларни айтиш мумкин.

Бу сафар тўрт спортчи бронза медали билан қайтган бўлсалар, Мээрим Жуманазарова мамлакатга биринчи кумуш медални олиб берди. Токиодаги олимпиададан у бронза медали билан қайтган эди. Умидни оқлай олмаган олтин медалга даъвогарлардан сал ранжиган мухлисларни кутилмаганда спортнинг янги юлдузи, бунгача кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб келаётган боксчи Мунарбек Сейитбек уулу хурсанд қилди.

Қирғизистон делегацияси сафида борган ягона боксчи кутилмаганда кетма-кет ғалаба қозониб, финалгача етиб борди. Финал жангида у ўзбекистонлик кучли спортчи Абдумалик Халоқовга ғалабани бой берди ва командада иккинчи кумуш медал соҳиби бўлди.

Мунарбек яна бошқа бир сабаб туфайли ҳам эл оғзига тушиб, интернетда энг кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлган спортчи бўлиб қолди. Гап шундаки, унинг шахсий тренери Беганас Абдилдаев турли сабабларга кўра, катта эҳтимоллик билан спорт амалдорларининг айби билан, Парижга бора олмай қолган. Шу сабабдан унга уч жанг давомида ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилиб турди.

Бу қирғиз ва ўзбек спорт мухлисларигина эмас, бутун бошли икки халқнинг қалбида илиқлик пайдо қилиб, қардош халқлар орасидаги дўстлик, бирдамлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мунарбек эса Қирғизистон бокси тарихида олимпиадада кумуш медал олган биринчи боксчи бўлиб қолди.

Олимпиада ўйинларида кўпчиликнинг олқиши ва қўлловига сазовор бўлган яна бир спортчи курашчи Айсулуу Тинибекова бўлди. Токиода олтин медал олишига бир баҳя қолган, лекин кумуш медал билан чегараланган полвон қизнинг бу сафар омади чопмади. Ярим финал ўйинларида у украиналик рақибига ютқазиб қўйди. Кейин тасалли берувчи курашда иштирок этиб, охир-оқибат бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Мамлакат президенти Садир Жапаров телефон орқали суҳбатда Мээрим Жуманазаровани ғалабаси билан табрикламоқда

Кейинроқ маълум бўлишича, Айсулуу жиддий жароҳат туфайли курашларда тўлақонли иштирок эта олмаган. Мамлакат президенти Садир Жапаров билан телефон орқали суҳбатда Айсулуу олимпиададан аввалроқ оёғининг тўқималарини чўзиб олгани, шу сабабдан анча вақтгача юролмай ҳам қолганини тан олди. Парижга йўл олишдан олдингина врачлар унинг оёғига қўйилган махсус мослама – шинани олишган. Шу сабабдан спортчининг олимпиадага қатнашиши ҳам анчагача гумон туғдириб турган.

Нима бўлганда ҳам, бу сафарги олимпиада Қирғизистон терма жамоаси учун учун жуда натижали бўлди. Бор-йўғи 16 кишидан иборат команданинг олти медал билан қайтиши жуда яхши кўрсаткич бўлиб, бунақаси ҳали мамлакат тарихида бўлмаган эди. Қолаверса, бир неча бор кўп сонли спортчи билан иштирок этган, иқтисодий томондан ривожланган давлатларнинг спортчилари ҳам кўп ҳолларда уйларига қуруқ қайтдилар. Масалан, Қозоғистондан Париж олимпиадасига 80 спортчи борган бўлса, улар бўлгани 7 медал (бир олтин, учтадан кумуш ва бронза) билан қайтишди.

Умумий ҳисобда Қирғизистон спортчилари жаҳон медаллар ҳисоби жадвалидан 68-ўринни эгалладилар. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон ва Қозоғистондан кейин учинчи ўрин демак. Қирғизистон спортчиларининг бу жасоратлари ва ғалабага бўлган интилишларини халқ, давлат жуда юқори баҳолаб, самимий олқишламоқдалар. Президент Садир Жапаров эса ҳар бир ғалаба қозонган спортчи билан телефон орқали мулоқот қилиб, ютуғи билан табриклаб турди. Бу эса қолган спортчиларга далда бериб турди.

Ҳозирда мамлакат ўз қаҳрамонларини муносиб кутиб олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг