Олимпиада-2024: Халқларни ва давлатларни бирлаштираётган спорт
Париж олимпиадаси Марказий Осиё халқлари ўртасида мисли кўрилмаган бирдамлик ва хайрихоҳликка сабаб бўлмоқда.
Франция пойтахти Парижда бўлиб ўтаётган Олимпиада ўйинларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулуга ёрдам берган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановнинг фаолияти нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки дунёнинг бошқа давлатларида ҳам олқишларга сазовор бўлмоқда. Бу ҳолат нафақат икки миллат, балки Марказий Осиё давлатларининг иттифоққа бирлашуви яқин деган фикрлар айтилмоқда.
Нимчорак, чорак ва ярим финал ўйинлари давомида Ҳасанов Мунарбекнинг ёнида бўлиб, унга чин юракдан, самимий ва усталик билан секундантлик қилиб турди. Боксчининг эришган ютуқларига болалардек беғараз қувонди. Тақдирни қарангки, эртага, 11 август кунги финалда Мунарбек Сейитбек уулу ўзбекистонлик Абдумалик Ҳалоков билан олтин медал учун майдонга тушади. 24 ёшли ўзбек боксчиси ўтган йили дунё чемпиони бўлган.
Бу ҳолат спорт мухлисларида, айниқса Қирғизистонда катта баҳсларга сабаб бўлди. Финалда Мунарбекка ким секундантлик қилади, деган савол кун тартибига чиқди. Ахир бу ерда манфаатлар тўқнашуви, этика масалалари бор. Бу масала ижтимоий тармоқларда турли фикр ва таклифларни пайдо қилди. Одамларнинг умумий кайфиятини бишкеклик журналист Султан Қаназаров жуда яхши ифода этган.
“Энди бокс бўйича Олимпиада финалида ким ғалаба қозониши муҳим эмас, “бизнинг йигит” ғалаба қозонишини, у қирғизми ёки ўзбекми, ҳар ҳолда “бизники” эканлигини олдиндан биламиз. Ҳамма ўз тилида гапирса ҳам, бир-биримизни тушунадиган ҳудудда яшовчи йигитлардан бири ғолиб бўлади. Динимиз бир, еримиз бир, бир дарёнинг сувидан ичамиз. Қирғиз етиштирган гуручдан ўзбек тайёрлаган паловни еган йигит ғолиб бўлади, Тошкентдаги қозоқ ресторанида бешбармоқ ейишни яхши кўрган йигит ютади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба бизники”, деб ёзди Султан Қаназаров ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Ҳақиқатан ҳам, асрлар давомида ёндош яшаб келаётган қардош халқларнинг ўғлонлари финалда дўстона жанг намойиш этиши кутилмоқда. Олимпиада ўйинлари қоидасига мувофиқ спортчиларга жанг давомида секундант ҳамроҳлик қилиши керак. Қирғиз боксчиси Мунарбек Сейитбек уулуга саралаш ва ярим финалда ўтказган жангларида ҳамроҳлик қилган ва унинг ғалаба қозонишига ўз ҳиссасини қўшган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановнинг финалда қайси тарафда иштирок этиши қизғин муҳокама қилинмоқда.
Биз аввал ёзганимиздек, Мунарбекнинг ўз устози у билан Парижга бирга бормагани маълум бўлгач, қирғизистонликлар Акмал Ҳасановга миннатдорчилик билдириб, Мунарбекнинг мураббийи Беганас Султанбаевни зудлик билан шогирди олдига юбориш кераклигини айтишди.
Бунга жавобан Қирғизистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, мураббий Беганас Султанбаев Парижга аккредитациядан ўтишга улгурмай қолгани сабаб бўлганини маълум қилди.
Бокс бўйича Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи Данияр Тўлўгўн уулуга кўра, Акмал Ҳасанов финалда Мунарбекнинг секунданти бўлмайди, чунки у ўзбекистонлик Aбдумалик Халоқовга ҳамроҳлик қилади. Бирок, бош мураббий финалда Мунарбекка ким ёрдам беришини очиқламаган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Мунарбек Сейитбек уулу ва Акмал Халоқовларнинг ўзаро муносабатлари тўғрисида ҳам ўз фикрларини ёзиб, ижобий изоҳлар қолдиришмоқда. Ҳамма Ҳасановнинг финалда Мунарбек билан бирга бўлолмаслигини тўғри тушунади.
“Бу мантиқан тўғри. Финалдан кейин ҳеч қандай савол бўлмаслиги учун, қирғизистонлик боксчига бошқа секундант ёллаш керак”, дейди ўшлик Баҳром Раҳмон.
“Акмални тушунса бўлади, ундан хафа бўлиш керакмас”, дейди Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Турсунбай Бакир уулу.
“Қандай бўлмасин, фақат бир-биримизга ёрдам бериш орқали муваффақиятга эришиш мумкинлигини кўрсатган Инсонга катта раҳмат”, деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Утарбек Асранқулов.
“Ўз ватандошига қарши чиқишни ҳоҳламади, уни ҳам тўғри тушуниш керак”, дейди марғилонлик мухлис Абдулҳай Аҳмад.
“Бу финалда икки спортчига ҳам омад тилайман. Ким ғалаба қозонса ҳам хурсанд бўламиз. Иккаласи ҳам мен учун чемпион!”, дейди тошкентлик Aброр Қурбонмуратов. Бу ҳам кўпчилик мухлислар дилидаги фикр деган хато бўлмаса керак.
Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулу 57 килограммгача вазн тоифасида Париж олимпиадасида финалга чиқди.
Мунарбек ярим финалда ғалаба қозониб, олимпиада олтини учун курашиш имкониятини қўлга киритганида, унга ёрдам бераётган Акмал Ҳасанов қувонганидан турган жойида сакраб, ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмай ҳаяжондан, қирғизистонлик мураббий билан қучоқлаша кетди. Интернет тармоқларига жойлаштирилган бу видео остида тинимсиз Ҳасановга нисбатан ижобий фикр ва миннатдорчиликлар ёзилмоқда.
Қирғизистонлик блогерлардан бирининг кўпчиликни қизиқтираётган, финалда Акмал Ҳасанов қайси тарафда бўлади, деган саволига у бундай жавоб берди:
“Ким, қаерда бўлишини финалда кўрасизлар, инша Оллоҳ. Энг муҳими, Мунарбекнинг жанглари тарихга кирди. Финалда ким бўлишидан қатъий назар, кучли ғалаба қозонсин, биз шунинг тарафдоримиз, шунга хурсанд бўламиз. Асосийси, финалга Ўрта Осиёнинг боксчилари чиқди”.
Акмал Ҳасанов шунингдек, икки давлат спортчилари ўзаро ҳамкорликни давом эттириб, бир-бирларини қўллаб-қувватлашда давом этишларини айтади.
“Қирғизистон халқини бу биринчи ютуғи билан чин қалбимдан табриклайман. Бу [мустақил Қирғизистон] бокс тарихида бўлмаган. Мен шу тарихга оз бўлсада, ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. Худо хоҳласа, бундан ҳам яхши натижаларга эришилади. Қирғизистон бокси дунёда зўр бўлсин! Олимпиадада қатнашаётган барча спортчиларга омад! Оллоҳ юзларини ёруғ қилсин. Биз хурсандмиз, ҳар доим сизларни қўллаб-қувватлаб, ёрдам берамиз”, дейди Ўзбекистон бокс терма жамоасининг мураббийи Акмал Ҳасанов.
Бишкеклик журналист ва таржимон Aбдумўмун Мамараимов, финалда Aкмал Ҳасанов ўз ҳамюртини қўллаб-қувватлашини, лекин шу билан бирга диллари ошно бўлиб қолган Мунарбегига ҳам жони қайишиб туришига тўла ишонишини айтади.
Шунингдек у: “Aгар Қирғизистон ва Ўзбекистон киноижодкорлари Мунарбек, унинг устози Беганас Султанбаев ва Aкмал Ҳасановлар ҳақида фильм суратга олишса, жуда таъсирли ва яратувчилик руҳидаги фильм олинган бўларди. Сценарий деярли тайёр, ҳужжатли кадрлар етарли, аммо, бу воқеада яна қанча қизиқарли лаҳзалар бўлганини биз ҳали билмаймиз…”, деб ёзди у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Яқинда уйланади
Мунарбекнинг отаси Сейитбек Тўктўсунов ўғлининг ғалабасидан бениҳоя хурсанд эканини яширолмайди.
“Жуда хурсандмиз. Олдинда яна бир жанг бор. Шунда ҳам ютса экан, деб Оллоҳдан сўраяпмиз. Авваллари жанг қилаётганини кўриб, чидаб туролмасдик. Энди сал кўникиб қолдик. Барча қариндошлар.., халқимиз хурсанд бўлиб, табриклаяпти. Масжидларда дуолар қилиниб, Оллоҳ омадини беряпти”, дейди спортчининг отаси.
Қирғизистон спорти юлдузига айланган 28 ёшли Мунарбек оилада 5 фарзанднинг ўртанчаси. Ҳозирда Ўш шаҳридаги оғир атлетика ва бокс мактабида мураббий бўлиб ишлайди. Ҳамон бўйдоқ. Афтидан, олдига олимпиададаги ғалабамдан сўнг уйланаман деб мақсад қўйган шекилли.
“Худо хоҳласа, Олимпидадан қайтиб келганидан кейин, яқин орада уйлаймиз”, дейди Сейитбек Тўктўсунов қувонч билан.
Мунарбек Сейитбек уулу мустақил Қирғизистон тарихида олимпия ўйинларида бокс бўйича финал босқичига чиққан биринчи спортчи ҳисобланади. Шу маънода у Қирғизистон спорти шарафли тарихининг ёзилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Париж Олимпиадаси ўйинларида Қирғизистондан 16 нафар спортчи иштирок этмоқда. Бунгача улар битта кумуш ва учта бронза медалига эга бўлдилар.
Мээрим Жуманазарова 68 килограммгача бўлган аёллар курашида кумуш медални қўлга киритди. Юнон-рум кураши бўйича 60 килограммгача бўлган беллашувларда Жўламан Шаршенбеков, 77 килограммгача вазнда Ақжўл Маҳмудов, 97 килограммгача бўлган вазнда Узур Жусупбеков бронза медалларини қўлга киритишди. Ҳозирча бир кумуш ва учта бронза медали билан Қирғизистон 71 давлат орасида 65-ўринни эгаллаб турибди.
10 август куни аёллар курашида 62 килограмм вазн тоифасида Айсулуу Тинибекова бронза медали учун кураш олиб боради. Шу куни курашчилар Эрназар Aқматалиев ва Aйпери Медет қизи ўз беллашувларини бошлайдилар. Шунингдек, эркин кураш бўйича 125 кг вазн тоифасида Aйаал Лазарев тасалли берувчи баҳсда канадалик Aмарвир Деси билан курашадиган бўлди. Aгар у ғалаба қозонса, бронза медали учун курашиш ҳуқуқини олади.
Қирғизистонлик спортчиларнинг чиқишлари 11 август куни марафончи Сардана Трофимованинг иштироки билан якунланади.
Қўшниларнинг спорт билан ҳамоҳанг сиёсати
Париж Олимпиадаси ўйинларида иштирок этаётган Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон спортчиларининг ғалаба ёки мағлубиятлари ҳақидаги хабарлар остида ҳамма бир-бирига табрик ёки тасалли сўзларини ёзишмоқда. Деярли барча изоҳларда шунчаки қўшни эмас, аслида халқларининг эътиқоди, тили ва маданияти бир бўлган бу уч давлатнинг байроқлари акс этган.
“Қирғизистонлик боксчи учун ўзиникидек қувонган ўзбекистонлик мураббий, телевизорда Ақжўлни олқишлаган қозоғистонлик спортчилар, [ўзбекистонлик] Диёранинг дзюдодаги олтинидан қувонган қирғизистонлик мухлислар. Узоқ вақт давомида биринчи марта спорт бу уч мамлакатнинг аҳолисини ажратмади, балки бирлаштирди”, деб ёзади бишкеклик журналист Султан Қаназаров.
Унинг фикрича, одамларга узоқ вақтдан бери бир-бирлари учун қувонишга сабаблар етишмаётганди. Мана энди бу сабаб нафақат спортда, балки турмушнинг барча соҳаларида ҳам намоён бўлмоқда. Бугунги кунларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида маслаҳатлашув саммитида экани ҳам катта рамзий маънога эга.
“Яқинда уч давлат иттифоқ тузиш масаласини фаол муҳокама қила бошлади. Aфтидан, бу савол одамлар орасида аллақачон пишиб етилган”, дейди Қаназаров.
Астанада ўтаётган учрашув ва у ерда берилаётган сиёсий баёнотлар ушбу фикрнинг ёрқин далили бўлиб турибди.
Афсуски, 1990 йили Собиқ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатлари, ўтган давр ичида Иттифоқ тузиб, бирлашишлари мумкин эди. Бироқ, айрим давлат раҳбарларининг шахсий сиёсий амбициялари ҳамда ана шундай бирлашувни истамаган ташқи кучларнинг таъсири остида бу ғоя амалга ошмай келаётган эди. Афтидан бунинг учун сиёсий, иқтисодий ва бошқа шарт-шароитлар энди пишиб етилди.
Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузилиб, ўзаро ҳамкорлик янада кучайса, чегаралардан ўтиш осонлаштирилса ва ягона пул бирлиги жорий қилинса, нафақат минтақа халқларининг турмуш тарзи яхшиланади, балки минтақада катта бир сиёсий-ҳарбий куч ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бу эса шубҳасиз минтақада ва жаҳонда тинчлик, иқтисодий барқарорликнинг қарор топишига жиддий таъсир қилади.
Шохруҳ Соипов, Оқбура.
Расм интернетдан олинди