Олимпиада-2024: Мунарбек иккинчи кумуш соҳиби бўлди, Айсулуу бронза эгаси

Афтидан шу билан қирғизистон спортчиларининг Париждаги ғалабага эришиш имкониятлари ниҳоясига етди.

Ниҳоят кўпдан кутилган воқеа юз берди – Париж олимпиадасининг юлдузига айланган миллий қаҳрамон Мунарбек Сейитбек уулу олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритди.

Тарихий ғалаба

Финалда Мунарбек ўзбекистонлик рақиби Абдумалик Халоқовга 5:0 ҳисобида енгилиб, иккинчи ўринни олди. Лекин бу билан у қирғизистон спорти тарихида бокс бўйича биринчи бор ана шундай юксак кўрсаткичга эришган спортчи бўлиб қолди. Бунгача Қирғизистон боксчилари олимпиада ўйинларида нимчорак финал ўйинларига ҳам ета олмай келган эдилар.

“Халқимнинг қўлловини ҳис қилдим, ҳаммасига раҳмат”, – деди 28 ёшли спортчи жангдан сўнг “Озодлик”нинг қирғиз хизматига. – “Тақдиримизга кумуш медал ёзилган экан, шу насиб қилди. Албатта, бошида олтин медал оламиз деб, келгандик… Барчангиздан миннатдорман”.

Мунарбекнинг рақиби, олимпиаданинг олтин медали соҳиби бўлган Абдумалик Халоқов рақибини кумуш медали билан табриклади.

“Биз фақат рингда рақибмиз. Ундан ташқарида қариндошмиз. Кумуш медали билан табриклайман”, – деди олимпиада чемпиони.

Финал ўйинларининг ана шундай натижа билан тугашини кўпчилик тахмин қилган эди. Чунки 24 ёшли Халоқов – Ўзбекистоннинг энг кучли спортчилари сафида бўлиб, бунгача жаҳон чемпионатларида олтин ва кумуш медалларни енгиб келган. Осиё чемпиони ва бронза медали соҳиби.

Мунарбек Халоқов билан бунгача 2023 йилда Жаҳон чемпионатининг ярим финалида учрашган. Ўшанда у жанг пайтида жароҳат олгани сабабли ғалаба ўзбекистонлик спортчига берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Мунарбекнинг шахсий тренери спортдаги амалдорларнинг айби билан Париж олимпиадасига бора олмай қолгани сабабли мусобақалар пайтида унга ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилган ва бу интернетда катта шов-шувга сабаб бўлган. Асосий фикр бу ҳолатнинг қирғиз ва ўзбек халқларининг дўстлиги рамзи бўлиб қолгани ҳақида бўлди.

Асли ўзганлик бўлган Мунарбек Сейитбек уулу 28 ёшда. Ўшдаги спорт клубларидан бирида тренерлик қилиб келади. Ўтган йилги жаҳон чемпионатида бронза медалини ютиб олган. Қатор халқаро мусобақаларда ғалаба қозонган, олимпиада ўйинларида биринчи бор иштирок этиши.

Бокс бўйича Парижда у ёлғиз ўзи Қирғизистон шанини муносиб ҳимоя қилди. Охирги марта бокс бўйича олимпиада ўйинларида Қирғизистон спортчилари қарийб ўн йил аввал, 2016 йилда иштирок этишган, лекин финал ўйинларига ҳам етиб бора олишмаган эди.

Баракалла Айсулуу!

Париж олимпиадасининг Қирғизистон терма командаси сафидаги яна бир пешқадами, аёллар кураши бўйича жаҳон чемпиони, Токио олимпиадасининг кумуш медали совриндори Айсулуу Тинибекова бу сафар бронза медали билан чекланди. Кўпчилик олтин медал кутаётган полвоннинг бу сафар омади келмади. Финал ўйинларида у украиналик рақибасига енгилиб қолди.

Бронза учун бўлган курашда эса Айсулуу мўғилистонлик курашчи Ўрхон Пуревдоржни енгиб олди. Қизиғи, курашнинг биринчи қисмида мўғулистонлик полвон 6:0 ҳисобида олдинда бораётган эди. Иккинчи бўлимда Айсулуу аввалига икки очко олди, кейин учрашув тугашига бир неча сония қолганда рақибини кўтариб урди. Бу усул учун 4 очко олган Айсулуу ҳисобни тенглади, ҳакамлар очколар сифати бўйича ғалабани қирғиз полвонига бердилар.

Тинибекова билан Пуревдорж ўтган йили Астанада ўтган Осиё чемпионатида ҳам беллашиб, Айсулуу 9:5 ҳисобида ғалаба қозонган. Айсулуу ҳам, Ўрхон ҳам 31 ёшда, афтидан бу уларнинг олимпиада ўйинларидаги охирги иштироклари. Токиодаги олимпидадан кейин Айсулуу Тинибекова Париж олимпиадасида қатнашиш ҳақида узоқ ўйланиб, кейин иштирок этиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Тинибекова олипиада ўйинларида 4 марта иштирок этаётган бўлса, Ўрхон иккинчи марта қатнашиши.

Бу икки спортчининг яна бир учрашуви кўпчиликнинг эсида қолган бўлиши керак. 2018 йили Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари финалида Айсулу Ўрхонга 11:0 ҳисобида ютқазиб қўйган. Айсулуудек кучли спортчининг ўртамиёна спортчига бу қадар катта ҳисобда ютқазиши кўпчиликни ҳайратга солган. Лекин кўп ўтмай, мўғулистонлик спортчининг қувватлантирувчи модда қўллангани аниқланиб, чемпионлик номидан маҳрум қилинган ва бу ном Айсулуу Тинибекова топширилган эди.

Айсулуу Тинибекова Қирғизистон спорти тарихида алоҳида ўринга эга бўлган полвон. У аёллар кураши бўйича уч марта жаҳон чемпиони, беш марта Осиё чемпиони бўлган. Жаҳон кураш ташкилоти Айсулууни 2023 йили дунёнинг энг кучли полвон аёли деб тан олган.

Муҳими иштирок…

Афсуски, олимпиадада иштирок этаётган курашчилардан Айаал Лазарев, Бекзат Алмаз уулу, Эрназар Ақматалиев ва Амантур Исмаиловлар медал олганлар қаторидан жой олишолмади. Машҳур ибора билан айтганда уларни “муҳими – иштирок” деган сўзлар билан юпатишга тўғри келади.

Париж олимпиадасига Қирғизистондан 16 спортчи иштирок этиб, улардан икки нафари кумуш, тўрт спортчи бронза медалларини енгиб олишди. Бу билан Қирғизистон спортчилари битта бўлсаям медал олишга эришган 80дан ортиқ ўлка ичида 68 ўринни эгаллаб туришибди. Бугун, 11 август, олимпиаданинг охирги куни Қирғизистон спортчиларидан бир киши – Сардана Трофимова марафон югуришида иштирок этади.

Сардана 36 ёшда бўлиб, асли россиялик ёқут қизи. Енгил атлетика бўйича Россиянинг беш карра чемпиони. Курашчи Айаал Лазарев каби 2022 йилдан бери Қирғизистон байроғи остида курашиб келади. Бунгача халқаро мусобақаларда ғалабага эриша олмаган.

Унга омад тилаб қоламиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг