Сайёра раҳбари Марказий Осиёда: Антониу Гутерриш минтақа бўйлаб сафар қилмоқда
Меҳмон билан минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар тафсилотлари ошкор қилинмаяпти.
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш расмий сафар билан Марказий Осиё минтақасига келди. Бугун, 2-июл у Қирғизистонда бўлиб, президент Садир Жапаров билан учрашди. Иссиқкўл бўйидаги Чўлпонота шаҳрида олий мартабали меҳмон билан Жапаров БМТ ва Қирғизистон ўртасидаги умумий ҳамкорликнинг аҳволи ва келажакдаги имкониятлари ҳақида суҳбат қурдилар. Шунингдек халқаро кун тартибида турган масалалар бўйича фикр алмашиниши кўзда тутилган.
Маълумки, БМТ Бош котиби бугунги кунда Исроилнинг Фаластин халқига қарши қирғин-барот уруши ва қатлиомини қаттиқ танқид қилиб келмоқда. Унинг бу сиёсий позициясини БМТга аъзо бўлган юзга яқин давлатлар қўллаб-қувватламоқдалар. Шу билан бирга Исроил тарафдори бўлган бир қатор давлатлар, биринчи галда Исроилнинг ўзи, АҚШ ва бошқа давлатлар Гутерришни қаттиқ танқид остига олиб келишмоқда.
Антониу Гутерриш Фаластин ва Украинадаги урушни тўхтатиш борасида бир қатор ташаббус ва талаблар билан чиқиб, бу мақсадга эришиш йўлида сайъ-ҳаракатлар қилмоқда. Жумладан, БМТ Бош ассамблеяси Фаластинда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилишга интилиб келади, бироқ бунга Исроилнинг бош ҳомийси бўлган АҚШ қарши чиқиб, вето қўйиб келмоқда.
Қирғизистондаги бугунги учрашувдан сўнг Гутерриш эртага эрталаб Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрига, ШҲТ давлатлари саммити ишида иштирок этиш учун жўнаб кетади.
Бунгача Бош котиб (30 июн куни) расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди ва Тошкент шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.
Учрашувлар чоғида Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг турли институтлари билан ҳар томонлама ҳамкорлигини янада кенгайтириб, мустаҳкамлаш масалалари тилга олинди. Олий мартабали меҳмон президент билан оламшумул сиёсатнинг кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорликка доир долзарб муаммоларни муҳокама қилишди.
Гутерришнинг минтақадаги учрашувлари ва уларнинг тафсилотлари ҳақида кенг маълумотлар йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бунинг сабаби бугунги халқаро аҳволнинг жуда мураккаблашиб кетганида. Асосий халқаро масалалар – Исроилнинг Фаластиндаги қирғини ва Россия-Украина уруши борасида дунё давлатлари асосан икки лагерга бўлиниб қолган. Йирик давлатлар, айниқса АҚШ ва унинг Европадаги гумашталари Исроил ва Украинага қарши чиққан давлатларга қарши қаттиқ сиёсат юритишиб, кетма-кет санкциялар жорий қилишмоқда. Жумладан минтақа давлатлари ҳам Россияга хайрихоҳликлари туфайли қисман ана шу санкциялар аччиғини тотишга мажбур бўлишяпти.
Шу билан бирга Россия, Хитой бош бўлган Шимолий Корея ва бошқа ўнлаб давлатлар АҚШ ва ғарб давлатлари сиёсатига муқобил халқаро тартибни жорий қилиш устида ишламоқдалар. Астанада 3-4 июл кунлари ўтадиган ШҲТ саммити бу борада янги бир муҳим босқич бўлиб қолиши мумкин. Шу сабаб бу масалаларда турли давлатлар ўз позицияларини ошкора қилишдан тийилиб турибдилар. Бундан ташқари минтақа давлатлари ичида ҳам нозик масалалар йўқ эмас.
Масалан, БМТ бош котибининг Тожикистонга ташрифи арафасида тожик мухолифати вакиллари Антониу Гутерришни ўнлаб сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод этишда кўмаклашишга чақиришди. Туркманистонда ҳам бу борада муаммолар керагидан кўп. Бироқ бу ҳақдаги маълумотлар ушбу минтақанинг энг ёпиқ мамлакатидан ташқарига чиқарилмайди.
Шу сабабданми, 29 июн куни БМТ раҳбарининг Тожикистонга ташриф буюриб, Душанбе шаҳрида президент Эмомали Раҳмон, ҳукумат аъзолари ва жамоат ташкилотлари аъзолари билан учрашиши эълон қилинган бўлсада, ҳозирча бу учрашув ва унинг тафсилотлари ҳақида маълумот йўқ.
Нима бўлганда ҳам Антониу Гутерришнинг бу сафари чоғида бутун минтақа давлатларига ташриф буюриши кўзда тутилган. Эҳтимол у бошқа давлатлар, айнан Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан Астана учрашиш билан кифояланади.
Антониу Гутерриш Марказий Осиё минтақасига сўнгги бор 2017-йилда ташриф буюрган эди. У пайтлар нафақат урушлар, балки КОВИД билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлмаган тинч даврлар эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди