Умрларга зомин бўлган сел: Ўш вилоятининг Новқат туманини сув қоплади

Сўнгги кунларда Қирғизистон бўйлаб кучли сел келиши оқибатида аҳолига жиддий талофат етмоқда.

Ўш вилоятининг Новқат туманига қарашли Абшир-Ота қишлоғида қутқарувчилар селда оқиб кетган олти кишининг жасадини топишди. Кеча 4 кишининг танаси топилган бўлса, бугун икки ёш боланинг жасадлари ички ишлар органларига топширилди. Унинг кимлиги ва ёши аниқланмоқда. Ҳалок бўлганлар бўйича маълумот яна аниқланмоқда. Кеча Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) беш кишининг жасади топилгани, ўлганлар сони 10 нафарни ташкил қилиши ҳақида айтилган ва кейин бу маълумотни рад этган эди.

Бундан ташқари Дам олиш масканларида дам олаётган 1300 киши йўл ювилиб кетиши оқибатида мамлакатнинг қолган қисмидан узилиб қолишган эди. Улар ФВВ вертолётлари ёрдамида хавфсиз жойга олиб чиқилди ва зарур ҳолларда ёрдам кўрсатилиб, уйларига жўнатилмоқда.

Президентнинг Ўш вилоятидаги вакилининг биринчи ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва юзлаб қутқарувчилар жойларда ишламоқда.

Кучли сел оқибатида бир нечта кўприк ва йўллар бутунлай бузилиб кетган, ўнлаб уйлар сув остида қолган. Новқат туманидаги Қулатов қишлоғида 28-июн куни соат 16:10 да кучли ёмғир туфайли Абшир-Ота қишлоғида сув тошқини содир бўлди. Сел оқибатида сой қирғоғида дам олаётган одамларни сув оқизиб кетган. Ҳалок бўлганлар орасида ёш болалар ҳам борлиги маълум қилинган.

 

«Ўн уч ва ўн беш ёшли болаларнинг жасади Абшир-Ота туманида топилиб, қариндошларига топширилди. Қолган уч кишининг шахси аниқланмоқда…» – дейилади вазирликнинг Ўш вилоятидаги котиби таратган маълумотда.

Табиий офат оқибатда ички хўжалик кўприги, 37-йўл хизмати ишхонасига тааллуқли бўлган 1 кўприк, 10 дона электр устунларини сув олиб, 10 та турар жой ҳовлисига сув кириб кетган.

Исанов, Кўк-жар, Абшир-Ота қишлоқ ҳудудларида 9 минг 900 та уй-жой мавжуд бўлиб, шундан 185 таси сой соҳилида жойлашган.

Сел оқибатларини бартараф қилиш ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жами 130 нафар қутқарувчи, 3 экскаватор, 2 самосвал, туман Фуқаро муҳофазаси хизматларининг 70 ходими, 7 самосвал, 3 грейдер, 2 юк кўтарувчи кран, ва бошқа техника, маҳаллий аҳолидан 120 одам, умумий ҳисобда 320 та ишчи-хизматчи ва 20 махсус техника жалб қилинган.

ФВВнинг 60 нафар қутқарувчиси Абшир-Ота дам олиш жойига борганида, 500 га яқин фуқаро борлиги аниқланган. Бундан ташқари, Кезарт яйловида 150 га яқин фуқаро қолиб кетгани ҳақида таҳминий маълумот олинган. Қишлоқдан 10 киши отда жўнатилган ва йўлда 30 киши топилган.

ФВВнинг Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари бошчилигидаги 42 нафар қутқарувчи Абшир-Ота дам олиш масканининг юқори қисмида йўл бузилиб, ўта олмай қолган фуқароларни эвакуация қилиш ишларини олиб бориш учун чиқиб кетишган.

Улар тахталардан вақтинчалик мослама кўприк қуриб, 180 нафар фуқарони хавфсиз жойга кўчириш ишларини давом эттиришмоқда.

Қутқарувчилардан 13 нафари Кезарт яйловига ҳам чиқди. Ҳозирда 46 нафар қутқарувчи сув босган ҳудудда қидирув ишларини бошлаган. Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун эса 18 нафар қутқарувчи жалб этилади. Шунингдек, ФВВ мониторинг ва прогноз бўйича департаментининг 5 нафар мутахассиси сел хавфи бўлган ҳудудда тадқиқот ишларини бошлади.

Бундан ташқари табиий офат Кўк-Жар қишлоқ фуқаролар йиғинининг Алашан қишлоғи Найман сел ўзанида ҳам содир бўлган, Ўш-Боткен-Раззоқов йўлининг 65-километридаги Найман кўпригини сел қоплаб, йўлнинг икки томонидан автотранспорт ҳаракати учун ёпилган. Йўлда 300 га яқин автомобил қолиб кетган.

Исанов, Тескей-Кожоке қишлоғидаги Алчалу дарёсига сел келиб, тахминан 10-15 турар-жой ва 1 мактабгача таълим муассасаси сув остида қолган. Қора-Булоқ қишлоғида сой соҳилидаги 1 та автомашинани, Қўш-Чан дарёсидаги 1 кўприкни сел олиб кетган.

Гулистон қишлоқ ҳудудини: Тожик қишлоғида Чили-Сой сойига ҳам сел келиб, 7-8 та турар-жой биноларини сув босган, дарёнинг кўприги сел билан тўлган.

Қидирув-қутқарув ва тозалаш ишлари ФВВнинг шахсий таркиби томонидан кучайтирилган тартибда амалга оширилмоқда.

Жабрланганларга ёрдам сифатида Боткендан қутқарувчилар билан биларга озиқ-овқат юборилди. Қизил-Қия шаҳридан 22 нафар қутқарувчи юборилди. Шунингдек, маҳаллий ҳукумат билан ҳамкорликда Қизил-Қия шаҳар ФВБ томонидан сел бўлган ҳудудлардаги жабрланган фуқароларга озиқ-овқат етказиб беришди.

Бунгача, 24-июн куни Боткен вилояти Қадамжой туманининг Жениш қишлоғида беш ёшли болани сел олиб кетиб, ҳаётдан кўз юмган эди. Ўтган ҳафтада Жалолобод вилоятининг Новкен туманида 10 ёшли ўсмир сув тошқини оқибатида ҳалок бўлган эди.

Шу вақтнинг ўзида ФВВ 28-июндан 2-июлгача кучли ёмғир ёғиши кутилаётгани ҳақида маълум қилди ва тоғли туманларда яна кучли сел юриши ва тош кўчиши эҳтимоллиги борлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Жумладан, Бишкек-Ўш ва Бишкек-Чўлпон-Ота автомобил йўлларида ана шундай хавф кучлилиги ҳисобга олиниб, имкон бўлган тақдирда бу йўлларга чиқмай туриш тавсия қилинмоқда. Йўлга чиқиш жуда зарур бўлган ҳолларда эса вазирлик фуқароларни хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Ҳудудлардаги Фуқаро муҳофазаси хизматлари куч ва воситаларини шай ҳолда сақлаш ҳақида кўрсатмалар олишган.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар: Қирғизистон ФВВ матбуот хизмати

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг