Қирғизистонда келган кучли сел натижасида бутун бошли оилалар нобуд бўлган

Сўнгги кунларда бу ҳудудда селдан нобуд бўлган қурбонларнинг ярмини ёш болалар ташкил қилади.

Қирғизистоннинг Новқат туманида 28-июнда оқиб ўтган сел оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етди. Уларнинг барчаси бир оила аъзолари бўлган. Бу ҳақда Кўк-Жар қишлоқ ҳукумати раҳбари Азизбек Шамуратов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, табиий офат Борбаш қишлоғида яшовчи Дониёр Мирзалиевнинг рафиқаси, болалари, набираси, жиянлари ва амакиваччаларининг ҳаётига зомин бўлган.

Фожиа юз берган куни Дониёр Мирзалиевнинг рафиқаси, уларнинг уч ўғли ва набираси Абшир-Ота оромгоҳига дам олишга боришган. Офат қоплаган пайтда унинг ўғилларидан бири машинани бошқариб бораётган эди. Машинада Дониёр Мирзалиевнинг беш нафар қариндоши ҳам бўлиб, улардан тўрт нафари Қозоғистон фуқаролари бўлишган.

Расмий хабарларга кўра, 1-июл куни соат 15:50да Ўш вилояти Новқат тумани Абшир-Ота қишлоғида сел олиб кетган икки ёшли боланинг жасади топилган. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Жасадлар зарур процессуал амалларни бажариш учун Ички ишлар вазирлигига топширилган. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари керакли маълумотларга аниқлик киритмоқдалар.

“…Қидирув ишларига 85 нафар қутқарувчи ва 100 дан ортиқ маҳаллий аҳоли жалб қилинган”, – дейилади хабарда.

Азизбек Шамуратовнинг қайд этишича, ичида ўн киши бўлган автомобилни сел олиб кетган. Қурбонларнинг жасадлари машинадан унчалик узоқ бўлмаган жойда топилган.

Қишлоқ ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, ҳозиргача ҳеч ким уларга яқинининг йўқолиб қолгани ҳақида ариза билан мурожаат қилмаган.

Унинг қўшимча қилишича, селдан сал олдин содир бўлган шамол болалар боғчаси, поликлиника ва маҳалланинг томини учириб кетган. Кейин лой массаси уйлар ҳовлиларини, қишлоқ хўжалиги ерларини қоплаган ва республика аҳамиятига молик учта кўприкни вайрон қилган. Суғориш каналлари шикастланган. Умумий зарар, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 20 миллион сўмни (230 минг АҚШ доллари атрофида) ташкил қилган.

Табиий офат оқибатларини тугатиш ишлари зудлик билан бошлаб юборилган. Юк машиналарининг қишлоқ хўжалиги ерларини тозалашга кучи етмаганидан, маҳаллий аҳоли булдозерлар сўрамоқда.

Бундан ташқари 30-июн куни келган селдан Ўш вилоятининг Қорақулжа туманида тўрт киши ҳалок бўлди. Улар ҳам барчаси бир оиланинг аъзолари бўлишган.

Эслатиб ўтамиз, 28-июн куни соат 16:10 ларда Новқат вилоятининг Абшир-Сой ҳудудида сел сел юриб, қудратли оқим йўлларни ювиб кетган, кўприклар ва электр подстанцияларини вайрон қилган. Абшир-Ота дам олиш маскани ва Кезарт яйловида 1400 га яқин одам қолиб кетган. Кейинроқ улар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вертолётида эвакуация қилинган.

Мураккаб табиий вазият туфайли Қирғизистоннинг тўртта вилоятида сел туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаро муҳофазаси бошқармаси масъул ходими Қубанич Темирбек уулу брифингда маълум қилди. Унга кўра, Ўш, Жалолобод, Боткен ва Талас вилоятларида фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда.

“Ҳукумат қарорига кўра, фавқулодда вазиятларни баҳолаш мезонлари мавжуд. Селдан кейин моддий ва иқтисодий зарар баҳоланади, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун муайян ҳудудда фавқулодда ҳолат режими жорий этилади. Улар бартараф қилинса, режим ҳам олиб ташланади”, – деди Қубанич Темирбек уулу.

Унинг маълумотига кўра, 20-апрелдан 1-июлга қадар республика бўйлаб сел оқибатида 17 киши ҳалок бўлди, улардан 8 нафари ёш болалар.

Айни даврда республика бўйича 250 сел оқими қайд этилган. Улардан Жалолобод вилоятида – 61, Ўш вилоятида – 71, Ўш шаҳрида – 6, Боткен вилоятида – 66, Таласда – 13, ва Норин вилоятида – 5 ҳолат рўйхатга олинган. Умумий зарар 172 миллион 956 минг (салкам 2 млн. доллар) сўмни ташкил этди, аммо бу якуний рақам эмас, ҳисоб-китоблар ҳали ҳам давом этмоқда.

Қубанич Темирбек уулунинг қўшимча қилишича, 28-июн куни Новқат туманида содир бўлган сел оқибатида 28 уй вайрон бўлган, улардан 3 таси авария ҳолатида. Шунингдек, 2 ижтимоий объект, 15 километр йўл, 29 бош йирик ва майда чорва моллари шикастланган.

Бу орада ФВВ Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида 7-июлгача давом этадиган кучли ёмғир туфайли сел хавфи мавжудлиги, дарёларда сув сатҳи кўтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Вазирлик аҳолидан ариқлар қирғоқларини тозалаш, турар-жой бинолари яқинида ёмғир суви учун ариқларни сақлаш ва зарур хавфсизлик чораларига риоя қилишни сўрайди.

Новқат, Қорақулжа туманлари ва табиий офатдан жабр кўрган бошқа ҳудудларда сув босган ҳудудларни тозалаш, таъмирлаш ва ҳаражатларни қоплаш ишлари давом этмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг