Қирғизистон жанубида Наврўз умумхалқ байрами шукуҳи ҳамон кезмоқда

Ўш ва Жалолобод шаҳарларида байрам тантаналари ўзбекистонлик меҳмонлар иштирокида ўтмоқда.

Қирғизистоннинг жанубий ҳудудида Ўзбекистоннинг “Ватандошлар” жамоат бирлашмаси ҳамда Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий марказининг жанубий бўлими биргаликда Наврўз байрами тадбирларини ўтказдилар. Одатда Наврўз 21 мартда бошланиб, роса бир ой давом этади. Бу сафар баҳор байрами рўза ойларига тўғри келиб қолгани боис, байрам тантаналари шу кунларга белгиланган эди.

Маросимда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасининг Ўшдаги консуллиги ходими Аъзамжон Абдурашидов, “Ватандошлар” жамоатчилик бирлашмаси бошчилигида 11 кишидан иборат делегация, Ўш шаҳар мэриясининг ташқи ишлар бўйича бўлим бошлиғи Мирлан Исраилов, шаҳар кенгаши депутатлари, Қирғизистон халқи ассамблеяси қошидаги миллий-маданий марказларнинг раислари, шаҳар фаоллари ҳамда шаҳар мактаблари педагоглари иштирок этишди.

Делегация аъзолари 19-апрел куни эрталаб шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўришди. Шундан сўнг,  Бобур номидаги давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида концерт дастури тақдим этилди. Унда театр хонандалари ҳамда Ўзбекистондан ташриф буюрган санъаткорлар томонидан тайёрланган икки элнинг дўстлигини тараннум этувчи ажойиб саҳна кўринишлари кўрсатилиб, қўшиқлар янгради.

Тадбир иштирокчилари Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларининг йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётгани, маданияти, дини, тили бир-бирига яқин бўлган икки миллатнинг қўшничилик, кўп асрлик қариндошлик ришталари тобора мустаҳкам боғланиб бораётганини таъкидладилар.

“Ватандошлар” жамоатчилик фондининг бўлим бошлиғи Нурбек Ҳотамовнинг сўзларига кўра, ушбу тадбирдан мақсад – Қирғизистоннинг жанубий ҳудудида Наврўз умумхалқ байрамини миллатдошлар билан бирга нишонлаш. Шу билан бирга миллий урф-одатларимизни сақлаб қолиш, ўзбек тилига бўлган эътиборни янада кучайтиришдан иборат.

“Бу каби маданий-маърифий тадбирлар икки халқ ўртасидаги ўзаро муносабатларни, дипломатик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай анъанавий тадбирларни биз кўпроқ ўтказишни режалаштирмоқдамиз”, – деди Нурбек Ҳотамов.

Фонд раҳбарининг маълумотига кўра, хориждаги ватандошлар учун ўзбек тилини ўқитиш борасида платформа ташкил қилиниб, апрел ойида унинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондан ташқарида ўзбек тили ва адабиётидан дарс бераётган ўқитувчилар учун онлайн ўқиш ва маърузалар ташкил қилинмоқда. Апрелда эса ўқитувчиларнинг катта гуруҳи Тошкентга таклиф этилиб, уларга она тилини ўқитишнинг замонавий усуллари ўргатилди.

Шунингдек Ўшдаги тадбир давомида “Ватандошлар” фонди томонидан ўзбек миллий марказларига ва ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларга бадиий адабиётлар совға қилинди.

Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий марказининг жанубий бўлим раиси Одилжон Отажоновга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамоатчилик фонди билан 6 йиллик меморандум имзоланган.

Театрдаги концерт дастуридан сўнг, меҳмонларга фонд томонидан катта байрам дастурхони ёзилиб, байрам шукуҳи давом этди.

Худди шундай тадбири бугун, 20-апрел куни Жалолобод шаҳрида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистондаги “Ватандошлар” жамоатчилик фонди президент Шавкат Мирзиёев фармони билан 2021-йилда ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси хориждаги ватандошларни, ўзбек миллати вакилларини бир маконда бирлаштириш, уларнинг қалби ва онгида Ўзбекистондек юрт билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш. Шу мақсадда бугунги кунда қўшни давлатларда ватандошлар билан турли лойиҳалар доирасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг