Ислом – дўстликни тарғиб қилгувчи, бировнинг айбини яширувчи, кечирувчи инсонлар динидир.

Ўшда дин вакиллари ва педагоглар диний экстремизм ва радикализм масалаларини муҳокама қилдилар.

“Олой маликаси Қурмонжон Додхоҳнинг пири, устози мутасаввиф Салоҳиддин Соқиб бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор”, – деди Миллий хавфсизлик хизматининг заҳирадаги полковниги, терроризм ва радикализмга қарши кураш бўйича эксперт, тарихчи олим ва ёзувчи, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқаро Бобур фондининг Қирғизистондаги раиси Бегижон Аҳмедов.

Бу маълумотни Аҳмедов “Тасаввуф адабиётининг диний экстремизм ва радикализмга ғоявий қаршилигига бағишланиб, 18 апрел куни Ўш шаҳридаги Алишер Навоий номидаги 18-мактаб-лицейида ўтган семинарда айтди.

Юз йиллар аввал бутун Туркистон, араб давлатларию, Туркияда ҳам машҳур бўлган эшон, суфий ва шоир Салоҳиддин Соқиб Ўший (1843-1910 йиллар) ўз даврининг буюк алломаларидан бўлиб, Қурмонжон Додхоҳнинг унинг пир тутгани ҳақида кўплаб маълумотлар бор.

“Яқинда Америка сафарида бўлганимда, америкаликларнинг Бахтиёр Қутбиддин Ўший ҳақида билишлари менинг ҳайратимга сабаб бўлди. Имом Бухорий, Термизий, Навоий, Машраб каби кўплаб мутасаввифларнинг номини айтишим мумкин. Тасаввуф адабиётининг биринчи вазифаси – гўзал динимизнинг бор бўйи-басти билан таърифлаш, тавсифлашдан иборатдир”, – деди Аҳмедов.

Ўз нутқида у мусулмон кишининг гўзал аҳлоқи ҳар қандай бузғунчиликдан ҳоли бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Ўш шаҳар қозияти раиси ўринбосари Мустафо Авдиев семинарга қатнашган Ўш шаҳар ўрта таълим муассасаларининг (ўқиш ўзбек ва қирғиз тилида юритилаётган) тарвиявий ишлари бўйича директор ўринбосарлари, мактабларнинг тарих ва ўзбек, қирғиз тили ўқитувчиларига ташрифлари учун миннатдорчилик билдирди.

“Энг мулойим, мўмин инсонлар мусулмонлардир. Тинчлик дини Исломдир. Буюк динимиз билан бир қаторда қандайдир “террор” сўзини қўшиб ишлатишнинг ўзи хато. Ёш авлодга тўғри тарбия бериш – ҳар биримизнинг вазифамиздир”, деди қозининг ўринбосари.

Ўш давлат университетининг (ЎшДУ) теология факультети ўқитувчиси Санжарбек Тожибоев бировни кофирликда айблаш нотўғрилиги ҳақида гапирди. У бугунги кунда айрим амали ёки сўзлаган сўзи учун бировларни кофирликда айблаш, диндан чиқдинг, дейиш ҳоллари кўп учрайдиган бўлиб қолганини эътироф этди.

– Бу нотўғри. “Ла илаҳа иллоллоҳ”, “Аллоҳи акбар” дегувчи ҳар ким мусулмондир. Унинг қилган гуноҳи ёки хатоси деб кофирга чиқариб юбориш тўғри эмас. Динимиз душманликни эмас, дўстликни тарғиб қилувчи, бировнинг айбини яширувчи, кечирувчи бандаларини суювчи диндир”, – деди Тожибоев.

Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Ўш шаҳар ўзбек тили ва адабиёти методикаси секцияси раҳбари, Республика миллий-маданий марказининг маориф бўлими бошлиғи Илтифотхон Отахонова “Мавлавия тариқатининг асосчиси Жалолиддин Румий ижодида хуш кўрув” мавзусида маъруза қилди. Яратганнинг жами ўн саккиз минг олам маҳлуқотига муҳаббатли бўлиш лозимлиги хусусида гапириб ўтди. Аллоҳ Таолонинг “Мен инсон ва жинларни ўзимга ибодат қилиш учун яратдим” деган оятларини ёдда тутган ҳолда Румий асарлари комил инсон тарбияси учун жуда муҳим эканини айтди.

Инсон коинотдаги мавжудотларнинг энг мукаммали ва шарафлисидир. Румий ҳазратлари ёзганидек,

“Севгида қуёш каби бўл.

Дўстлик ва қардошликда оқар сув каби бўл.

Тавозуда тупроқ каби бўл.

Ғазаб онида ўлик каби бўл.

Ҳар не бўлсанг бўл –

Ё аслинг каби кўрин,

Ё аслинг каби бўл”.

Ўш шаҳар кенгаши депутати Ҳошим Аҳмаджоновнинг айтишича, бундай тадбирлар ҳар бир ҳудудда ўтказилиши ва унда тилга олинган ғоя ва қадриятлар ёшлар орасида кенгроқ тарқалиши керак. Шаҳардаги 47-мактаб ўқитувчиси Мадина Абдуллажонова худди шундай тадбирни фақат битирувчи ёшлар учун алоҳида ўтказиш таклифини киритди.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг