Мана дўстлик! Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида янги давр бошланди
Душанбада икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоланди.
Ўзбекистон презиженти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган давлат ташрифи натижаларига кўра, икки давлат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномага қўл қўйилди. Бу ташриф доирасида турли соҳаларга оид 28 ҳужжат имзоланди.
Ортга қайтиш йўқ
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, имзоланган ҳужжатлар саноат соҳаси, саноат мулкини муҳофаза қилиш, олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни аттестациядан ўтказиш, Фанлар академиялари ўртасидаги ҳамкорлик, давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари, халқаро автомобиль ва авиация қатновлари, ветеринария ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, маданият ва туризм, агросаноат мажмуидаги ҳамкорлик кабиларга тегишли.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг қатор вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги битимлар ҳам бор.
Шавкат Мирзиёев Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ҳақида, «Бу қадам билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш бўйича ортга қайтмас йўлдан юришга қатъий интилишимизни тасдиқладик», – деди.
меҳмондўст қабул учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон президенти таъкидлаб айтдики, Тожикистон Ўзбекистон учун “энг яқин, ишончли, асрлар билан синалган стратегик шерикдир”. У биродар ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғлангани, икки халқни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туришини эътироф қилди.
“Ушбу муҳим ҳужжат, ҳеч муболағасиз, икки томонлама муносабатларда янги тарихий даврни англатади», – деди Ўзбекистон раҳбари, ўртада имзоланган келишувни назарда тутиб.
Самимий дўстлик, маънавий яқинлик далили сифатида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг фармони билан Тожикистонда ҳам севимли бўлган ижодкорлар Озодбек Назарбеков, Муножотхон Йўлчиева, Юлдуз Усмонова ва Оғабек Собировларга «Тожикистон халқ ҳофизи» унвони берилди. Машҳур актёр, Ўзбекистон Миллий академик драма театри директори Ёдгор Садиев эса «Тожикистон халқ артисти» фахрий унвонига саозовор бўлди.
Унвон ва мукофотларни топшириш маросими 18 апрел куни Тожикистоннинг Миллат саройида бўлиб ўтди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон президентининг фармони билан Тожикистоннинг бир гуруҳ маданият ва санъат ходимлари ҳам давлат мукофотлари билан тақдирландилар.
Фармонга кўра, Тожикистон миллий консерваторияси ректори Мирали Дўстизода, ушбу консерватория доценти Исмоил Назриев, Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг «Шошмақом» ансамбли раҳбари Фурқат Саидзода, Бобожон Ғафуров тумани шошмақом ансамбли раҳбари Тўлқин Тожибоев, Тожикистон давлат филармониясининг «Фалак» ансамбли бадиий раҳбари Раҳматулло Ҳошимов «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди.
Бир миллиард доллар кам
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор ҳамда кенгайтирилган доираларда учрашиб, икки давлат ҳукуматлари олдига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд. АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйдилар.
Бир ой аввал Душанбе шаҳрида ўтган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида томонлар ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ҳақида гаплашган эдилар.
Расмий маълумотларга кўра, охирги йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 баробарга ўсган. Қўшма корхоналар сони эса 15 баробарга кўпайган.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми эса ўтган 2023 йилда салкам 760 млн. долларни ташкил қилган.
Президентлар чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини мамнуният билан эътироф этдилар.
Шунингдек, сувдан фойдаланиш масалаларида ҳам конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом этдиришга келишиб олинди. Маданий-гуманитар соҳада ўзаро кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазма ва ёшлар форумларини мунтазам ўтказиб туриш лозимлиги таъкидланди.
Ташриф кунлари Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон санъаткорларининг «Дўстлик оқшоми» деб номланган катта концерти бўлиб ўтди. «Кўҳи Борбад» санъат саройида ўтган бу дастурни икки давлат раҳбарлари биргаликда томоша қилдилар.
Бундай тадбирлар икки мамлакат санъат усталари ва халқлари ўртасидаги дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айланган эди. Санъати ва урф-одатлари, миллий кийимларию, таомлари ҳам бир хил бўлган икки қардош халқнинг бирдай севган Шерали Жўраев, Жўрабек Муродов, Ҳожибой Тожибоев каби машҳур санъаткорлари бор эди.
Кино санъати соҳасида ҳам икки давлат ижодкорлари самарали ҳамкорлик қилиб келишган. Фақат бир қанча муддат бу алоқалар сустлашиб қолган эди. Шу маънода бу ташриф икки давлатнинг дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари борасида янги даврни бошлаб бергани рост бўлсин.
Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев президент Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.
Оқбура, Бишкек.
Расмлар интернетдан олинди