Хуршид Даврон: Шавкат Раҳмон, Алоуддин Мансур, Иброҳим Ҳаққуловдан ҳаё қилардим

Тошкентда икки қардош давлат ижодкорларига устозлик қилган адабиётшунос олим хотирланди.


Муборак ҳадиси шарифда айтилганидек, кимдан, қайси қавмдан ҳаё кетса, унга бало келади. Таниқли шоир Хуршид Даврон адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққуловнинг Тошкентда ўтган хотира кечасида ушбу ҳадисни эслатар экан, ўшлик буюк диний аллома ва шоирнинг номларини ҳам қўша тилга олди.

“Ҳар бир шеъримни ёзарканман, уни Шавкат Раҳмон ё Алоуддин Мансур, Иброҳим Ҳаққулов каби акажўраларим кўрса уялиб қолмайманми”, деган ҳаё, андиша билан бошлар эдим”, – деди Хуршид Даврон. – “Бугун кўпчилик ижодкорлардан ана шундай ҳаё кўтарилиб кетгандай, назаримда. Шу боис шеърлар ўрнини шиғирлар босиб кетяпти. Балонинг келгани асли шу. Оммавий саводсизлик, саёзлик илдизи андишанинг йўқлигида”.

Нотиқ узоқ йиллар давомида юқорида номи зикр қилинган буюк шахслар билан жуда яқин жўра бўлганидан фахрланишини эътироф этиб, айрим хотиралари билан ўртоқлашди.

“Иброҳим ака, Шавкат ака учаламиз Дўрмонда чироқни ўчириб олиб баҳслашардик. Шеър ўқимасдик, шеърият ҳақида, жамият ҳақида, келажак ҳақида баҳсларимиз қизғин бўларди. Агар чироғимиз ёниқ турса, бизни тортишувли баҳсларимиз худди урушиб кетгандек туюларди ташқаридагиларга. Иккинчи сабаби эса, яна бир акажўрамиз Усмон Азимни келиб қолади, деган хавотирдан эди. Чунки Усмон ака келса, бизга гап қолмасдида”, – дея эслайди шоир кулиб.

Учовлон анча гаплашиб, фикрлари билан ўртоқлашиб бўлишгач, чироқни ёқишар экан.

“…Ташқарига чиқиб, худди ташқаридан ҳозир келаётгандек даврага Усмон аканиям ҳам бирга олиб кирардим. Суҳбатни гўё янгидан бошлардик. Қисқаси, Иброҳим Ҳаққуловнинг энг яқин кўнгилдошлари қаторидан жой олганимдан хурсандман”, – деди Хуршид Даврон.

Таниқли навоийшунос олим, зукко мунаққид Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тадбирга устознинг ўттизга яқин олим ва олима шогирдлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, дўстлари қатнашдилар. Уларнинг ҳар бири устознинг самимияти ва ростгўйлигига урғу бериб сўзладилар. Адабиёт тарихида ўзига хос мактаб ярата олган буюк шахслар қаторидан ўрин олган Иброҳим Ҳаққуловнинг янги нашрдан чиққан китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Устознинг севимли шогирдларидан Мақсуд Асадов Иброҳим Ҳаққуловнинг ўлмас асарлари ҳақида алоҳида тўхталиб, бундан кейин ҳам унинг янги китоблари ёруғ кўраверишини таъкидлади. Адибнинг китобларини нашрга тайёрлашда хизмат қилган зукко шогирдларидан яна бири Зулайҳо Раҳмонова, устознинг ҳар бир суҳбати ҳикмат эди, дея хотирлайди.

«Соғинчимизнинг таърифини ифодалашга тил ожиз», – дейди Раҳмонова.

Устоз учун сўз, шунчаки тил безаги эмас, дил ҳақиқати, виждон овози ва фикр яроғи эди. Иброҳим Ҳаққулни салладор сўзлар, доно фикрлар эмас, холислик ҳоли, мухлис калимасининг риёдан ҳоли, самимий деган маъноси қизиқтирган”, деб ёзади олимнинг шогирдларидан яна бири Насиба Бозорова.

Учрашувда устознинг Қирғизистондан ташриф буюрган шогирдларидан Барно Исоқова ва муҳибларидан, Бобур халқаро фондининг Қирғизистон бўлими раиси ўринбосари, республика Ўзбек миллий-маданий марказининг маърифат ва маориф бўлими бошлиғи, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Илтифотхон Отахонова, олима Эътиборхон Ҳакимовалар қатнашдилар. Улар ҳам устозга алоқадор ажойиб хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Шоир Эшқобил Шукур, «Ҳаққулов, «Ҳақиқатни айтган одамнинг елкасида кафанлиги бўлиши керак» деган эди”, – дея эслайди.

“Бир умр кафанлиги елкасидан тушмаган устоз бизга, шогирдларига ҳар доим ҳақиқат томонда туришни ўргатиб кетди, мерос қилиб кетди», – деб устозга бағишланган жуда таъсирли шеърини ўқиб берди.

Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул 1949-йил 28-мартда Бухоро вилоятидаги Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган. Сўнг «Шофиркон ҳақиқати» газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган. Унинг «Навоий ва Мавлоно Ашраф», «Дарё каби ҳамиша уйғоқ…» каби илк адабий мақолалари шу газетада босилиб чиққан.
Олим 1972 йилдан умрининг охирига қадар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритиб келди. Унинг ўзбек адабиётининг турли масалаларига оид ва ўзининг ижод асарларидан иборат 20дан ортиқ китоблари босилиб чиққан. Рус тилида чиққан икки жилдлик «История узбекской литературы» китобининг муаллифларидан бири.
Иброҳим Ҳаққул замонавий ўзбек шеъриятига бағишланган ўнлаб мақолалар ёзган.
Абдулҳамид Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» (1988), Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар» (1991) мажмуасини, шогирди Сайфиддин Рафиддинов билан ҳамкорликда «Боқирғон китоби» (1991), «Меърожнома» (1995) каби узоқ муддат нашр этилмай келган асарларни ўқувчиларга етказган.
Адабиётшунос олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилиниб, нашр этилган. Сўнгги йилларда олимнинг «Навоийга қайтиш» деб номланган 2 жилдлик китоби босмадан чиққан эди.

Иброҳим Ҳаққул 2022-йилнинг 28-июнида 73 ёшида бу ёруғ дунёни ташлаб кетди.

“Мен бобомнинг номларидан фахрланиб юраман. Ҳаққул – Ҳақнинг қули. Йиллар ўтиб, шунга ақлим етганидан кейин Худо шу қулликдан бенасиб қилмаслигини хаёл қиладиган бўлдим. Билмадим, бунга қанчалик эришдим, эришмадим…”, деб ёзади адиб ўзининг «Мушоҳада ёғдуси-3» китобида. Бизнингча, адиб етарли даражада қуллик қилиб ўтди. Илоҳим шундай бўлсин!

Барно Исоқова, Оқбура, Тошкент-Ўш.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг