Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида фавқулодда ҳолат киритилди

Кучли шамол оқибатида дарахтлар қулаган, биноларнинг томлари учиб, шаҳарга катта зарар етказган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, 28 март куни Бишкек ва Чуй вилоятида секундига 18-26 метр тезликда кучли шамол бошланиб, турли вайронагарчиликларга олиб келган.

Кутилмаганда, соат 16.30ларда бошланган шамол туфайли Бишкек шаҳрида ўнлаб дарахтлар қулаган. Кўплаб биноларнинг томлари учиб, тушган ерларида жиддий талофатлар етказган – айрим ҳолатларда машина устига тушган бўлса, бошқа вазиятларда электр таъминоти ёки алоқа тизимларини издан чиқарган. Айрим кўчаларда қатнов вақтинча тўхтаган.

Ҳозирга қадар икки кишининг жабрлангани хабар қилинди. Томдан учган бир бўлак материал 14 ёшли ўспирин устига тушса, ўз машинасида ўтирган 41 ёшли аёл устига дарахт қулаб тушган. Жабрланганларнинг ҳар иккаласи жиддий тан жароҳатлари олиб, касалхонага етказилган.

Бишкек шаҳрида 11 мактаб ва 8 болалар боғчасининг зарар кўргани маълум бўлди. Бошқа ижтимоий инфраструктураларга ҳам жиддий зарар етган. Электр ва интернет алоқалари линияларининг узилиши туфайли шаҳарнинг бир қисми электр қувватисиз ва интернет алоқасисиз қолган. Кўчаларни тозалаш, электр ва интернет алоқасини тиклаш ишлари давом этяпти.

Вазият жиддийлигини ҳисобга олган шаҳар мэрияси пойтахт ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилган. Бундай қадам учун шамолнинг тезлиги секундига 25 метрга етиши кифоя. Бишкекда эса бу сафар шамол секундига 26 чақирим тезликка етган.

Шундай аҳвол Бишкек жойлашган Чуй вилояти ҳудудида ҳам кузатилиб, вилоятда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Айниқса, Бишкекдан 60 чақирим нарида жойлашган Тўқмоқ шаҳрида ҳам жиддий талофатлар бор.

Шаҳардаги барча давлат хизматлари идоралари кечадан бошлаб кучайтирилган тартибда ишлашга ўтди. Жойларда хавфли ҳудудларни ўрганиш ва табиий офат оқибатларини баҳолаш мақсадида тегишли идоралар ходимларидан иборат мобил гуруҳлар ташкил этилди.

Мана шунга ўхшаш кучли шамол Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ҳам кузатилди. У ерда шамолнинг тезлиги секундига 17 метргача етиб, шаҳарнинг айрим ҳудудларида дарахтлар шохлари машиналар устига қулаган.

Оқбура, Бишкек.

Расм reporter.akipress.org

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг