Самарқанд автобуслари Ўшда: Наврўз айёмида ўшликлар янги автобуслик бўлишди
Ўш шаҳрида йўловчиларни ташувчи транспорт парки янги 100 автобус билан таъминланди.
Яқин кунларда йўналишга чиқиши режалаштирилган автобуслар йўловчилар учун қулай бўлиб, иссиқ кунларда совутиш, совуқ кунларда иситиш тизимига эга. Салонда уяли телефон қувватлагичлари ҳам мавжуд. Ушбу 100 автобус Ўзбекистондан, Қирғиз-ўзбек тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 5 йиллик муддатга лизинг билан олинди.
Ўш шаҳар мэри ўринбосари Сўнунбек Жунусбаевнинг таъкидлашича, автобуслар шаҳарнинг 4 йўналиши бўйича қатнайди. Фурқат, Ўзғур, Ақ тилек ҳамда Алимбек Датқа (собиқ Турон) кичик шаҳарчаларига қатнайди.
«ISUZU SAZ LE 60» русумли автобуслар Ўзбекистоннинг “СамАвто” заводида ишлаб чиқарилган. Унинг ҳар бири 89 500 АҚШ долларига баҳоланиб, 25 ўриндиққа эгаТик буриб кетадиган йўловчиларни ҳисобга олса, бир вақтнинг ўзида 60дан ортиқ одамга хизмат кўрсатади.
Аввалроқ Ўш шаҳрига Россиянинг Ростов на Дону шаҳридан 10 автобус совға сифатида берилган эди. Автобуслар бунгача Россияда қўлланилган бўлиб, айрим жойлари чириб кетганлигини кўриш мумкин. Муниципал автомобил ишхонаси бош муҳандисининг сўзларига кўра, ушбу транспортларни таъмирлаб, йўналишга чиқариш учун ҳар бирига 50 минг сўмдан 70 минг сўмгача маблағ сарфланиши керак.
Ўш шаҳар мэрияси кўп йиллардан бери шаҳарда автобуслар етарли эмаслигини айтиб келади. 2017-йилда Россиядан 30 дона “ЛиАЗ” русумли автобуслар харид қилинган бўлиб, ҳозирда улардан 18 таси ишлаб турибди. 2022-йилда Ўзбекистондан 50 та автобус харид қилинган, бироқ бу муаммони ҳал қилмаган эди.
Шундай қилиб, ярим миллион аҳолиси бор Ўш шаҳрида жамоат транспорти етишмаслиги муаммосининг бир тугуни Наврўз арафасида ечилди. Ўш шаҳар мэрияси статистика маълумотларига таянган ҳолда шаҳардаги ички ҳамда ташқи миграцияни ҳисоблаганда жами 600 минг киши сифатли транспорт хизматига муҳтож эканини билдирган.
Бунгача пойтахт Бишкек шаҳрида ҳам Самарқандда ишлаб чиқарилган “СамАвто” автобуслари қатнови йўлга қўйилган. Аввалига бундай автобуслардан 1000 дона келтирилиши эълон қилинган. Лекин уларнинг 300 таси ишга туширилгач, пойтахт учун кенгроқ автобуслар қатнови мақсадга мувофиқлиги маълум бўлган.
Ҳозир Бишкекнинг марказий кўчаларида асосан Хитойдан келтирилган катта автобуслар қатнайди. “СамАвто” автобуслари кўпроқ чеккароқ йўналишларда қўлланилмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди