Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида яна ерости йўли топилди

Бу туннел орқали икки давлат ўртасида турли контрабанда маҳсулотлари ўтказилиб турган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида Ўзбекистонга олиб ўтувчи иккита яширин ерости йўли аниқланди. Туннел орқали товарлар, ҳатто одамлар ноқонуний олиб ўтилиб турганлиги айтилмоқда. Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси мазкур йўл чегара яқинидаги хонадонларнинг бирида бўлганини билдирган.

Уй эгаси қўлга олиниб, унинг шерикларини аниқлаш ва ҳибсга олиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ерости йўли Сузоқ туманига қарашли Отабекова қишлоқ аймоғининг Бекобод қишлоғида топилган. Ўзбекистон ҳудудига ўтиш учун қазилган ерости йўлининг узунлиги 350 метрни ташкил қилади. Бу ҳақда Жалолобод вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

&;

Текширув давомида Бекобод қишлоғида яшовчи, 1983-йилда туғилган фуқаро Н.нинг уйи ҳовлисидаги шағал қолдиғига эътибор қаратилган. Бу эса қурилишдан дарак беради, лекин қурилишнинг ўзи кўздан олисда, ҳовлидаги хона ичидаги туннелга олиб борувчи махсус эшик ортида экани аниқланган.

Туннелнинг чуқурлиги 12,5 метрни ташкил этиб, узунлиги қўшни Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳудудига қараб 350 метрга чўзилган. Иншоотнинг баландлиги 2 метр 20 см, эни эса 1 метр экани аниқлангани айтилади хабарда.

Милиция маълумотларига кўра, туннел ичида махсус электр чироқлари ўрнатилиб, одамлар икки йўналишда пиёда бемалол юра олишига мўлжалланган, қўл аравада товарларни икки томонга ташиш мумкин. Текшириш чоғида уй ҳовлисидан туннел қазишда фойдаланилган уй-рўзғор асбоблари, қазиш вақтида кийиладиган эркаклар кийимлари олинган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, шу депарада яна бир туннел топилиб, унинг чуқурлиги 15, умумий узунлиги 130 метрни ташкил қилади. Баландлиги 170 сантиметр. Туннелга кириш жойидан Қирғизистоннинг давлат  чегарасигача бўлган масофа эса 50 метрни ташкил қилади.

Бу ер бўлгасининг бундан 2-3 йил аввал айнан мана шу ноқонуний йўлни уюштириш учун сотиб олингани айтилмоқда. Чунки бу ерда ҳануз яшаш учун шароит яратилмаган. Ҳовлида 3 хонали тўлиқ битказилмаган уйни кўриш мумкин. Туннел топилган хона эса алоҳида қурилган.

“Кун.уз” нашри ҳам Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари Хонобод шаҳрининг «Алишер Навоий» Маҳаллий фуқаролар йиғини ҳудудини Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Бекобод қишлоғи билан боғловчи иккита яширин ерости йўлини аниқлашганини ёзади.

Нашрнинг маълумотига кўра, дастлаб Қирғизистон фуқароси ана шу ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 қоп, жами 813 дона мобил телефонни олиб ўтган. Ўзбекистондан эса, 1 килограмм 745 грамм миқдоридаги олтин ёмбилар ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган. Шу вақтда жиноятчи ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бекободдаги қўшни хонадондагилар уй эгаси билан алоқада бўлишмаганини, уларни деярли танимаслигини айтишган. Ўзини таништиришни истамаган қўшни аёл эса хонадон эгаларининг бу уйда деярли яшамасликларини таъкидлаган.

Қирғизистондаги Бекобод қишлоғи бошлиғи Баҳром Шомурзаевнинг сўзларига кўра, қишлоқнинг чегарага яқин жойда қурилган биноларнинг кўпи ноқонуний.

“Ноқонуний қурилишлар, уларда одамлар бор-йўқлигини энди текширяпмиз… Текширган вақтимизда эгалари бор бўлади, йўқ бўлади. Шаҳарга кетиб қолишади. Эртага яна [уларнинг] қизил китобини, [у уйларда] кимлар яшашини текширамиз”, – деди қишлоқ раҳбари.

Бу туннелларнинг топилиши биринчиси эмас. Аввалроқ, аниқроғи 2022 йилнинг ёз ойларида ҳам Ўш вилоятининг Қорасув тумани ҳудудида бир нечта худди шундай туннеллар топилган эди. 2023-йилнинг май ойида чегарадан ноқонуний равишда юк олиб ўтиш мақсадида ерости йўли қазишда айбланган ўнга яқин Ўзбекистон фуқароси устидан суд бўлиб ўтган. Бу ишга алоқадор қирғизистонликларнинг тақдири нима бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг