Қонун билан аҳвол ўзгарсайди… Қирғизистонда оталар куни нишонланадиган бўладими?

Бу таклифни илгари сурган парламент депутатининг фикрича, янги қонун эркаклар обрўсини оширади.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати Медербек Алиев ҳар йили 15 март кунини Оталар куни сифатида нишонлаш таклифини илгари сурди. Бу ҳақдаги қонун парламентнинг расмий сайтида эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳозирча лойиҳанинг қизғин муҳокамага сабаб бўлганини билдирувчи фикрлар айтилганича йўқ.

Қонун лойиҳаси муаллифи Алиев унинг оила институтини мустаҳкамлаш ва оилада эркакларнинг масъулиятини оширишга қаратилганини таъкидлайди. Депутат бола шахсиятининг шаклланишида ҳамда уларнинг ижтимоий кўникмалари ривожланишида оталар муҳим ўрин тутишини шундай қонунни қабул қилиш заруратига асос қилиб кўрсатган.

Алиев оталарнинг ўрнини алоҳида урғулаш фарзандлар, оила ва жамият томонидан оталарга нисбатан чуқур эҳтиромни ҳис қилишга сабаб бўлади, деб ҳисоблайди. Оталар эса ўз навбатида бундай эҳтиромни сезгач, фарзанд тарбиясида янада фаолроқ бўлади.

Қирғизистон минтақагина эмас, бутун дунёда ҳам миллий байрамлари энг кўп давлатлар қаторида туради. Турли соҳа ходимлари кунидан ташқари, миллий кийимларга бағишланган байрам кунлари ҳам мавжуд. Бундай байрамларнинг 13таси дам олиш кунлари ҳисобланади.

Қонун лойиҳасига кўра оталар куни дам олиш куни бўлмайди.

Қирғизистон парламенти депутатлари бу каби ажабтовур таклифларни тез-тез бериб туришади. Парламент депутатларининг яна бир ўзгачалиги, у ёки бу нарсани тақиқлаш ёки жазони кучайтириш ҳақида ҳам кўп ташаббуслар билан чиқилади. Лекин афсуски, бу қонунлар қабул қилиниши билан ўша соҳаларда бирор жиддий ўзгариш кузатилмайди. Яъни, қонунларга риоя қилиш, қонун асосида яшаш маданияти етишмайди.

Мамлакатда 8 март куни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонланади ва бу кун дам олиш куни ҳисобланади. Шу билан бирга 2012 йилдан бери бу ерда ҳар йили май ойининг учинчи якшанбаси Оналар куни сифатида нишонланади. Бундан ташқари қиз ўғирлаш ва оилавий зўравонликка қарши жазо чоралари кучайтирилганига қарамай, жамиятда аёлларга қарши зўравонлик ва тахқирлаш бўйича вазият исталгандай ўзгариш йўқ.

Шу вақтнинг ўзида мамлакатда эркакларга қарши оилавий зўравонлик муаммоси ҳам мавжудлигини, аммо эркаклар бу ҳақда ор қилиб гапирмай келиши ҳақида мутахассислар анчадан буён айтиб келишади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра Қирғизистонда эркакларнинг умри давомийлиги аёлларникига нисбатан 8 йилга кам. Яъни, аёллар ўртача 76,3 йил умр кўришса, эркаклар 68 ёш яшашади. Эркакларнинг тахминан 30 фоизи пенсия ёшига етиб бормайди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг