Ҳиндистон расмийлари мусулмонлар ҳуқуқини чеклашда давом этишмоқда

Мамлакатда мусулмонлар ҳуқуқини чекловчи қонун ўзгаришлари норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Ҳиндистонда мусулмонлар ҳуқуқларини чекловчи фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар кучга кирди. Асли бу ўзгартиришлар 2019 йилда қабул қилинган, бироқ аҳолининг оммавий норозилиги туфайли кучга киритилмаган эди. Ўшанда норозилик намойишлари натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган бўлса, юзлаб фуқаролар тан жароҳати олишган.

Reuters агентлиги тарқатган хабарга кўра, қонунга киритилган ўзгаришлар диний озчиликларга мансуб бўлган қочқинлар учун қулайлиштирилган тарзда, қисқа муддатда фуқаролик беришни назарда тутади. Лекин бу имтиёз мусулмонларга тегишли эмас. Янгиланган қонунга кўра, турли сабабларга 2014 йилгача қўшни Афғонистон, Бангладеш ва Покистондан қочиб, Ҳиндистонда қўним топган ҳиндулар, буддистлар, насронийлар, зардуштийлар ва синхларга тезлаштирилган тарзда фуқаролик олишлари мумкин.

Ҳиндистонда бугун 200 миллион мусулмон истиқомат қилади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу қонуннинг уларни камситилишига, натижада кенг кўламли иммиграцияга олиб келиши мумкинлигини эътироф қилишади. «Газета.uz» нашри янги қонуннинг БМТ томонидан ҳам танқид қилингани маълум қилади. Бу нуфузли ташкилот ҳинд расмийларнинг ҳаракатлари жаҳонда қабул қилинган «тенглик – ҳамма учун» деган тамойилга зид эканини таъкидлаб баёнот берган.

Бунга жавобан мамлакат Ички ишлар вазирлиги ушбу қонуннинг «йиллар давомида қувғиндан азият чекиб, Ҳиндистондан бошқа жойда бошпанаси йўқларни» қўллашга қаратилганини иддао қилади. Қонун ижросининг кечикиши эса гўёки COVID-19 пандемияси туфайли кечиктирилган эмиш.

Сўнгги хабарларга кўра, 11 март куни кечқурун Ҳиндистоннинг Ассам ва Тамилнад штатларида норозилик намойишлари бошланган. Бироқ полиция билан тўқнашувлар ва жабрланганлар ҳақида хабарлар йўқ.

Мустақил ташкилотлар олиб борган тадқиқотларга кўра, Ҳиндистон мусулмонларга нафрат даражаси бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Бундай хулосага тадқиқотчилар интернетда, хусусан ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган постлар ва уларга ёзилган шархларни таҳлил қилгандан сўнг келишган. Фаланстиндаги урушда ҳам Ҳиндистон очиқча Исроил тарафни қўллаб-қувватлаб турибди.

Қизиғи, юқоридаги қонуннинг кучга кириши парламент сайловларига уч ҳафта қолганда эълон қилинган. Бу Ҳиндистоннинг амалдаги бош вазири, айнан мусулмонларга қарши ҳаракатлари билан ном чиқарган Нарендра Модининг учинчи муддатга ўз лавозимида қолишга бўлган интилиши мумкин. Афсуски, унинг бу ҳаракати ўзи истаган натижани бериши мумкин.

Нарендра Моди ҳинд миллатчиларини барлаштирган Bharatiya Janata Party партиясига раҳбарлик қилади.

Ҳиндистон халқининг аксарияти мусулмонларга қарши кайфиятда эмаслиги ҳам маълум. Машҳур ҳинд киноларида динлар ўртасидаги бирдамлик, хусусан мусулмонларга бўлган ижобий муносабатнинг кўрсатилиши ҳам бунга билвосита далил бўлиши мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг