Қирғизистон: Январда ҳибсга олинган журналистлар яна икки ой қамоқда қолади

Улардан уч нафарига турли сабабларга кўра еншиллик берилиб, уй қамоғига ўтказилди.

Бишкекда январ ойида ҳибсга олинган 11 нафар журналистдан 8 нафари яна икки ой муддатга ҳибсда қоладиган бўлишди. Суд қарорига кўра, улар тергов амаллари ниҳояисга етгунча, яъни 13 майгача Бишкекдаги тергов изоляторида сақланади. Уч нафар журналист уй қамоғига ўтказилди.

Ҳибсдагиларнинг барчаси журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходимлари. Улар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» ва «оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланиб, жорий йилнинг 16 январида ҳибсга олинган. Агар суд уларни айбдор деб топса, 8 йилгача турли муддатларга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Бу масалада 19 январда изоҳ берган ррезидент Садир Жапаров ҳибсга олинганларни “профессионал журналист эмас” деб таърифлаб, уларни ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиш орқали мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини иддао қилган.

Журналистларнинг ҳамкасблари ва турли халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийларини сўз эркинлигига босим ўтказмасликка ва қамоқдаги журналистларни эркинликка чиқаришга даъват қилиб келишмоқда. Жумладан, яқинда қатор давлатлардаги журналистлар уларнинг озод этилиши бўйича кампания бошлади.

Суд бўлишидан бир кун аввал, 11 март куни Словакия пойтахти Братислава шаҳридаги Яна Куцяка суриштирув маркази Чехия, Словакия, Польша, Венгрия ва Эстония журналистларининг бу борадаги видеомурожаатини эълон қилди.

Қирғизистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда кескин ёмонлашгани айтилган бу мурожаатга Қозоғистон ва Арманистон журналистлари ҳам қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 17 январида «Айт, айт десе» ва «Темиров LIVE» лойиҳаларида, “Арча Медиа” ва «ПолитКлиника» нашрларида ишлаган 11 журналист ҳибсга олинган.

Бу ва сўз эркинлигини чекловчи бошқа амаллар туфайли Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага тушиб кетган. Яъни, 2022 йилда мамлакат бу рейтингда 72-ўринда бўлган бўлса, 2023 йилда 122-ўринни эгаллаган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг