Отангга раҳмат! Нодирбек Абдусатторов дунёнинг энг кучли беш шахматчиси қаторида

Ёш гроссмейстер Чехияда ўтаётган супертурнирда уч ғалабага эришиб, рейтингда 5 поғона юқори кўтарилди.

Ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахматининг динамик (онлайн ўтказилувчи) рейтингига киритилган энг кучли беш шахматчиси қаторидан жой олди. Бу ҳақда “Газета.уз” нашри хабар қилди. Бу натижага Нодирбек Прага шаҳрида ўтаётган Prague International Chess Festival классик шахмат фестивалининг супертурнирида эришган.

Ўзбекистон шахмати тарихида ҳали ҳеч ким бундай юқори даражага эришмаган эди.

Халқаро шахмат федерацияси рейтингида ўзбекистонлик гроссмейстер жорий йилнинг февраль ойи натижаларига кўра 11-ўринни эгаллаб турибди.

Прагада ўзбек спортчиси халқаро даражадаги ўйинчи-гроссмейстерлар Тай Дай Ван Нгуен, Давид Навара ва Матеуш Бартель устидан ғалабага эришди. Бу унга жаҳон рейтингида бешинчи ўринни таъминлади. Рейтингда Нодирбекдан олдин турган тўрт шахмат устасининг ёшлари 31дан 35 гача.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал, Нодирбек Абдусатторов мана шу онлайн рейтингда дунёнинг энг кучли 10 шахматчиси қаторидан жой олган.Бу ўзбекистонлик шахматчилар ўртасида рекорд ҳисобланиб, бунгача фақат яна бир гроссмейстер Рустам Қосимжонов 2715 балл билан рейтингда 11-ўринни эгаллаган эди. 44 ёшли Қосимжонов ҳозир Германияда яшайди.

Нодирбек Абдусатторов 13 ёшида гроссмейстер унвонини олиб, шахмат тарихида ёши бўйича бешинчи гроссмейстер ҳисобланади. 2021 йили тез шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган. Кейинги йили Ўзбекистон командаси сафида шахмат олимпиадаси ғолиби бўлди.

Нодирбек 2014 йили, яъни 9 ёшида Тошкентда машҳур ўзбекистонлик шахматчи Георгий Агзамов хотирасига ўтказилган мусобақаларда икки гроссмейстер Андрей Жигалко ва Рустам Ҳуснитдиновларни енгиб олган.

Оқбура, Тошкент.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг