Театрлараро дўстлик байрами: Санъат чинданам чегара билмайди

Ўш ўзбек театрида иссиқкўллик театр санъати усталари томошабинларни қаттиқ ҳаяжонга солиб кетишди.

Ўшлик санъатсеварлар ва шаҳар меҳмонлари учун 3-4 март кунги дам олиш кунлари жуда ажойиб ўтди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида иссиқкўллик театр санъати усталари ўз маҳоратларини намойиш қилдилар.

Қасимали Жантўшев номидаги Иссиқкўл вилояти мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси икки кун давомида намойиш этган Қирғизистон халқ ёзувчилари Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» ва Султан Раевнинг «Қуёшни ушлаб турган бола» асарлари асосида яратилган спектакллар маҳаллий театр мухлисларини қаттиқ ҳаяжонга солди. Спектаклларга чипталар одатдагидан сал олдинроқ сотила бошлаган. Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли журналист ва оқин Зинақан Пасанованинг айтишича,  айрим томошабинлар, Иссиқкўл театрининг маҳаллий мухлислари ҳатто билет етмай қолишидан ваҳимага туша бошлаганлар.

“Албатта, бу ҳаяжонга Иссиқкўл театри томонидан 2023 йилда қирғиз миллий ёзувчиси Султон Раевнинг «Қуёшни ушлаб турган бола»асари асосида саҳналаштирилган спектакл сабаб бўлди. Ўтган йили бошкент томошабинларини мафтун етган ва бир йил ичида ТУРКСОЙ халқаро театр фестивалининг бош мукофоти бўлган “Арт Ордо” мукофотига сазовор бўлган спектаклни ким ҳам кўришни истамайди? Пойтахтдан узоқда жойлашган Ўш шаҳри томошабинлари учун бундай имконият пайдо бўлганидан мамнун бўлган томошабинлар зални тўлдирди”, – дейди Пасанова.

Суҳбатдошимиз Султон Раевнинг 27 ёшида ёзган «Қуёшни ушлаб турган бола» асарини ўша пайтдаёқ ўқиган. У ушбу асар «Ала-Тоо» адабий журналида чоп этилганда кўпчиликнинг диққатини тортган. Ўшанда буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг республика ёзувчилари йиғилишида бу асарга ижобий баҳо бериб, адабиётга истеъдодли ёш ёзувчи кириб келганини айтганининг Султан Раев учун дуога тенг бўлганини эслайди.

“Деярли ярим аср ўтгач, ёш ва истеъдодли режиссёр Уланмирза Қарипбаев «Қуёшни ушлаб турган бола»ни иккинчи марта моҳирлик билан саҳнага олиб чиқибди. Султан Раев ўз ўқувчиларини бадиий ифода воситалари билан, Уланмирза эса саҳна маҳорати билан минглаб кўнгиллар забт этди. Иккаласига ҳам «Баракалла!» деймиз”, – дейди Зинақан Пасанова.

Яхшиликка ундовчи бу асарда “оз бўлса ҳам тоза одамлар бор”, деган ғоя илгари сурилади. Ўз хўжайинидан ҳомиладор бўлиб қолиб, уни туширмоқ ниятида турли дориларни ичиб, ҳомиланинг майиб туғилишига сабаб бўлган гуноҳкор аёл қисмати, онаси майиб чақалоқни ҳожатхонага ташлаб кетганида топиб, асраб олган кампир ва бир умр қўлида қуёшни ушлагандек, ҳамиша яхшиликни кутиб яшовчи майиб бола тақдири ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Ҳар бир томошабин спектаклдан ўзларига яраша таассуротлар билан чиқишди.

Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли драматург, шоира ва таржимон Гуласал Алиеванинг айтишича, спектакль юқори савияда элга тақдим этилди.

“Халқ кутган эди, кўпчилик келди томошага, собиқ иттифоқ даврига бир саёҳат қилгандек бўлдик. Мен бу асарни чорак аср олдин ўқигандим, таъсирлангандим. Султан Раевни Айтматовдан кейин энг забардаст, мумтоз ёзувчи қаторида кўрамиз. Барча асарлари ҳам юракка тегади. Орадан узоқ йиллар ўтиб, бугун мана шу асар ўз долзарблигини йўқотмаган тарзда саҳнада қўйилди”, – дейди Алиева. – “Актёрлар тўғри танланган, режиссура ҳам яхши. Воқеалар ривожи томошабинни ўзига ром этди. Ижодкор сифатида мен асарни ёзган ва саҳнага олиб чиққан касбдошларимга тан бердим”.

Спектакллар қирғиз тилида намойиш этилишига қарамай, залда ўзбек миллати вакиллари ҳам етарли эди. Улардан бири, Фрунзе номли мактабнинг илмий бўлим мудири Шоҳруҳ Абдураззоқов “Оқ кема” саҳна асаридан қаттиқ таъсирланганини айтади.

“Зўр қўйишди. Актёрлар маҳоратига гап йўқ, – деди Абдураззоқов.

“Бугунги кунда ҳам долзарб масалалардан ҳисобланган мавзу яна кўп йиллар томошабинларга тақдим этилади”, – дейди Иссиқкўл мусиқали драма театри директори Улуғбек Маратов. – “Биз мезбонларга раҳмат айтамиз. Ўш халқига, маъмуриятига ва ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”.

Ўш Ўзбек мусиқали драма театри директори Аъзамжон Абдураззоқов ҳам мана шундай дўстлик учрашувлари бардавом бўлишини истайди.

“Бу нафақат томошабинлар учун фойдали бўлди, балки икки театрнинг ижодий жамоаси учун тажриба алмашиши мактаби ҳам бўлди”, деди у.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг