Қўшнилар: Ўзбекистон чинакам самимийлик ва бағрикенглик намунасини кўрсатяпти

Тез орада қўшни давлатлар ҳам биродарона саломга яраша алик олишади деган умид бор.

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидаги Пахтафронт қишлоғида Чингиз Айтматов номли 43-ўрта мактаби биносининг фойдаланишга топширилиши чегаранинг ҳар икки томонида ҳам ёқимли, умидбахш ҳис-туйғуларни пайдо қилди.

Қирғизистоннинг “Тез қабар” нашри тайёрлаган репортажидан маълум бўладики, мактабга кираверишда икки давлат президентларининг қўл ушлашиб турган сурати кўзга ташланади. Мактаб 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир унда 200 нафар ўқувчи ўқимоқда. Ўқиш тўлиқ қирғиз тилида юритилади. Мактаб биносини қайта қуриш ишлари 2023-йилнинг 15-сентябрида бошланиб, 5 ой давом этган. Мактабнинг барча жиҳозлари янгиланиб, иссиқлик қувурлари ва ёруғлиги замонавий талаб даражасида таъмирланган.

Мактаб ҳудудида футбол, баскетбол ва югуриш майдонлари алоҳида-алоҳида бўлиб, бино ичида спорт зали ҳам мавжуд. Ҳатто шахмат хонаси ҳам бор.

Мактаб ҳовлисида машқ учун махсус спорт жиҳозлари етарли. Машқларни бажариб бўлган ўқувчилар учун махсус ювиниш хоналари қурилган. Ҳожатхоналари ҳам иссиқ сувлари билан, замон талабига яраша қурилган. Ҳарбийгача таълим учун алоҳида хонаси ҳам бор.

Тиббиёт хонасида бошқа мактаблардан фарқли ўлароқ, доимий ҳамшира ва каттагина дорихона, тиббий кўрик хонаси мавжуд. Кутубхонаси ҳам давр талабига жавоб беради. Қирғиз тилида кўплаган адабий, бадиий ва дарслик китоблари бор. Репортаж давомида “Тез қабар” ижодкорлари номидан блогер Отақул мактабнинг илмий бўлими мудири Орозбек оғага Чингиз Айтматовнинг қирғиз тилидаги ўн томлик китобларини совға қилди.

Мактабнинг ихчам ошхонаси ҳам ишлаб турибди.

Қирғизистон мактабларига ҳам намуна бўла оладиган яна бир янгилик – йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича дарс ўтишга мўлжалланган йўлакча ҳамманинг диққатини ўзига тортади. Ундаги светофор ва йўлаклардаги белгилар, асфальтдаги чизиқларнинг ҳаммаси ростакам. Болаларга қўшимча дарс соатларида синф раҳбарлари йўл ҳаракати қоидаларини мактабнинг ҳовлисида жойлашган махсус майдончада ўтишади.

Мактаб ҳовлисида мактабдан ташқари меҳнатга ўргатиш учун иссиқхона ташкил қилинган бўлиб, унда лимонлар етиштирилади.

Пахтафронт қишлоғида бугун 500дан зиёд қирғиз миллатига мансуб оила истиқомат қилади. Мактаб биноси 1982-йили қурилган бўлиб, шу кунгача фақат енгил таъмирланиб келган. Бу сафар эса, Андижон вилояти прокурори Маъруфхўжа Хўжаев ташаббуси ва давлат кўмаги билан мактаб биноси тўлалигича қайта реконструкциядан чиқарилди. Мактабга олиб бориладиган йўллар ҳам асфальтланиб, чироқлар ўрнатилди.

Обод бўлган маҳалла оқсоқоллари, қишлоқ аҳолиси ва мактаб жамоаси катта мамнуният билан янги бинонинг очилишини олқишладилар. Бу Ўзбекистонда этник қирғизларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг биринчиси эмас.

Намуна олса арзийдиган ишлар кўп

Эслатиб ўтамиз, 2018-йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Обод қишлоқ” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятидаги Манас қишлоғи бутунлай бузиб ташлаб, унинг ўрнида янги, замонавий шаҳарча бунёд қилинган эди. Қирғизлар зич яшайдиган бу қишлоқнинг 45 кун ичида бундай эртакдагидек замонавий тусга киргани ҳамманинг ҳайратига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон ҳукумати бундай дўстона амалларни қардош Қирғизистон давлати ҳудудида ҳам амалга ошириб келяпти. Сўнгги йилларда бу ерда Ўзбекистон призиденти ташаббуси билан бешта мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, 2018 йили Ўш шаҳридаги Алишер Навоий номли 18-ўрта мактаб тўла реконструкция қилинган. Мактабда ўқувчилар тўлиқ қирғиз тилида ўқитилади. Бу орада Ўш шаҳридаги Бобур номли давлат академик ўзбек мусиқали драма театри биноси ҳам қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бугун бу бино шаҳарнинг энг замонавий ва кўркам биноларидан бири.

Ўзаро иқтисодий ва савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантириш ишлари доирасида Қирғизистонда Қирғизистон-Ўзбекистон фонди очилиб, маҳаллий ишбилармонларга енгиллаштирилган миллионлаб доллар миқдорида кредитлар берилиб, уларга ривожланиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Яқин йилларда бу ерда икки давлат иштирокида қатор корхоналар қурилиши режалаштирилган ва амалга оширилмоқда.

Адабиёт соҳасидаги ишлар ҳам Ўзбекистоннинг қўшнилар билан ўзаро ҳурмат ва самимий дўстликка асосланган, ўзаро фойдали бўлган алоқаларни ривожлантириш борасидаги баёнотлар қуруқ гап эмаслигини исботлаб келмоқда.

Фақат ўтган йили “Турк адабиёти дурдоналари” лойиҳаси асосида 100 томлик асарлар нашр қилиниб, бу ноёб тўпламда қирғиз адабиётининг сара намуналарига 9 том ажратилди ва чоп этилди. Буюк адиб Чингиз Айтматовнинг 95-йиллигига атаб унинг асарлари 10 томда нашрга тайёрланди. Умуман қирғиз адиблари асарларини ўзбек тилига ўгириш ишлари яхши йўлга қўйилган.

Умид қиламизки, бу амалий ва самимий қадамлар қўшни давлатлар, жумладан, Қирғизистон раҳбарларини ҳам илҳомлантириб, янги-янги ташаббусларга чорлайди. Молиявий ва иқтисодий имкониятлар тенг бўлмасада, истак бор жойда турли-туман ишларни амалга ошириш мумкин. Бу билан боғлиқ ғоя ва лойиҳаларнинг эса чегараси йўқ ҳисоби.

Шу ўринда жоиз бўлса, Қирғизистон ҳудудидаги ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг аҳволи ҳақида қисқа гап. Афсуски, уларда бугун қувончли янгилик эмас, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўпроқ. Энг асосийларидан бири – ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сонининг тобора қисқариб бораётгани.

Қирғизистон таълим ва фан вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, бугун мамлакатдаги 663 ўқув муассасасида таълим икки тилда, 1 минг 415 мактабда қирғиз тилида, 258 тасида рус тилида, 26 мактабда ўзбек тилида ва 3 мактабда тожик тилида олиб борилади. Ваҳоланки, мамлакат мустақилликка эришган йилларда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони 300дан ортиқ эди. Бу қисқартириш анъанаси давомий тус олган.

Жумладан, Ўш шаҳрида авваллари 26 нафар ўзбек мактаби бор эди. Хозирги кунда тўлиқ ўзбек тилида ўқитиладиган биттагина мактаб қолган. Амир Темур шаҳарчасидаги бир қаватли бинода жойлашган бу 44-ўрта мактабда бўлгани 200 дан ортиқ ўқувчи ўқийди. Қолган 25 мактабнинг айримларида тўлиқ рус тилида ўқитилса, кўпчилиги аралаш мактабларга айлантирилган.

Туркманистонда нима гап?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 февралда буюк туркман шоири ва мутафаккири Маҳтумқули Фироғий таваллудининг 300-йиллигини Ўзбекистонда кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор Туркманистонда жуда ижобий қабул қилинди, албатта. Туркман зиёлилари икки давлат ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари тарихидаги ушбу даврда Маҳтумқулининг ўлмас бадиий мероси борасидаги Ўзбекистон президентининг қарорини олқишлаганлар.

Шу вақтнинг ўзида, “Озодлик” радиосининг туркман хизмати тарқатган маълумотга кўра,

мамлакатда яшайдиган маҳаллий ўзбеклар, “нега туркман ҳукумати ўзбек маданиятига худди шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатмайди”, деган саволларни беришган.

Айрим туркман ўзбекларининг фикрича, Ўзбекистонда яшайдиган этник туркманлар мамлакат фуқароси ва туркман маданияти вакили сифатида ҳурмат қилинади. Ҳақ-ҳуқуқлари сақланади. Бироқ Туркманистонда ундай эмас.

“Бу ерда ўзбек маданияти ҳақида умуман гапирилмайди. Мамлакатда ўзбек деган қатлам борлигини унутишни ва унуттиришни истайдилар. Ўзбек миллатига мансуб аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ҳам ўз она тилида таълим олишга рухсат йўқ», – дейди “Озодлик”нинг номи аталмаган суҳбатдоши.

Бугунги кунда туркманистонлик ўзбекларнинг оммавий турда Ўзбекистонга кўчиб ўтишга интилаётганлари бунинг далили бўла олади.

Маълумки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, биринчи галда қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилишини, яхши қўшничилик алоқаларини тиклаб, ривожлантиришга бел боғлаганини маълум қилган. Ўшандан буён ўтган йиллар давомида у ўз сўзига содиқ, самимий раҳбар эканини кўрсатиб келмоқда.

Албатта, бугунги глобал муаммолар таъсирида ва минтақа давлатлари муносабатлари билан боғлиқ чигал ўтмиш натижасида йиғилиб қолган муаммоларни бирданига ҳал қилиш осон эмас. Лекин бу йўлда дадил ва амалий қадамлар ташлаш учун барча шарт-шароитлар етилиб бўлганини вақт кўрсатмоқда. Бўлгани, минтақа давлатлари раҳбарларига чинакам, дўстона самимият ва сиёсий эрк керак, холос.

Биз ана шундай эркнинг мавжудлигига умид қиламиз, тез орада минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар янги бир сифат даражасига кўтарилишига ва барча давлатларнинг халқлари миллати ва динига, тил ва маданий ўзгачаликларига қарамай, тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида эркин ривожланиш йўлига тушиб кетадилар деб, ишонамиз.

Ахир айтадиларку, “Кенгга кенг дунё, торга тор дунё”, деб…

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг