Ана холос! Шарқ дарвозаси дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳрига айланди

Ўзбекистон пойтахти қаторасига икки кун ушбу нохуш рейтингда пешқадамликни ушлаб турибди.

Ўзбекистон пойтахти, бир вақтлар “Нон шаҳри”, “Шарқ дарвозаси” номлари билан машҳур бўлиб, дунёнинг турли бурчакларида яшаган миллионлаб одамларни ўзига жалб қилиб келган Тошкент 22 февраль куни яна бир бор жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида биринчиликни эгаллади.

Жаҳоннинг турли минтақаларида ҳавонинг тозалигини кузатиб борувчи IQAir порталидаги маълумотга қараганда, Тошкент ҳавосида зарарли майда PM2.5 дисперс зарраларининг концентрацияси 99,5 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган меъёрдан қарийб 20 баробар кўп.

Ушбу рейтингда Тошкентдан кейинги иккинчи ва учинчи ўринларда Ҳиндистоннинг Деҳли ҳамда Покистоннинг Лаҳор шаҳарлари бораётгани қайд этилган. Шу куни Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон пойтахти Остона 9-ўринни, Қирғизистон пойтахти Бишкек 19-ўринни эгаллади. Ҳолбуки Бишкек охирги йилларда сурункали равишда бу рейтингнинг энг юқори поғоналарини эгаллаб келарди.

Тошкентнинг бир кун аввал, 21 февраль куни ҳам ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда биринчи ўринга чиққани қайд этилган. Бунга қадар ҳам Шарқ дарвозаси ушбу рейтинг пешқадамларидан бири сифатида бир неча бор тилга олинган.

Бугунги кунда Тошкент кўчаларида трамвай ва троллейбус каби экологияга зарари жуда минимал бўлган транспорт воситалари олиб ташланиб, уларнинг ўрнини қатор-қатор машиналар эгаллагани ҳам вазиятга жиддий салбий таъсир кўрсата бошлагани маълум. Расмийлар бир неча бор трамвайларни шаҳар кўчаларига қайтариш ҳақида айтишган, лекин масала ҳамон ҳал бўлганича йўқ.

Ўтган йилнинг охирида IQAir портали ҳавоси энг тоза шаҳарлар қаторида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳри, АҚШнинг Миннеаполис ҳамда Канаданинг Монтреаль ва Ванкувер шаҳарларини тан олган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг