Тил масаласи яна кун тартибида: Янги имтиҳон дискриминация эмас… ми?

Таълим вазири давлат тилида ўқитиладиган мактабларда билим сифати нисбатан пастлигини тан олди.

Қирғизистон парламентида яна давлат тили масаласи кун тартибига чиқди. Таълим ва фан вазири Дўғдурқуль Кендирбаева олий ўқув юртларига кираётган абитуриентлар учун мажбурий равишда қирғиз тилидан имтиҳон топшириш ҳақидаги буйруғи бўйича депутатларга тушунтириш берди.

Эслатиб ўтамиз, бу буйруқ давлат тилидан бошқа тилларда ўқитиладиган мактаб ўқувчилари ва ота-оналарида турли ташвиш ва саволлар пайдо қилган эди. Буйруққа кўра, ҳар бир абитуриент қирғиз тилидан ҳам имтиҳон топшириши керак. Агар топширмаса, унга умумреспублика синовида олган натижалари берилмайди. Яъни, абитуриент олий ўқув юртига киришдан маҳрум бўлади.

Вазирнинг даъво қилишича, бу қадамда ҳеч қандай дискриминация йўқ. Буйруққа кўра қирғиз тили бўйича имтиҳон бўлажак талабаларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун киритилади ва умумреспублика тести (УРТ) натижаларига таъсир қилмайди. Лекин кейинги йилларда аҳвол қай тариқа ўзгариши мумкинлиги ҳақида аниқлик йўқ.

Қолаверса, вазирнинг ўзи бу синовнинг тажриба сифатида киритилгани, кейинги босқичларда бу мажбурий тартибда бўлишини маълум қилди.

Аввал таълим сифатини яхшилаш керакдир?

Депутат Дастан Бекешев рус тилида ўқитиладиган мактаблардаги ўқувчиларнинг билими қирғиз тилида ўқитиладиган мактаблардагига қараганда юқорироқ эканини таъкидлади.

“Нега бундай? Чунки яхши китоблар йўқ. Қирғиз тилида [янги] маълумотлар йўқ”, деди Бекешев.

Депутат яқинда қирғиз тилида ўқитиладиган мактаблар ўқувчилари билан гаплашганини, уларнинг информатика дарсларини қандай ўқишларини сўраганини айтди. Ўқувчилар бунинг жуда қийинлигини маълум қилишган.

“Чунки бу ҳақдаги китоблар рус тилидан таржима қилинади. Интернетда эса ҳамма маълумот русча. Келинг, тан олайлик – қирғиз тилида ўқиганлар ўРТда паст балл олишади. Чунки янги китоблар русча ёки инглизча ёзилган”, – деди Дастан Бекешев.

Вазир Дўғдурқуль Кендирбаева ҳақиқатдан ҳам қирғиз мактабларида таълим даражаси пастлигини тан олди. Бунинг сабабларидан бири – таълим услуби ва дарсликлар сифати.

Бекешевнинг қирғиз тили бўйича синовдан бошқа миллат вакиллари ҳам ўтишадими, деган саволига вазир, бу йил синов абитуриентлар учун тажриба сифатида киритилиши, кейинги йилдан эса мактабларда синфдан синфга кўчиш учун ҳам қирғиз тилидан имтиҳон топшириш зарур бўлишини билдирди.

“Бу дискриминация эмас”, дея қўшимча қилди вазир.

Бироқ вазирликнинг бу буйруғи чиққанда тарқатилган хабарларда синовнинг мажбурий экани айтилган.

Муҳокама пайтида парламент раиси Нурланбек Шакиев давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши билан қирғиз тилига муносабат мутлақо ўзгариши кераклигини иддао қилди. Унинг фикрича, қирғиз тилини болалар боғчаси ва мактабдан бошлаш керак.

“35 йил ичида қирғиз тили ривожланмади. Биз буни тан олишимиз керак”, – деди у давлат тили ҳақидаги дастлабки қонуннинг 1998 йили қабул қилинганини назарда тутиб.

Парламент раиси қўшни Қозоғистонда 1-4 синфларда болалар фақат қозоқ тилида ўқитилишини мисол қилиб, Қирғизистонда ҳам шу тажрибани қўллашни таклиф қилди. У яна бир бор давлат органлари ходимлари давлат тилини сўзсиз билиши лозимлигини эслатиб ўтди.

Лекин яна бир ёш депутат Жанар Ақаев мамлакатда қирғиз тилида гапириш русум бўлиб қолганини айтди. Унинг айтишича, 14 йил аввал у биринчи бор Бишкекка келганда аҳолининг асосий қисми рус тилида гапирарди.

“Ўшанда шаҳар аҳолиси руслашиб кетан эди. Энди ёшлар ҳам, катта ёшдагилар ҳам қирғиз тилида гапиришяпти”, – деди у. – “Бу борада биз ортга кетганимиз йўқ, давлат тилига талаб кучайди”.

Ёқимсиз рақамлар

Ақаев мактаблар етишмаслиги муаммосини кўтариб, пойтахт Бишкекда битта синфда 50-60 ўқувчи ўтиришини эслатди. Вазир бу масала Вазирлар маҳкамаси кун тартибида турганини иддао қилди. Унинг айтишича, бугун Қирғизистонда 2 минг 116 давлатга қарашли ва 199 хусусий мактаб бор. Республикада 752 мингдан ортиқ ўқувчи қирғиз тилида ўқитиладиган мактабларда, қолган 600 мингдан кўпроғи бошқа тилларда таълим олишади.

Вазир жумладан 663 ўқув муассасасида таълим икки тилда, 1 минг 415 мактабда қирғиз тилида, 258 тасида рус тилида, 26 мактабда ўзбек тилида ва 3 мактада тожик тилида олиб борилишини айтиб ўтди.

Мамлакат мустақилликка эришган йилларда 300дан ортиқ мактабда таълим ўзбек тилида олиб борилар эди. Энди уларнинг аксариятида болалар аралаш тилларда ёки қирғиз тилида ўқитилади. Қизиқ, бу дискриминация дейиладими, ёки унинг бошқа номи борми?

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг