Шарқ дарвозаси кенгая бошлади: Ўшдан Тошкентга самолётда учиш мумкин бўлади

Қирғизистон авиакомпанияси икки пойтахт шаҳарни Тошкент билан боғлашни режалаштирмоқда.

Қирғизистоннинг “Тез Жет” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга оширишга рухсат олди, дея хабар берди Podrobno.uz сайти. Ўзбекистон авиация агентлиги ҳам 22 феврал куни Қирғизистон авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга оширишга рухсат берилганини таъкидлади.

Номи тилга олинган компания Ўш-Тошкент-Ўш ва Бишкек-Тошкент-Бишкек йўналишларида қатновни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Парвозлар Англияда ишлаб чиқарилган Avro RJ85 ва АҚШнинг MD-83 самолётлари томонидан амалга оширилади. Уларнинг ҳар иккиси тўхтовсиз 3700 километргача уча олади ва бортига биринчиси 112, иккинчиси 172 нафар йўловчини ола олади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу икки шаҳар ўртасида тўғридан-тўғри парвоз аҳоли орасида катта талабга эга бўлади. Бунинг сабаби, икки давлат аҳолиси азалдан қуда-андачилик ва дўстона алоқалар билан боғланган. Ўзбекистонда расман 300 минг этник қирғизлар яшаса, жанубий Қирғизистонда расмий маълумотларга кўра қарийб бир миллион нафар этник ўзбеклар яшайди.

Ўзбекистоннинг туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги имкониятлари ҳам қирғизистонликларни ҳамиша ўзига чорлаб келган. Худди шунингдек охирги йилларда ўзбекистонликлар ҳам Қирғизистоннинг Иссиқкўли ҳамда сўлим тоғли минтақаларига фаол қатнай бошладилар. Бунинг учун Тошкент ва Бишкек ўртасида кунига икки марта автобус қатнови қўлга қўйилган.

Бунгача Тошкент-Иссиқкўл йўналиши бўйича мавсумий қатнов йўлга қўйилган. Тошкент ва Бишкек ўртасида эса самолётлар ҳафтасига икки марта учади. Қирғизистон томони ушбу йўналишни яна икки баробар кўпайтиришга тайёрлигини билдирган эди.

Таъкидлаш жоизки, бу ҳафта ичида хорижий авиакомпаниянинг Ўзбекистон бозорига кириши ҳақида берилган учинчи хабар. Аввалроқ Қозоғистоннинг “Қазақ Эйр” Туркистондан Самарқандга, Туркиянинг “Ажет” кмпанияси Анқарадан Тошкентга парвозларни бошлаши маълум бўлган эди.

Шунингдек, бу йил парвозлар сонини 20 фоизга ошириш режалаштирилган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 феврал куни бўлиб ўтган йиғилишда ички ва халқаро ҳаво қатновлари сони мавжуд талабни қондириш учун етарли эмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни ҳаво қатнови хизматлари учун жавобгарлик делегацияси тўғрисидаги битимнинг ратификация қилиниши ҳам ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, 2017 йилнинг июл ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон авиация соҳаси маъмурлари бунгача ўтган тўққиз йил ичида биринчи бор тўғридан-тўғри музокараларни ўтказган эдилар.

Жумладан, Тошкент ва Ўш ўртасида ҳаво қатновини очиш кераклиги ва бунинг икки мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам бериши ҳақида ўшанда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков Тошкентда ўтган учрашувда айтган эди.

Собиқ СССР даврида Тошкент “Шарқ дарвозаси” номи билан машҳур бўлиб, кўплаб Осиё давлатларига учаётган самолётлар Тошкент орқали ўтарди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг