Ортга чекиниш: HRW Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятдан хавотирда

Ташкилотнинг минтақавий директори Қирғизистондаги сиёсий жараёнларга ташвишли баҳо берди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) Қирғизистондаги аҳвол бўйича хавотирда эканини билдирди. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хю Уилямсоннинг “Х” ижтимоий тармоғида ёзишича, бунга Қирғизистондаги сиёсий жараёнлар, жумладан “Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилинаётгани ҳамда Temirov LIVE лойиҳасининг 11 нафар собиқ ва амалдаги журналистларининг ҳибсга олиниши сабаб бўлган.
Бу баёнот пайдо бўлиши кетидан Қирғизистон парламентининг ташвишли қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилгани маълум бўлди. Депутат Дастан Бекешев ўзининг Telegram каналида овоз бериш натижаларини эълон қилди. Унга кўра ҳужжатни ёқлаб 64 депутат овоз берган бўлса, бўлгани беш киши қарши овоз берган. Улар номма-ном санаб ўтилган: Чингиз Айдарбеков, Сеид Атамбаев, Дастан Бекешев, Эрулан Қоқулов ва Эльвира Сурабалдиева.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасидаги халқаро рейтингларда эгаллаган ўрни тобора пасайиб бормоқда. Масалан, 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаган. Яъни, 2022 йилдаги 72-ўриндан 2023 йилда 122-ўринга тушиб кетган.
Human Rights Watch аввалроқ Жўғўрқу Кенеш депутатларини “хорижий вакиллар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этишга чақирган. HRW баёнотида айтилишича, бу қонуннинг қабул қилиниши Қирғизистонни халқаро ҳамжамиятдан ажратиб, “халқаро шериклар билан ҳамкорлик имкониятларига жиддий путур етказади”.
Охирги пайтда мамлакат расмийларининг халқаро ташкилотларнинг бундай баёнотларига муносабати мавҳумлигича қолмоқда.
Ўзининг шов-шувли журналистик суриштирувлари билан танилган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ 11 ходими 16 январь куни ҳибсга олинган. Улар жиноят кодексининг “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш” моддалари билан айбланмоқда. Суд айбдор деб топган тақдирда улар 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Президент Садир Жапаров 19 январь куни Қирғизистонда бу борадаги вазиятга изоҳ бериб, ҳибсга олинганларни “профессионал журналист эмас”лигини айтиб, уларни “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганликда” айблаган.

Оқбура, Бишкек.
Расм инетернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг