Ўзингга эҳтиёт бўл… Хитой ширкати Қозоғистонда жосуслик қилаётгани айтилмоқда

Саноат ва хавфсизлик жосуслиги бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бирига айланган.

Хитойнинг маълумот хавфсизлигига ихтисослашган “I-Soon” компаниясининг махсус жосуслик дастури Хитойга қўшни давлатлар, жумладан Қозоғистонда турли махфий маълумотларни ўғирлаётгани ҳақида хабар тарқалди. Хабарда Хитойга қўшни давлатлар қаторида Қирғизистон ёки Ўзбекистон ҳақида айтилмаган.

Бу ҳақда хабар тарқатилган кибер-хавфсизлик ва IT технологияларга ихтисослашган қатор ОАВнинг маълумотларига кўра, номаълум шахслар “GitHub” платформасига Хитойнинг “I-Soon” компаниясига тегишли ички ҳужжатларини жойлаган. Унда айтилишича, жосуслик дастури, Қозоғистоннинг “Beeline” ва “Tele2” телекоммуникация компанияларидан ҳам махфий ҳисобланган маълумотларни ўғирлаган.

Бунга жавобан 20 феврал куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликда «маълумотларнинг қандай сизиб чиқиб кетганлиги”ни ўрганаётганини маълум қилди. Вазирлик тарқатилган хабарларнинг қанчалик тўғри экани ҳақида фикр билдирмаган.

Шу билан қаторда вазирликнинг баёнотида “тегишли ташкилотларда шахсий маълумотлар ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида режадан ташқари текширишлар ўтказилиши” айтилган.

GitHub платформасига жойлаштирилган ҳужжатларда Хитойнинг дунё бўйлаб турли ижтимоий платформалар, телекоммуникация компаниялари ва бошқа ташкилотлардан яширинча маълумот олиш мақсадида тузилган жосуслик дастурлари муҳокама қилингани айтилади. Соҳага алоқадор мутахассислар бу жосуслик амалиёти Хитой ҳукумати томонидан уюштирилганини гумон қилишмоқда.

Маълумки, саноат жосуслиги бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Дунё давлатлари бу борада айниқса Хитойдан кўп шубҳаланишади. Баъзан дунё давлатлари Хитойни саноат жосуслигида айблаб чиқишади. Уларнинг иддаоларича, Хитойни иқтисодиёти кўп жиҳатдан айнан мана шу янги технологиялар ва фан ютуқларини ривожланган давлатлардан ўғирлаш ҳисобига ривожланади.

Хитой эса ўз навбатида ўғирликда АҚШни айблаб келади. Бунга далил сифатида дунёнинг энг йирик ва шов-шувли воқеаси, Америка миллий хавфсизлик ходими Эдвард Сноуден тарқатган маълумотларни келтириш мумкин. Сноуден 2013 йили АҚШ миллий хавфсизлик хизматининг 2009 йилдан бошлаб Хитойдаги университетлар, йирик корхона ва сиёсатчилар устидан жосуслик амалиётларини юритиб келганини ошкор қилган.

Сноуден шунингдек АҚШ махсус хизматларининг дунё бўйлаб 60 мингдан ортиқроқ хакерлик ҳужумлари ўтказганини кўрсатувчи махфий ҳужжатларни ошкор қилган.

Хакерлик ва маълумот ўғирлаш билан боғлиқ катта шов-шувли воқеалардан бири сифатида АҚШнинг Россияга қўйган айбловларини келтириш мумкин. Америка расмийлари 2020 йили президентлик сайловлари пайтида Россиянинг хакерлик ҳужумлари орқали сайловни номзод Дональд Трамп фойдасига ҳал қилишга уринганини айтган. Россия бу айбловларнинг асоссиз эканини айтиб келади.

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам Хитой билан тиғиз иқтисодий алоқалар олиб боради. Ҳар икки давлат Хитойдан катта миқдорда қарз олган ва олиб келмоқда. Демак, “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”, деган мақолни унутмаслик фойдадан ҳоли бўлмайди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг