Мулки тўла мусодара қилинади: Энди Райимбек Матраимов “Матис”даям юрмайдими?

Қирғизистоннинг энг бой одамларидан бири иложсиз мамлакатдан қочиб кетгани айтилмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг Ўш вилоятидаги Қорасув туманида жойлашган 26 дона мол-мулкига тақиқ қўйди. Бу ҳақда маҳаллий давлат “Кадастр” ташкилоти раҳбари Мухамедали Мамашев “Озодлик” радиосига маълум қилди.

Хатланган объектлар орасида ҳатто Қорасувдаги энг катта ҳисобланган «Исмоил ота» масжиди ҳам бор бўлиб, уни Матраимовлар бир неча йил олдин катта тантана билан фойдаланишга топширишган эди.

Аввалроқ Райимбек Матраимовнинг Ўш шаҳридаги ҳашаматли уйи ҳамда унга тегишли JAMBY бизнес-маркази ҳам муҳрлангани хабар қилинган, лекин яқинда марказ ўз ишини давом эттираётгани маълум бўлди.

“Озодлик”, “Клооп” ҳамда Уюшган жиноятчилик ва коррупция тадқиқоти маркази (OCCRP) биргаликда 2019 йилда ўтказган суриштирув натижасида Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари, «Райим миллион» лақаби билан танилган Райимбек Матраимовнинг Хитойдан Қирғизистонга ноқонуий импортни назорат қилувчи асосий шахслардан бири бўлгани айтилган.

Журналистларнинг аниқлашича, Матраимов ва унинг шериклари Қирғизистондан камида 700 миллион доллар нақд пулни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетишган. “Райим миллион” Қирғизистон божхонасида коррупцион тизимларни ташкил этишда айбланиб, 2020-йилнинг октябрида қўлга олинган.

Судда ўз айбига иқрор бўлган Райим Матраимов бюжетга бир қисми нақд, бир қисми мулк шаклида 2 миллиард сўм (22,5 млн. АҚШ доллари атрофида) зарарни қоплаб бергач, озодликка чиққан. Суд ҳукми билан у 260 минг сўм жаримага ҳам тортилган. Лекин кўп ўтмай собиқ божхоначи яна қаттиқ танқид остига олинди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Матраимовнинг ўз ваъдаларига хилоф равишда яна аввалги ҳунарини давом эттираётганини айтиб, унинг қаттиқ жазоланишини маълум қилган.

“Энди мамлакатда Матраимовларнинг, Кўлбаевларнинг мафияси бўлмайди. Ҳамма қонун асосида яшайди. Агар Матраимов Қирғизистонда яшагиси келса, “Матис” машинасида юрсин”, деган эди Ташиев ўзининг чиқишларидан бирида.

Кейинроқ, жорий йилнинг 26-январида Қамчибек Ташиев Қорасув туманида ўтган йиғилишда Райимбек Матраимовнинг 80 млн. долларлик мол-мулки мусодара қилинганини айтган. Яъни, Матраимовнинг Бишкек ва Ўш шаҳарларида қурилган турар-жой мажмуалари, божхона терминаллари ва спорт клублари давлат ҳисобига ўтказилган.

Бу орада Райимбек Матраимовнинг аввал Туркияга, у ердан эса Дубайга чиқиб кетгани ҳақида хабар тарқалган. Kaktus.media нашри тарқатган маълумотга кўра, Матраимов давлат бюжетига бир неча юз миллион сўм қайтаришга ваъда берган, бироқ ваъдасида турмасдан мамлакатдан чиқиб кетган.

Райимбек Матраимовнинг бир туғишган акаси Искендер Матраимов Қирғизистон парламенти депутати. У укасига қўйилган айбловларнинг асоссиз эканини айтиб келади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг