“Мэрия ёки кадастр бўлимига бориб яшаймиз…” Йигирма йилга чўзилган можаро
Ер талашида Ўш шаҳар мэрияси ва 200 кишилик аҳолининг битта тадбиркорга кучлари етмаяпти.
Ўш шаҳридаги Тешиктош аҳоли пункти ҳудудида яшаган аҳолининг уйларини хусусий тадбиркор бузиб, ерларини тортиб олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда яшовчилар матбуот анжумани ўтказиб, жамоатчиликка мурожаат қилишди.
Қонун ва ҳокимият қаерда?
Улардан бири Мамира Абдуллаева. У 17 ёшида ана шу жойга, Ленин кўчасидаги хонадонлардан бирига келин бўлиб тушган. Ушбу уйда 25 йилдан буён истиқомат қилади. Уйининг “қизил китоби” (уйга тўла эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати. – таҳр.) бўлгани билан 4 йилдан буён маҳаллий тадбиркор билан судлашиб, уйсиз қолишидан ҳавотирланиб яшаб келмоқда.
Унинг яшаётган уйини ноқонуний деб, тадбиркор Нурқул Ширдақов исмли шахс судга берган. Ширдақовнинг аризаси Олий судгача етиб, унинг талаби бажарилган. Мамира Абдуллаеванинг қўлидаги хусусий мулкка эгалигини тасдиқловчи ҳужжатини суд йўққа чиқарган.
“Ўғил уйлаб, қиз чиқараман деб уйларимни таъмирлатган эдим. Энди тақдиримиз қандай бўлади, билмайман. Шунинг учун катталарга мурожаат қиляпман. Бормаган жойимиз қолмади. Судлардан ҳақиқат изласак, улар ҳам масалани бойлар томонга ҳал қилиб беряпти. Форма №4 ҳужжатларимизни кадастрдан бизнинг номимизга чиқариб берганди. Бир муддат вақт ўтганидан кейин борсак, уй жойлашган еримизни хусусий тадбиркор номига ўтказиб қўйибди. Энди ё мэрияга, ёки кадастрга бориб яшаймиз. Бошқа яшайдиган еримиз йўқда”, – дейди Мамира Абдуллаева.
Олий суд нега тадбиркор тарафда?
Нурқул Ширдақов умумий ҳисобда 34 нафар фуқаронинг оиласи истиқомат қилаётган уйларни бўшатиб қўйишларини талаб қилиб, судга мурожаат қилган. Улардан саккиз нафарининг “қизил китоби” йўққа чиқарилиб, ер участкаси Ширдақовнинг номига қайд қилинган.
Аҳолининг ҳавотирланиши бежиз эмас. Чунки, бунгача ўша саккизта уйдан иккитаси суд қарори билан буздирилган. Қолган 6 уй бўйича суд жараёни давом этмоқда. Бу кўчанинг яшовчилари ҳақиқат излаб, жамоатчиликка мурожаат қилишга мажбур бўлишди.
Даъвони кўриб чиқаётган Ўш шаҳар судининг судьяси Данияр Ўскўнов даъвогарнинг шикояти асосли бўлиб, керакли далиллар бўлгани учун масала у томонга ҳал бўлганини айтди. Судьянинг ўзи иш тўлиқ ёпилмагани учун маълумот беришдан бош тортди.
Адвокат Гулғақи Мамасалиеванинг сўзларига кўра, хусусий тадбиркор Тешиктош ҳудудидаги фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича 2019-йили судга мурожаат қилган. У ўзига 1998-йили маҳаллий ҳукумат, фуқаролар яшаган ерда универмаг қуриш учун 2,4 га ерни вақтинча фойдаланиш учун ажратиб берганини билдирган.
“Хусусий тадбиркор маҳаллий ҳукуматга мурожаат қилган экан. Универмаг қуриш учун ер торлик қилишини, лойиҳа талабларига жавоб бермаслигини айтган. Қўшимча ер беринглар, деганда маҳаллий ҳукумат бунгача аҳоли фойдасига чиқарилган қарорларни ўрганиб чиқмасдан туриб, 2,4 гектар ер бўйича хусусий тадбиркор фойдасига қарор чиқариб берган”, – дейди Гулғақи Мамасалиева.
Ўш шаҳар мэриясининг муниципал мулк бошқармаси ҳуқуқшуноси Қадирақун Жўлдўшбаевнинг таъкидлашича, фуқаролар ана шу 234-қарорни йўққа чиқариш ҳаракатида. Хусусий тадбиркор универмаг қуриш учун олган ери ҳақидаги ушбу қарор маҳаллий ҳукумат назоратидан четда қолиб кетган.
“Бугунги кунда Ширдақов мазкур ҳудудга бозор қуриб олган. Унга 234-қарор асосида ердан фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Лекин бу ер хусусий мулк дегани эмас”, – дейди Қадирақун Жўлдўшбаев.
“Кадастр” ташкилоти Ўш филиалининг мутахассиси Қубаничбек Ахмедовнинг маълумоти бўйича хусусий тадбиркор фойдасига чиқарилган 234-қарор, янги қонун бўйича 10 йилдан ўтгандан кейин кўриб чиқилмаслигини билдирди. Аммо тадбиркор ҳамон талаш ерни хусусийлаштириш ҳаракатида юрганини таъкидлади.
Хусусий тадбиркор Ширдақов билан боғланишнинг имкони бўлмади. Агар маълумот бермоқчи бўлса, унинг даъволарини ҳам эшитишга тайёрмиз.
Бунгача ОАВларга берган маълумотида Нурқул Ширдақов музкур ерларга нисбатан “қизил китоби” йўқлигини, аммо “кўк китоб” олганини айтган. Шу асосда Олий суд 2,4 гектар ер унинг хусусий мулки эканини тан олгании иддао қилади. Қонунга кўра эса, “қизил китоб” эгалик ҳуқуқини тўла тасдиқловчи ҳужжат.
Яшовчилар ўтроқлашган ернинг умумий майдони 2 гектардан кўп бўлиб, бу ерда 30дан ортиқ хонадон бор. Бу хонадонларда 200 га яқин одам яшайди.
Ер низоси тарихи
Давлат мулк жамғармаси 1998 йилда Тешиктошдаги қурилиши битмаган универсал дўкон биносини сотувга қўйган. Бино 6500 квадрат метр майдонни эгаллаган бўлиб, қурилиши 12 фоизга битган эди. Ким ошди савдосида хусусий тадбиркор Нурқул Ширдақов ёлғиз иштирок этиб, ғолиб деб топилган ва 360 минг сўмга универмаг ўрнини қурилиши билан бирга сотиб олган.
Ўша йили у объектга расмий эгалик гувоҳномасини (“қизил китоб”) олган. Бироқ Ўш шаҳар мэрияси берган маълумот бундан жиддий фарқ қилади. Муниципалитет маълумотларига кўра, 1999 йилда Ширдақов ўша пайтдаги Ўш шаҳар давлат маъмурияти (ҳозирги мэрия)дан универмаг атрофидаги 2 гектар 40 сотих ерни вақтинча фойдаланишга беришни сўраган. Чунки маҳаллий ҳокимиятнинг келгусида бу ҳудудда ёпиқ бозор қуриш режаси бор эди.
Ернинг вақтинчалик фойдаланишга берилиши эвазига тадбиркор универмаг биносини Ўшнинг 3000 йиллик юбилейига фойдаланишга топшириш вазифасини ўз зиммасига олади. Бу ҳақда 1999 йил апрел ойида шаҳар ҳокимияти қарор чиқариб берган. Лекин тадбиркор бу қарорни бажармаган.
Уйлари бузиладиган қирққа яқин фуқаронинг уйи ҳам ушбу 2 гектар 40 сотих майдонда жойлашган. Улар ота-боболаридан буён шу ҳудудда яшаб келишган, уйларининг “қизил китоби” бўлган. Кейинчалик, 2010 йилдаги мудҳиш воқеалар пайтида бу уйлар ҳужжатлари билан бутунлай ёниб кетган. Кейинроқ уйларнинг ҳужжатлари қайта тикланган.
Масаланинг моҳияти ойдай равшан бўлиб кўрингани билан негадир суд органлари тадбиркорнинг тарафини олишмоқда. Бу чинданам тадбиркорнинг ҳуқуқини қонуний ҳимоя қилишми, ёки бу ерда бошқа масала ҳам борми? Нега давлат томонидан берилган қонуний ҳужжати бўла туриб, 200 одам кўчада қолиши керак?
Воқеалар давомини кузатиб борамиз ва албатта сизларни хабардор қилиб турамиз.
Оқбура, Ўш.
Расм интернетдан олинди