Ўзбекистон: Диний блогер Аброр Мухтор Алий ўн беш суткага қамалди
Бунга Тошкент шаҳри туман ҳокимликларидан бири олдидаги жанжали сабаб бўлгани айтилмоқда.
Ўзбекистонда ўзини Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан теолог, журналист деб таништирувчи, 700 минг кишидан ортиқ обуначига эга бўлган ютуб канали муаллифи, кўпинча муросасиз чиқишлари билан танилган диний блогер Аброр Абдуазимов 6 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани суди қарори билан 15 суткага қамоққа олинди. Бу ҳақда нашрлар 8 феврал куни хабар беришди.
Блогер билан ва унинг шериги қамалгани айтилмоқда.
Ўзбекистон нашрлари тарқатган хабарларга кўра, қамалганлар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг икки: “Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик” ва “Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш” моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилган.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг “QALAMPIR.UZ” нашрига маълум қилишича, жорий йилнинг 6 февраль куни Аброр Мухтор Алий Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига ўз иши билан борган. У ерда фуқаро Х.Н. “билан жанжаллашиб, жаҳл устида бақир-чақир қилишган”. Вазиятга аралашган ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, милиция ходимларига нисбатан “сохта уйдирмаларни тарқатган”.
Ўша куннинг ўзида бўлиб ўтган суд мажлисида иккала судланувчи ҳам айбига иқрор эканини билдирган.
Суд қарорига кўра, жанжалкашларнинг ҳар иккаласи 15 сутка қамоқда ўтиришдан ташқари ҳар бири 340 минг сўм (27 АҚШ доллари атрофида) миқдоридаги жаримага тортилган. Суд оилавий шароитларини инобатга олиб, судланувчиларни қамоқда сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлардан озод қилгани айтилади.
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг собиқ ходими, 47 ёшдаги блогер Аброр Абдуазимов ижтимоий тармоқларда ўзининг зиддиятли чиқишлари билан маълум. Ғоявий рақиблари ёки фикри айрича бўлган блогерлар ва фуқаролар билан қаттиқ айтишиб туради. Ўтган йилнинг февралида 36 ёшли тошкентлик журналист, блогер ва мусиқачи Никита Макаренкога туҳмат қилганликда айбланиб, суд қарори билан 500 долларга яқин жаримага тортилган.
“Озодлик” Мухтор Алийнинг бунгача 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ўтган йил охирида озодликка чиққан блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан тортишувдан сўнг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинганини, 2022 йил январида эса 3 йилга озодлиги чекланган бошқа блогер, Миразиз Бозоровнинг ишига ҳам алоқаси борлигини айтади.
Оқбура, Тошкент.
Расм интернетдан олинди