Буюк сиймолар: Навоий ва Бобур – миллатлараро дўстлик ва маданият элчилари

Қирғизистоннинг жанубий пойтахтида икки буюк адиб ва давлат арбоблари хотираси эъзозланмоқда.

Бугун, 8-февралда Ўш Давлат университетининг асосий биносида “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур – миллатлараро дўстлик ва маданият элчилари” мавзусида адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди. Маълумки, шу кунларда туркий халқлар ушбу икки адибнинг таваллуд кунларини нишонламоқдалар.

Кечани Ўзбекистон-Қирғизистон республикалари ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ва Ўш давлат университетининг 85 йиллигига қарата Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ўш давлат университетининг қирғиз филологияси ва журналистика факультети қошидаги “Ўзбек тили ва маданияти” маркази ҳамкорликда уюштиришди.

Кечани очган Ўш давлат университети ректори, профессор Қудайберди Қўжўбеков тадбирга ташрифлари Ўзбекистондан келган бир қатор расмийларга ва кеча қатнашувчиларга ўз миннатдорчилиги билдирди.

“Туркий халқлар барчаси бирдек фахрланадиган икки буюк шоирни эслаб, дўстлигимиз ришталарини янада маҳкамроқ боғлашимиз айни муддао”, – деди Қўжўбеков. – “Шундай буюк аждодларимизга яраша авлодларни тарбиялаш бугунги кунимизда таълим тизимининг энг асосий вазифаларидан биридир. Уларнинг шеърларини ўқиш, ўрганиш, бугунгидек тадбирларни тез-тез ўтказиш яхши натижалар беришига умид қиламиз”.

Ундан кейин меҳмонларга сўз берилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консули Зафарбек Аҳмедов мезбоннинг сўзларини маъқуллар экан, бугунги кундан мамнунлигини билдирди.

“Асрлар оша авлодларини ҳануз дўстликка, бирдамликка ундаётган буюк инсонларга қанча таъзим қилсак оз”, – деди у.

Адабиётшунос олим, Чингиз Айтматов халқаро академиясининг академиги, Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов икки халқ дўстлиги ҳақида гапираркан, “яхши қўшни ёмон кунда билинишини эслатди.

“Куни кеча Қирғизистон пойтахти Бишкекда иссиқлик электр марказидаги авария туфайли одамлар совуқда қолди. Кўп давлатлар қандай ёрдам керак, деб сўраётган бир пайтда, ўзбекистонликлар сўрамай туриб, тезлик билан ёрдамларини юборишди. Яхши қўшни шундоқ бўлади”, – деди Исомиддинов.

Шунингдек у Алишер Навоийнинг 580-йиллик юбилейи муносабати билан уч йил аввал Ўзбекистонда “Алишер Навоий” мукофотини таъсис қилинганини ва барча туркий давлатлар бу мукофотга лойиқ деб ўз ватандошлари орасидан энг муносибларининг номзодларини кўрсатганини эътироф қилди. Ўшанда Ўзбекистон бу нуфузли мукофотга Чингиз Айтматовни муносиб деб топган эди.

“Айримлар ҳайрон бўлиб, бу мукофотни биз тирик инсонларга берар эдик, деган эътирозга қарата ўзбекистонликлар, Айтматов биз учун ҳамиша тирик, у ўлмас асарлари билан ҳануз халқларимизга хизмат кўрсатиб келмоқда, деб жавоб қилишди. Бу ҳам бўлса, қўшни давлатлар орасидаги дўстликнинг, ўзаро ҳурматнинг белгисидир”, – деди Исомиддинов.

Қирғиз адабиёти кафедраси бошчиси, доцент Абдимиталип Мурзақметов “Алишер Навоий ва Бобурнинг қирғиз адабиётидаги ўрни” ҳақида илмий маъруза ўқиди. Маърузада “Бобурнома” асарида тилга олинган ўсимликларга алоҳида урғу берди.

“Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қозоқ адабиётидаги ўрни” ҳақидаги маърузани “Қозоқ тили ва маданияти” маркази директори Найманбай Айнур Рахимберди қизи ўқиди.

Шунингдек тадбирда Навоий ғазаллари ва рубоийларидан намуналарни саноат-педагогика коллежи талабалари тилида жаранглаган бўлса, Бобур ғазал ва рубоийларидан намуналарни қирғиз филологияси ва журналистика факультети талабалари ифодали ўқишди.

Меҳмонлар Алишер Навоий ғазали билан айтиладиган “Муножот” қўшиғини Бобур номидаги давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг мақом ансамбли ижросида тинглашди.

Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларига бағишланган асосий тантаналар Ўшда эртага, 9 феврал куни Навоий номли истироҳат боғи ва Бобур номли театрда бўлиб ўтади. Кириш бепул.

Оқбура, Бишкек.

Расм ва видео муаллифники

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг