Чўзилиб кетган Умра: Бир гуруҳ ўзбекистонликлар Маккадан уйларига қайта олмаяптилар
Ўзбекистон расмийлари вазиятни изга солиш учун тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилишди.
Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Умра зиёратига борган бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг ватанига қайта олмаётгани тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади. Бундай хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Лекин на ижтимоий тармоқларда, на консуллик хабарида зиёратчиларнинг сони ва бу ҳолатнинг аниқ сабаблари айтилмаган.
Ҳозирча маълум бўлгани, Умра сафари хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилган. Вазиятнинг сабаблари ҳақида консуллик умумий тарзда “мазкур ҳолат авиақатновларни амалга оширишдаги техник носозликлар, шунингдек, туристик компанияларнинг бу каби сафарларни ташкил этишда зарурий малака ва тажрибага эга эмаслиги туфайли юзага келган”, – дея баёнот берган.
Расман билдирилишича, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги тегишли идоралар билан биргаликда зиёратчиларни қайтариш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Жумладан, қўшимча рейслар жадвали тузилгани айтилмоқда. Консулхона ҳозирда зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилган, қолганлари ҳам яқин фурсатларда уйларига етказилишини маълум қилди.
Сўнгги пайтларда бу каби ҳолатлар ҳақида маълумотлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Бу хусусда Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот бериб, ушбу сафарларнинг хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилганини маълум қилди.
Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 2023 йил 8 августда махсус қарор қабул қилиб, унга асосан Ўзбекистонда 2023 йил 1 ноябрдан маҳаллий туроператорларга муайян талаб ва шартлар қўйилган эди. Жумладан, Умра хизматларини кўрсатмоқчи бўлган туроператорлар қўшимча лицензия олиш учун 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши лозим. Афтидан бу талаб юқоридаги вазиятда бажарилмаган.
Бунгача Туризм қўмитаси лицензиясиз Умра зиёратларини ташкил этиш билан шуғулланаётган 23 та тадбиркорга камчиликларни бартараф этиш бўйича муддатлар белгиланиб, кўрсатмалар берилганини маҳъум қилган эди. Олти туристик ширкатнинг лицензиялари Тошкент шаҳар Туризм бошқармасининг қарори билан 10 кун муддатга тўхтатилган.
Шунингдек Туризм қўмитаси фуқароларни Умра зиёратига боришда фақат махсус лицензияга эга бўлган туроператорлар хизматидан фойдаланиш лозимлиги ҳақида огоҳлантириб келади.
Расмий қарорларга кўра, 2017 йилдан тортиб, Ўзбекистондан 7000дан ортиқ кишига Ҳаж сафарига, 10 минг ўзбекистонлик Умра зиёрати учун квоталар берилган. Ҳаж квотаси ҳар йили Саудия Арабистони билан келишган ҳолда ўзгариб туради.
Бугунги кунда Умра хизматлари нархи бир киши учун 16 миллион 600 минг сўмдан (1300 АҚШ доллари атрофида) иборат.
Оқбура, Тошкент.
Расм ин ернетдан олинди