Дўст кулфатда билинади: Қирғизистонга қўшни давлатлардан ёрдамлар келмоқда

Мамлакат пойтахтидаги иссиқлик электр марказидаги авария туфайли минглаб одамлар совуқда қолди.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги Иссиқлик электр марказидаги (ИЭМ) портлаш муносабати билан қўшни давлатлар инсонпарварлик ёрдамларини юбормоқда.

Биринчилардан бўлиб Туркманистон Қирғизистонга ёрдам сифатида икки тонна суюлтирилган газ юборди. “Олтин Асир” миллий нашри сайтидаги маълумотда бу энергетика соҳасидаги фавқулодда вазият билан боғлиқ инсонпарварлик ёрдами эканлиги айтилган.

Шундан сўнг, шанба куни Ўзбекистон ҳам Қирғизистонга ёрдам сифатида суюлтирилган газ баллонларини жўнатди. Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев билан унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Бахтиёр Саидов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Ўзбекистон томони Бишкек иссиқлик электр станциясида юз берган авария муносабати билан Қирғизистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

“Жумладан, Ўзбекистон ёрдам сифатида Андижондан Ўш шаҳрига суюлтирилган газ баллонлари жўнатилишини эълон қилди. Ўз навбатида, Қирғизистон ТИВ раҳбари Жээнбек Қулубаев биродарларча инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга тайёр экани учун самимий миннатдорлик билдирди”, – дейилади хабарда.

Бундан ташқари Жалолобод вилоятидаги Бекобод чегара пости орқали ҳам 9 та юк ташувчи машиналарда 1000та суюлтирилган газ баллонлари олиб келинди ва у ердан Бишкек шаҳрига юборилди.

Ўз навбатида Қозоғистон ҳам Қирғизистонга инсонийлик ёрдами жўнатишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев билан Қирғизистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари юзасидан телефон орқали мулоқоти чоғида айтди.

Аввал хабар берганимиздек, 2 феврал куни тунда Бишкек иссиқлик марказида авария юз берди. Портлашга нима сабаб бўлганлиги ҳозирча номаълум. Беш киши жабрланган, улардан уч нафари касалхонага ётқизилган, улардан оғир аҳволдаги икки ишчи даволаш учун Туркияга жўнатилди. Икки нафари амбулатор даволанишда.

Пойтахтдаги мактаб ва боғчалар онлайн таълимга ўтди. Президент вазиятни шахсий назоратида ушлаб турибди. Мингга яқин мутахассис иссиқлик марказини тўлиқ тиклаш устида ишламоқда. Ҳукумат қошидаги ОАВ штабининг хабар беришича, 4 февраль куни 15 та қозонхонадан саккизтаси ишга туширилган, аксарият уйларга иссиқлик ва иссиқ сув етказиб берила бошлади.

Қирғизистондаги энг йирик иссиқлик маркази 1960-йилларда қурилган. У шаҳардаги биноларнинг қарийиб 60 фоизини иссиқлик ва электр қуввати билан таъминлайди.

2018-йил 26-январ куни ҳам қаттиқ совуқда ИЭМда йирик авария юз берган ва Бишкек аҳолиси бир неча кун иссиқликсиз қолиб кетган.

2017-йилда Хитойнинг аввалги ҳукумат давридаги Эксимбанкидан корхонани таъмирлаш учун олинган 386 миллион долларлик кредитнинг бир қисмини амалдорлар зимдан чўнтакка уришгани ошкор бўлган. Жиноят иши қўзғатилиб, бир қанча мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Бишкек прокуратураси бу сафар ҳам иссиқлик электр марказидаги авария юзасидан жиноий иш очди. Тергов Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топширилди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг