Қирғизистон: Чақимчига мукофотми ёки йўлларда тартиб ўрнатиш амалими?

Қоидабузарлар ҳақида хабар қилганлар жарима пулидан мукофот олишлари мумкин бўлади.

Агар сиз Қирғизистонда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилганини кўрсатувчи фотосурат ва видеоларни тегишли маҳкамага юборсангиз, қоида бузувчига солинган жариманинг 25 фоизи сизники бўлади. Бу ҳақда парламентда янги қонун лойиҳаси таклиф қилинди.

Маълумки, Қирғизистон йўл ҳаракати қоидалари энг кўп бузиладиган давлатлар сирасига киради. Афсуски, бунинг натижасида йилига юзлаб умрлар ҳазон бўляпти. Бунинг олдини олиш мақсадида қоидани бузган ҳайдовчиларга қарши курашишга ёрдам берганларга маош тўлаш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, ҳар бир фуқаро йўл ҳаракати қоидаларининг бузганлигини кўрсатувчи фотосурат ёки видеони йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборса, унга (жисмоний шахсга) жариманинг 25 фоизи тўланади. Юридик шахсларга эса, солинган жариманинг 50% берилади.

Агар қонун кучга кирса, пойтахтда яшовчи одамлар яхшигина пул ишлаб олишлари мумкин. Чунки Бишкек кўчаларининг ҳатто камера жойлашган қисмларида ҳам кўплаб қоида бузишлар бўлиб туради. Мисол учун, йўловчини ўтказиб юбормаганлик учун қонунда 3000 сўм (90 АҚШ доллари) жарима қаралган. Бунинг 25 фоизи 750 сўмни (8,5 доллар атрофида) ташкил қилади.

Муҳими, кўчаларда тартиб ўрнатилишидан ҳамма фойда олади.

Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилади ва жаримадан олинадиган фоиз автоматик тарзда ҳисобланадиган бўлади. Албатта, қоида бузилгани мутахассислар томонидан тасдиқланиши керак.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди. Ташаббусчи – депутат Марлен Маматалиев. Ушбу чора “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида, ҳайдовчиларни камерасиз йўлларда тартиб-интизомга солиш учун мўлжалланган.

Бу таклиф ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кимлардир бу лойиҳани “стукач” (жиноят оламида чақимчи, кечирилмайдиган энг паст амал ҳисобланади. – таҳр.) сотқинга мукофот бериш, деб баҳолаган бўлса, баъзилар буни ёқламоқда.

“Одамларнинг чўнтагига қарашдан бошқа иш ҳам қилинглар, йўлларни хавфсиз қилинг, йўл чизиқларни оппоқ қилиб тортинглар”, – деб ёзган Бақтибек Қулашев исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.

“Бир томондан, бу адолатли бўлиши мумкин. Германияда ўқиганман, авваллари одамлар кўчага чиқинди ташлаб кетишаркан, кейин ҳукумат “ким ахлат ташлаган бўлса, бизга хабар беринг, мукофот берамиз”, деган. Энди [Германия кўчалари] ойнадек тоза бўлган давлатлардан бири”, – дейди Гулнара Абдужалиловна исмли бошқаси.

Сағин Алиев номли шахс ҳам ушбу лойиҳани маъқуллаб: “Буни мамлакатда тартиб ўрнатишга ёрдам бериш, деб ҳисоблаш мумкин! Бу қонун депутатлар томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин”, – деган.

«Стукач» – қамоқхона тили/жаргони. Бизнинг жамият қамоқхона қоидалари билан яшамайди!!! Агар сиз ҳуқуқий жамиятда яшашни истасангиз, қонунбузарларни жавобгарликка тортишингиз керак” каби фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилган.

Қирғизистонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси 3 йилдан буён фақат пойтахт Бишкек шаҳрида қўлланиб келинмоқда. Жанубий пойтахт ҳисобланган Ўш шаҳрига эса 2 йил аввал йўлларга видео назорати камералари ўрнатилгани билан, амалда қўлланилмай келмоқда. Бунга шаҳар кўчаларининг талаб даражасида эмаслиги айтиб келинади. Яъни, камералар қоидабузарликни аниқ қайд қилиши учун, кўчалар текис бўлиши, уларга чизилган оқ чизиқлар аниқ кўриниб туриши керак.

Бу таклиф асли янги эмас. 2021-йилда ҳам парламентда ўтган йиғилишда Жўғўрқу Кенеш депутати Дастан Бекешов йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни тасвирга олиб, тегишли органларга жўнатган фуқароларни мукофотлашни таклиф қилган эди. Бу билан у йўл ҳаракати қоидаларини назорат қилиш функциясини фуқароларга беришни таклиф қилган.

“Агар бирор киши йўл ҳаракати қоидабузарлигини камерага туширса, сиз ҳайдовчини жаримага тортасиз ва жариманинг 10 фоизи видео муаллифига берилиши мумкин. Бу ҳамма учун рағбат бўлади – ҳамма бир-бирини кузатиб боради. Бу “Хавфсиз шаҳар”дан кўра самаралироқ, деб ҳисоблайман”, – деган эди Дастан Бекешев.

Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Азамат Исраилов бундай лойиҳани амалга ошириш мумкинлигини айтган. Расмийга кўра, бу амалиёт Россияда ҳам мавжуд.

“Масалан, Татаристонда “халқ инспектори” тушунчаси бор. Бу лойиҳани кўриб чиқсак бўлади”, – деган Азамат Исраилов.

Аммо турли сабабларга кўра ўша вақтда бу ғоя амалга ошмаган. Бироқ одамлар ана шундай қоидабузарликлар тасвирланган видеоларни ижтимоий тармоқларга чиқармоқдалар. Сўнгги пайтда ана шундай видеолар асосида қоидабузарларнинг жаримага тортилиши амалда қўлланиб келмоқда.

Бугунги кунда қўшни Ўзбекистонда ҳам хусусий тадбиркорлар томонидан йўл қоидасини бузганларни радарлар орқали кузатиб, тасвирга олиш ишлари олиб борилади. Ваҳоланки, ушбу давлатда видео камералари ўрнатилган. Ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатлари назорат қилиб борилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг